Июнь ойида токзорлардаги агротехник тадбирлар

Токзорларда аввалига ток туплари ёнидан чиққан бачки новдалар олиб ташланади. Токлар совуқдан зарарланган майдонларнинг ҳар гектарига 60кг азот, 45кг фосфор ва 15кг калий ўғитини қўшимча бериб, суғориш талаб этилади. Бунда ток қаторидан 50-60см масофада иккита суғориш ариғи очилиб, 24-30 соат давомида суғорилади.

Токзорларда оидиум (кул), антракноз ва мильдю касалликларига қарши 8-10 кун оралатиб икки марта олтингугурт (25–30кг/га меъёрда) чанглатиб чиқиш зарур.

Олтингугуртга 10 кг оҳак кукуни қўшилса, самарадорлик янада ошади. Кичик майдондаги токзорларда 10 литр сувга Вектра, Топаз, Титул (3–5 г) ёки Топсин (10 г) препаратларини ёки томорқа шароитида 50 г кир содаси эритмасини аралаштириб қўлласа ҳам бўлади.

Ток тупида асосий ва бачки новдалар қалинлашиб кетса, намлик ортишига сабаб бўлади ва замбуруғли касалликларнинг ривожланишига олиб келади. Шу боис бачки ва ортиқча новдаларни олиб ташлаш зарур.

Таъкидлаш жоизки, токзорларда ҳомток ишлари ўз вақтида ва сифатли бажарилса, касалликларнинг ривожи сусаяди.

Пировардида кимёвий ишловлар сони камайиб, самарадорлик ошади. Бунинг учун июнь ойининг иккинчи ярмида ўтказиладиган ғўра ҳомтогини ниҳоятда сифатли ўтказиш ва новдаларни кун тушадиган қилиб, тараб боғлаш керак.

Кейинги йилларда айрим фермер хўжаликларининг боғ-токзорларида девпечак (кускута) тарқалиши кузатилмоқда. Бунда ток туплари ва мева дарахтлари девпечак пояларидан тозаланиб, даладан олиб чиқиб куйдирилади ёки кўмиб ташланади.

Ариқ бўйларидаги девпечак уруғлагунга қадар йўқотиш талаб этилади. Бунда аммиак селитраси 10 л сувга 1,5 кг ёки карбамид 1 кг ҳисобида эритилиб жиққа ҳўл бўлгунча пуркалса яхши самара беради.

Манба: @agrobloger

Сайтда имловий ёки услубий хатога кўзингиз тушдими? Хато жумлани белгиланг ва CTRL+ENTER босиш орқали бизга хабар беринг.