Боғбон ва соҳибкорлар учун қизғин палла ёки боғ-токзорларда август ойида бажариладиган агротехник тадбирлар хусусида

 Боғларда айни пишиқчилик, ҳосилга кирган олма, нок навларининг ёзги навлари, шафтоли ва олхўри мевалари, узумнинг ёзги ҳамда кишмиш навлари тўлиқ пиша бошлади. Айрим ҳудудларда узумнинг “Ҳусайни”,“Ризамат”навлари ҳам ўз таркибигаистеъмол учун етарли даражада қанд моддасини йиғиб олмоқда.

Август ойи фермер ва боғбонлар учун жуда долзарб ҳисобланади, чунки бир томондан ёзнинг энг иссиқ даври (чилла) бўлса, иккинчи томондан ҳар хил турдаги мевалар ва ҳар хил помологик навларнинг пишиб етилиш давридир. Бу вақтда қилинадиган ишларнинг тури ҳам кўпаяди ва ҳарорат юқори бўлиши боис маҳсулот турлари ҳам кўпаяди ҳамда уларнинг бузилишига олиб келиши мумкин.

Шу кунларда боғларда ҳосилга кирган ва ҳосили етилган меваларни териб олишга киришилади. Мева истеъмолчининг талабидан келиб чиққан ҳолда техник пишиш ёки физиологик пишиш даврида терилади.

Мева узоқ жойларга юбориладиган бўлса, у техник пишиш ҳолатида узилади. Агар ички бозорга бўлса, физиологик пишиш ҳолатига яқин шароитда узилади. Мева узилгандан сўнг, албатта, сараланади ва идишларга (идиш ва транспорт турига қараб) жойланади.

Боғларнинг қатор оралари ишлов берилган ва тоза бўлиши шарт. Август ойи бошида берилган сув анча самарали бўлади. Ой давомида ҳосилли боғларни ва, айниқса, ёш боғларда тупроқнинг намлик даражасига катта аҳамият бериш зарур. Тупроқ шароити ва ўсимликнинг туридан келиб чиққан ҳолда, далани камида 2 маротаба, ёш боғларда камида 3 маротаба суғориш керак.

Ҳосилли боғларда бу даврда келаси йил учун мева куртаклари шакллана бошлайди ва тупроқда нам етишмаса, бу жараёнга салбий таъсир кўрсатади. Бу эса, ўз навбатида, келаси йил ҳосилига салбий таъсир этади. Мева куртакларини асосий шаклланиш даври август ойига тўғри келади, бу жараён кечишига ижобий шароит яратсак, у тўлиқ ва сифатли кечади ва қишга яхши тайёрлана олади ҳамда келаси йилдаги ҳосилнинг сифатли ва мўл бўлишига гаров бўлади.

Ёш ва ҳосилли боғларда июль ойида бошланган ёзги шакл бериш (обрезка) тугалланмаган бўлса, ушбу жараённи август ойининг биринчи ярмида якунлаш керак. Бу жараённи сифатли ўтказган фермер ва деҳқон хўжаликлари келаси йили эрта баҳорда ўтказиладиган шакл беришдан деярли озод бўлишади ва дарахтлар қўзгалганда, унинг ўсиш энергияси дарахтнинг барча органларига баробар тақсимланиб, бир текисда қўзғалади ва бу энергиянинг асосий қисми гуллаш ва мева шаклланишга сарф бўлади.

Ёзги шакл беришнинг аҳамияти данакли боғлар ва ёш уруғли интенсив боғларда жуда яхши самара беради.

Мева куртаклари шаклланадиган – август ойида дарахтнинг танасига ёруғлик тушиш миқдори кескин ошади ва бу куртак шаклланишига ҳамда данакли дарахтларда мева шохларининг пишиб етилишига ижобий таъсир кўрсатади.

Ёш симбағазли интенсив боғларда янги новдалар эгилиб боғланади. Бу мева куртакларининг шаклланишини жадаллаштиради. Новдани боғлашда иложи борича эркин 70-800 бурчак остида эгиб боғланади. Новдалар тўғри эгилишига аҳамият бериш зарур.

Айни кунларда боғ ва токзорларда бўлган кишининг у ердаги мева-узум ҳосилининг ғарқ пишганини кўриб, халқимиз ризқи улуғлигига яна бир бора амин бўлади. Ана шундай долзарб паллада етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмай йиғиштириб олиш боғбон ва соҳибкорлардан катта масъулият талаб қилади.

Териб олинган маҳсулотлар қуёш нури остида қолиб кетмаслиги зарур, уларни боғ ва токзор қатор ораларидан олиб чиқиб пана (салқин) ерга жойлаштириш лозим. Бу ерда уларни саралаб ва сараланган навларга қараб тез орада (истеъмолчи, қайта ишлаб чиқариш, экспорт, ва ҳ.з.) кўзда тутилган манзилига жўнатиш зарур.

Боғларда кечпишар мева навларини зараркунандалардан ҳимоя қилиш мақсадида дорилаш ишларини ўз вақтида ўтказиш зарур. Беҳи, кечпишар олма ва нок боғларида олма қуртининг учинчи авлодига ва нок ширасига қарши июль ойининг охирги беш кунлигида пуркаш ўтказилмаган бўлса, бу тадбир августнинг биринчи беш кунлигида ўтказилса самарали бўлади.

Бунинг учун кенг тарқалган қуйидаги препаратлардан бирини (Нурел-Д, БИ-58, Зиппер, Ариво 100 л. сувга 100-120 г. хисобидан ёки Циперфос 100 г., Каратэ, Децис, Суми-альфа, Шерпо – 100 л. сувга 40-50 г.) қўллаш мумкин.

Мева каналари тарқалиши кузатилса, бу препаратларга Вертемекс, Неорон, Абамиктин, Нисорон препаратларини (100 л. сувга 50-150 г.) қўшиб омухта ишчи суюқлиги билан пуркалади. Намланувчи олтингугуртнинг 1% лиги ҳам самара беради.

Беҳизорларда монилиоз касаллигидан зарарланган новдалар олдинги ойда кесилмаган бўлса, тезлик билан кесиб олиниб, боғдан чиқариб ёқиб юбориш керак.

Токзорларда қалинлашиб кетган катта шох новдаларнинг юқори қисмини қисқартириб, кесиб ташлаш, яъни чеканка қилиш ишларини бажариш керак. Темир-бетон устунларда (шпалер) ток ўстирилаётган бўлса, охирги симбағаздан 50 см. дан юқори қисми кесиб ташланади. Чеканкани айрим ҳоллардагина жуда кучли ўсувчи токзорларда сийраклаштириш билан бир вақтда августнинг биринчи ярмидан ўтказиш керак. Бунда ғўра хомтокдан қолиб кетган бачки новдалар баргларнинг ток тупини қалинлаштириб юборадиган ва ҳаво ҳарорати ҳамда ёруғликнинг ўтишига ҳалал берадиган қисмлари олиб ташланади.

Чеканка натижасида новдалар ва мевалар яхши пишади, шираси ошади ва кейинчалик токни кесиш осонлашади. Ўртапишар узум навларининг ҳосили териб олина бошланади.

Кечпишар узум навларининг меваси пишишидан 15-20 кун олдин токзор суғорилади.

Токзорларда чилла даври чиқиши билан қалинлашиб кетган тупларда узум бошларини соялаб турган барглар олиб ташланади. Кул касаллиги (оидиум) тарқалиши кузатилса, олтингугурт (1 гектар токзорга сарфи 30-40 кг.) билан чанглатилади.

Ушбу ойда мева-узум ҳосилини сақлаш ва қайта ишлаш тадбирларини олиб бориш керак.

Август ойида олмаларнинг қишнинг ўрталаригача сақланадиган баъзинавлари махсус териб олиниб, совуқхоналарга жойланади. (“Ред Делишес”, “Кинг Девид”, “Джонатан” ва бошқалар)

Чет мамлакатлардан олиб келинган кўчатлардан шаклланган интенсив боғлардаги “Джонаголд”, “Красный Делишес”, “Ред Чиф”, “Дженемин” каби навлар ҳам август ойида етилади ва улар совутгичларда январь-февраль ойларигача бемалол сақланади.

Шафтоли ва олхўри меваларини териш учун улар қаттиқроқ, озгина пишмаган ҳолатда, лекин мазаси ушбу помологик навга хос бўлиши керак.

Меваларни узоқ жойларга экспортга юбориш, сақлаш ва сотувга олиб чиқиш учун мева банди билан терилиши шарт. Бу эса уларнинг яхши сақланишига энг асосий кафолат бўлади.

Олма ва нок мевалари терилаётган пайтда аста-секинлик билан қоғоз ва ёғоч қириндиси тўшалган яшикларга солинади. Узум бошлари қайчи билан кесиб олинади, узумнинг доналарига қўл тегмаслиги керак. Чунки узум мевасининг устидаги ғубори шикастланса, узумни узоқ муддатга сақлаш қийин бўлади.

Меваларга товар ишлов бериш – уларни ташиш ва сақлаш учун тайёрлаш демакдир.

Товар ишловда асосий операциялар – мева узумларини сифати бўйича саралаш (сортировка), катта-кичиклиги бўйича ажратиш (калибрлаш) ва меваларни стандарт яшикларга жойлашдир. Бундан ташқари, яшикларни маркалаш, уларга рейка қоқиш, тарозида тортиш, транспортга ортиш ва боғнинг ичидан олиб чиқиш ишлари ҳам жуда катта аҳамият касб этади.

Меваларни саралаш ишлари маҳсулот ичидаги сифатсизларини ажратишга имкон беради.

Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон шароитида август ойида пишиб етилган ўртапишар мева ва узумлар узоқ муддат сақланмайди. Улар асосан қайта ишлаш (консерва қилиш ва қуритиш учун) ёки истеъмол учун бозорларга – сотувга ҳамда экспортга жўнатилади.

Данакли мевалар (шафтоли, олхўри), узумнинг кишмиш навларини узоқ сақлаб бўлмайди, улар кўпи билан (энг сифатлиси) бир ой сақланади. Шунинг учун истеъмолдан ортган мевалари қуритилади.

Данакли мевалар ва узумнинг кишмиш навидан қуритилган маҳсулот олиш мақсадида очиқ ҳавода – қуёшда қуритилганда сифатсиз маҳсулот олинади. Шунинг учун улар салқин ерларда ёки махсус палаткаларда (полиэтилен плёнка билан қопланган) қуритилса, қуриган меванинг сифати анча юқори бўлади ҳамда узоқ сақланади.

Кўчатзорларда қуйидаги ишлар амалга оширилади: биринчи – далаларда пайвандтаг тайёрланади ва пайванд амалга оширилади. Биринчи бўлиб мевалардан данаклилар пайванд қилинади. Сўнг уруғлилар, ундан кейин эса манзаралилар (атиргуллар). Пайвандтаг яхши етилган ва қаторларда бехато бўлишини таъминлаш зарур. Пайванд қилинадиган навларнинг рўйхати олдиндантузилади ва уларнинг она боғлари аниқланади. Она боғлар нав тозалигига жавоб бериши ва соғлом бўлиши шарт.

Иккинчи далада кўчатларнинг парвариши давом этади. Улар сувдан қолмаслиги зарур. Шу билан бир вақтда, шохланган жойигача бўлган барглар олиб ташланади. Бу кўчатлар ичидаги ҳаво аэрациясини яхшилайди ва кўчатларга касал туширмайди.

Ток қаламчаси етиштирилаётган далалар ҳам бегона ўтдан холи бўлиши лозим. Уларнинг ерустки қисми сифатли етилиши ва илдиз тизими янаям ривожланиши учун озиқлантириш керак. Озуқани шарбат усулида бериш яхши самара беради ёки бўлмаса азотли ўғитлар билан озиқлантирилса ҳам ўсимлик яхши ривожланади.

Ушбу тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилса, боғ-токзорлардан юқори ҳамда сифатли маҳсулот олинади, кўчатзорлардан талаб даражасидаги, стандарт талабига жавоб берадиган мева-узум кўчатлари тайёрланади.

Равшан Абдуллаев, қ/х.ф.н, Ҳилола Абдуллаева, қ.х.ф.ф.д.(PhD), Акад. М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти.

Дўстларингизга ҳам улашинг!