Бодрингнинг оқ чириш касаллиги ва кураш чоралари

Оқ чиришни Sclerotinia sclerotiorum замбуруғи қўзғатади. Замбуруғ бодрингдан ташқари бошқа полиз экинлари ҳамда помидор, бақлажон, қалампир ва кўп бошқа экинларни зарарлайди.
Иссиқхоналарда бодринг очиқ даладагига нисбатан кучлироқ зарарланади. Унинг илдизи, пояси (айниқса поянинг остки қисми ва пояга шохлар бириккан жойлари), барг ва барг бандлари ҳамда мевалари зараланади. Зарарланган тўқималар юмшайди, нам бўлади, бироз шилимшиқ ва оқ, момиқ моғор билан қопланади. Вақт ўтиши билан зарарланган поя титилган шакл олади, синади ва ўсимлик нобуд бўлади. Бош поя зарарланса, ўсимлик сўлиши мумкин. Замбуруғнинг конидиялари мавжуд эмас.
Кейинчалик моғор ичида ўлчами мошдай келадиган қора склероцийлар ривожланади.
Вегетация даврида оқ чириш қўзғатувчининг мицелийсининг парчалари билан шамол, ишлов асбоб-анжомлари ва ишчиларнинг қўллари орқали тарқалади. Замбуруғ ўсимлик тўқималарига деярли барча ҳолларда механик жароҳатлар орқали киради.

Склероцийлар ўсимлик қолдиқларида ва тупроқда эркин ҳолда кўп йиллар давомида сақланиши мумкин. Қишлаган склероцийлар ёзда апотецийлар ҳосил қилиб ўсади, улардаги халтачалардан ҳавога аскоспоралар зарб билан отилади ва ўсимлик қисмларига тушиб, зарарлайди.

Иссиқхоналарда склероцийлар мицелий ҳосил қилиб ўсади ва ўсимликларнинг илдиз бўғзини контакт пайтида зарарлайди. Касаллик ривожланиши учун узоқ давом этадиган паст ҳаво ҳарорати (14-16oС), юқори нисбий намлик (95-98%) ва ёмғир қулай ҳисобланади. Иссиқхоналарда экинни совуқ сув билан суғориш, ҳаво ҳарорати бирдан 14-16oС гача пасайиб кетиши ўсимликни заиф ва замбуруғ билан
зарарланишга чидамсиз қилиб қўяди.

Кураш чоралари. Навбатдаги экин экишдан олдин иссиқхона тупроғини зарарсизлантириш ёки алмаштириш (“Иссиқхона экинлари касалликлари билан кураш” бобига қаранг);

  1. биринчи касалланган ўсимликларни дарҳол юлиб олиб, чиқариб, ёқиб юбориш; ҳарорат кескин ўзгариб туришига йўл қўймаслик, муътадил ҳарорат (21-22оС) ва намликни таъминлаш;
    иссиқхоналарни тез-тез шамоллатиш;
  2. илиқ сув билан суғориш, аммо ортиқча суғормаслик (айниқса ёзнинг иккинчи ярмида);
  3. далаларда чуқур кузги шудгор;
  4. касаллик кенг тарқалиш хавфи бўлганда экинга фунгицид
    (бензимидазоллар, ипродион, винклозолин ва б.қ.) пуркаш тавсия қилинади.

ЎГЭБИ ходимларининг чоп этилмаган хабарларига кўра, бодрингда склеротиниоз Тошкент вилояти иссиқхоналарида ҳам қайд этилган.

Дўстларингизга ҳам улашинг!