Бодрингнинг кладоспориоз касаллиги ва кураш чоралари

Кладоспориоз (қўнғир доғланиш, зайтунранг моғор, калмараз) касаллигини гифомицет Cladosporium cucumerinum қўзғатади. Касаллик очиқ далаларда ва айниқса иссиқхоналарда дунёнинг барча минтақаларида учрайди, Ўзбекистонда ҳам кенг тарқалган. Кладоспориоз қовун, тарвуз ва қовоқни ҳам зарарлаши мумкин, аммо у асосан бодрингда кўп учрайди ва кучли ривожланади.
Бодрингнинг уруғбарг, чинбарг, поя, барг банди ва мевалари зарарланади.
Касалликнинг барглардаги белгилари бактериал серқирра доғланишникига ўхшайди: баргларда олдин қайноқ сувда куйганга ўхшаш, одатда думалоқ ёки чўзинчоқ, баъзан нотўғри шаклли, сариқ ҳошияли, қўнғир тус ва серқирра шакл олувчи доғлар ва яралар ривожланади. Пояда қуруқ яралар ривожланади. Зарарланган ёш тўқималар тезда қурийди. Палак бўғинлари ораси қисқа бўлиб қолади.
Бошқа органларга нисбатан бодринг мевалари кўпроқ зарарланади.
Уларнинг устида олдин қайноқ сувда куйганга ўхшаш рангсиз, кичик доғлар пайдо бўлади, улар ўсиб, ботиқ, кратер шаклли, диаметри 4-5 мм келадиган яраларга айланади. Мевалар хунук шакл олади ва ўсмай қолади.
Юқори намлик шароитида баргдаги доғ ва мевадаги яралар устида қўзғатувчининг мицелий, конидиофора ва конидияларидан ташкил топган, қорамтир-яшил (зайтун рангли) ёки оч-кулранг-зайтун тусли бахмалсимон моғор қатлами ривожланади, моғор устида эса ҳавода тез қотувчи, қўнғир тусли, елимсимон суюқлик томчилари пайдо бўлади.

Замбуруғ экин ичида конидиялари ёрдамида тарқалади. Кладоспориоз 5-30оС ҳарорат ва 32-100% намликда ўсимликни зарарлайди, аммо у об-ҳаво кескин ўзгариб турганда, кечалари салқин (16-18оС), кундузи иссиқ (28-32оС) бўлиб, юқори намлик мавжудлигида кучли ривожланади. Касалликнинг инкубацион даври ўртача 6-7 кун. Иссиқ ҳавода касаллик учраши камаяди.
Замбуруғ ўсимлик қолдиқларида мицелий ва конидиялари ҳамда уруғ устидаги конидиялари воситасида қишлайди.
Кураш чоралари. “Помидор кладоспориози” бўлимида келтирилган кураш чоралари бу касалликка қарши ҳам самарали. Чидамли навлар яратиш ва қўллаш; уруғни экишдан олдин самарали фунгицид билан дорилаш;
иссиқхона деворлари, шифти ва жиҳозларни зарарсизлантириш (“Иссиқхона экинлари касалликлари билан кураш” бобига қаранг); ўсимлик қолдиқларини даладан чиқариб, ёқиб юбориш; чуқур кузги шудгор; касалликнинг биринчи
белгилари пайдо бўлганида экинга фунгицид пуркаш тавсия қилинади;
мавжуд фунгицидлардан Бордо суюқлиги, мис оксихлориди, бензимидазоллар, цинеб ва хлороталонил кладоспориозга қарши етарли самара беради.

Шу билан бирга, бодрингнинг янги мевалари истеъмол қилинишини эсда тутган ҳолда, экинни кладоспориоз, ун-шудринг, сохта ун-шудринг, бактериозлар ва баъзи бошқа касалликлардан ҳимоя қилишда экологик тоза бўлган профилактик ва агротехник чора-тадбирларни ҳамда, ўта зарур ҳоллардагина (касаллик эпифитотик ривожланиши кутилганда), инсон учун заҳарлилиги кам ва мевада қолдиқ миқдорлари минимал миқдорда бўладиган пестицидларни (Бордо суюқлиги, купроксат ва б.) қўллаш, бу вақтда экинга калийли ўғитнинг юқори меъёрларини бериш тавсия қилинади.

Дўстларингизга ҳам улашинг!