Боғ зараркунандаларига қарши кураш усуллари

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг тармоқларидан бири боғдорчилик муҳим ҳисобланиб ,мева маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича эришилган муайян ютуқларга қарамай, сифатли экспортбоп маҳсулот етиштиришда зараркунанда, касаллик ва бегона ўтлар таъсиридан бир қанча тўсиқларга дуч келинмоқда.
Мевали боғларнинг зараркунандалари ўсимликларнинг ҳосилига, нафақат ўсув даврида, балки уларнинг тиним даврида ҳам катта зарар етказади.
Капалак ҳашаротлар (Lepidoptera) мевали дарахтлар зараркунандалари орасида ўзига хос ўрин эгаллайди. Улар катта миқдордаги турларни ифодаловчи турли оила вакиллари ҳисобланади.
Капалаклар ва бошқа мевали боғлар зараркунандаларига қарши қатор кураш
чоралари ўтказилишига қарамай, мамлакатимизда мевалардан юқори ҳосил
олиш бугунги куннинг муаммоларидан бири ҳисобланади. Маълумотларга
кўра, зарарли организмлар таъсирида меваларни ялпи ҳосилининг камайиши
ўсимликларни ҳимоя қилишнинг мавжуд технологияларида 25-30 % ни ташкил
этади [2]. Олма дарахтида озиқланиши жиҳатидан турли гуруҳ бўғимоёқли
ҳайвонлар намуналари, жумладан барг, новда, мева ва илдиз зараркунанда-
ларини учратиш мумкин. Республика ҳудудларида бундай зараркунандалар
орасида олма мевахўри, шарқ мевахўри, гирдак куяси, боғ ўргимчакканаси ва
ширалар алоҳида ўрин тутиб, улардан кўриладиган зарар ҳосилнинг кўп
қисмини ташкил этади [3, 4]. Шунинг учун ҳам бундай зараркунандаларнинг
йил давомида ривожланишини кузатиб уларга қарши самарали кураш чоралари
олиб бориш зарур.
Боғ зараркунандалари ва касалликларига қарши кураш асосан қуйидаги икки йўналишда олиб борилади:
а) Олдини олиш ёки огоҳлантириш:
мевали боғларда ҳамда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сақланадиган омборхоналарда зараркунандалар кўпайишига йўл қўймаслик;
б) Қириб ташлаш: мевали боғларга зарар келтираётган, ҳосилнинг нобуд бўлишига ҳавф солаётган зараркунандаларни йўқ қилиш. Боғ зараркунандаларига қарши агротехник, биологик, кимёвий, физик, механик усулларда курашилади ва карантин чоралари кўрилади.
Агротехник усули. Бу усул мевали боғларни уйғунлашган ҳолда ҳимоя қилишнинг асоси ҳисобланади. Агротехника усули ёрдамида зараркунандалар кўпайишининг олдини олиш, баъзан бутунлай қириб ташлаш мумкин.
Агротехника усулини муваффақиятли қўллаш йўли билан зараркунандалар учун ноқулай шароит яратиш, мевали боғларнинг яхши ўсиб ривожланиши ҳамда энтомофагларнинг кўпайиши учун эса қулай шароит вужудга келтириш мумкин.
Ўзбекистон иқлими зараркунандаларнинг ривожланиши учун жуда қулай
бўлиб, кўпгина турлар бу ерда бир неча авлод бериб ривожланади. Ширалар, ўргимчаккана, олма мевахўри, шарқ мевахўри ва бошқалар шулар жумласидандир. Зараркунандаларнинг иҳтисослашувга мос келиши ҳам уларнинг оммавий равишда кўпайишига сабаб бўлди. Мева дарахти зараркунандалари бу экинларга эрта баҳордан то кеч кузгача, яъни экинлар ҳосили йиғибтериб олгунча зарар етказиши мумкин.
Агротехника усулининг яна бир афзаллиги шундаки, маҳсулот пестицид қолдиқларисиз тоза бўлади, далаларда эса фойдали ҳашаротларнинг ривожланиши ва кўпайиши учун имконият яратилади. Агротехника усули асосан 2 йўналишда фойдалидир:
1. Соғлом дарахтлар ўз-ўзидан зараркунанда ва касалликларга чидамли бўлади ва бу усулни қўллаш орқали ҳам бу турлар учун ноқулай шароит вужудга келади;
2. Касалланган ўсимликларнинг ривожланиши ва ўз ҳолатини тиклаб олиши учун шароит яратилади.
Бундан ташқари, агротехника усулнинг интегралллашган усул чора-тадбирлари билан биргаликда амалга ошириш ҳам унинг афзалликларидан биридир. Бу усул кўпинча қўшимча сарф-харажат талаб қилмайди.

Боғдорчиликда агротехник тадбирлар қуйидагича:
1) Зараркунандалар таъсирида ва касалланиш оқибатида қуриб қолган шохаббаларни кесиб ташлаш;
2) Дарахтларга доимо шакл бериб, бутаб бориш, ёшартириш тадбирларини ўтказиш, касалланиш ва зарарланиш оқибатида тўкилган меваларни териб олиш;
3) Боғ қатор ораларига ишлов бериш;
4) Дарахт тубларини оқлаш ва алдамчи белбоғ бойлаш.
Шудгор қилиб ҳайдаш тупроқдаги зараркунандаларнинг тухум, қурт ва ғумбакларини қирилишига сабаб бўлади.
Яхоб суви берилганда ҳам маълум натижаларга эришилади.
Экиш муддатининг кечиктирилиши ёки эрта ўтказилиши ҳам баъзи бир зараркунанда ва касалликлар учун қулай вазиятни вужудга келтириши мумкин.
Азотли, фосфорли ва калийли ўғитлар, ўсимлик ширалари, цикадалар озиқланишининг вақтинчалик тўхташига сабаб бўлади.
Суғориш фойдали ва зарарли ҳашаротлар миқдорига катта таъсир кўрсатади. Шунингдек намликни хуш кўрадиган ҳашаротлар ўсимлик ширалари ва баъзи бир бошқа турларнинг ривожланиши учун шароит яратилади.
Механик усул. Бу усулга дарахтларнинг қуриган қисмларини кесиб ташлаш, дарахтларга ҳар хил тутқич мосламалар қўйиш, боғ майдонлари атрофини тоза
сақлаш ва дарахтлар пўстлоғидаги зараркунандаларни йўқотиш каби тадбирлар киради. Дарахтлар танасини оҳакли сув билан ишлаш ва ҳоказолар зараркунандалар кўпайиб кетишининг олдини олишда яхши натижа беради.
Кимёвий усул. Мевали боғларни уйғунлашган ҳимоясида зарарли организмларга қарши кимёвий моддаларни ишлатиш яхши натижа беради.
Ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш универсал усул бўлиб, уларни ҳар хил қишлоқ хўжалик экинларидаги кўпгина зараркунанда ва касалликларга ва бегона ўтларга қарши ишлатиш мумкин.
Шу билан бирга бу воситалар билан омборхоналарни ҳам ишлаш мумкин.
Биологик усул. Биологик усул бу зараркунандаларга қарши табиий кушандаларни ва уларнинг ҳаётий маҳсулотларини қўллаш демакдир.
Табиий кушандаларга йиртқич ва паразит ҳашаротлар, каналар, нематодлар; умуртқали ҳайвонлардан қурбақа, балиқ, илонлар, қушлар, яъни энтомофаглар, микроорганизмлардан, бактериялар, замбуруғлар ва вируслар киради. Табиий маҳсулотларга эса ферамон, аттрактант, репелентлар киради.
Мева дарахтлари зараркунандаларига қарши уйғунлашган кураш тизими ҳосилдорликни ошириш, экологик жиҳатда тоза маҳсулот тайёрлаш, ишлатилган кимёвий воситаларни етиштирилган маҳсулотларда қолдиқ миқдори талаб даражасида бўлишига эришишдир.
Боғ зараркунандаларига қарши самарали кураш олиб бориш учун аввало сонини ва хавфлилик даражасини ҳисобга олиш лозим. Бунинг учун ёз ва қиш даврида бир боғда камида 30 та дарахт текшириб кўрилади (диагонали бўйлаб 15 та). Бунда ҳар
бир дарахтнинг бутоқлари диққат билан кузатилиб, улардаги санчиб сўрувчи ва кемирувчи ҳашаротлар ва ўргимчакканаларнинг сони ҳисобга олинади. Олма қуртини ҳисобга олиш учун камида 10 та дарахтнинг асосий пояси кўчган пўстлоқдан тозаланиб, ёриқларга жойлашиб олган қурт ва ғумбакларнинг сони аниқланади.
Йиғиштириб олинган пўстлоқ ёқиб юборилади. Айнан шу дарахтларнинг остида, 5-10 см чуқурликда, 50 см майдонда 4 та дан тупроқ намуна олиниб, элакдан ўтказилади ва улардаги зараркунандаларнинг ғумбаги ва қурти саналади. 20-30 см узунликда кесиб
олинган навдаларда санчиб сўрувчи ҳашаротлар (ширалар, қалқондорлар ва ҳ.к.) сони саналади.
Олинган маълумотларга асосланиб, жорий йилда зараркунандаларнинг иқтисодий хавфли сони (ИХС) аниқланади ва уларга қарши кураш режаси тузилади.
Ишлаб чиқаришда ўртача ИХС (иқтисодий хавфли сони) га қараб ишлов олиб борилиши керак. Масалан, олма меваси қурт билан 2-3% зарарланганда ёки битта дарахтдан 5та қурт топилганда; битта баргда 2-5та ўргимчаккана ёки унинг тухуми
бўлганда; ўсимлик ширалари ёки битта тухуми бўлганда; 2 метрлик танада битта гирдак куя капалаги уяси бўлганда кимёвий кураш чораларини тезда амалга ошириш зарур.

Д.ОБИДЖАНОВ, М.МЎМИНОВ, Ўсимликларни ҳимоя қилиш ИТИ.

Манба: “AGRO KIMYO HIMOYA VA O‘SIMLIKLAR KARANTINI” Илмий-амалий журнал №1. 2021

Сайтда имловий ёки услубий хатога кўзингиз тушдими? Хато жумлани белгиланг ва CTRL+ENTER босиш орқали бизга хабар беринг.