Боғбоннинг кузги юмушлари

Октябрь ойида барча боғлар ва токзорларда суғориш ишлари тўхтатилади.
Боғларда ҳайдовдан олдин 15-20 т. гўнг, минерал ўғитлардан соф ҳолда 180 кг. фосфор, 90-100 кг. калий солиниши зарур.
Суғориладиган бўз тупроқли боғларда дарахтларнинг қатор оралари 25-30 см., шағалли ерларда эса 10-15 см. чуқурликда шудгорланади. Бунда юза жойлашган дарахтларнинг илдизлари шикастланмайди. Боғларда тупроқ унумдорлигини ошириш
мақсадида қатор ораларига сидерат ўтлар экилса, тупроқ унумдорлигини оширишда яхши натижа беради.
Уруғли боғларда (олма, нок, беҳи) тўкилган баргларда зараркунанда ва касалликларнинг юқумлари сақланиб қолади, шунинг учун боғлар қатор ораларининг тупроғи ағдариб ҳайдалади, хайдалмай қолган ҳар бир дарахт атрофи 25 см.
чуқурликда ағдариб чопилади. Касалланган, синган шохлар, қуриб қолган дарахтлар қирқилади ва боғ ташқарисига чиқариб ташланади. Об-ҳаво шароитига қараб, агарда октябрь ойи охирида дарахтларнинг барги ёппасига тўкилса, бундай боғларда
манилиоз, парша каби касалликларга қарши 3 фоизли бордо суюқлиги ёки 5 градусли оҳак олтингугурт қайнатмаси билан жиққа хўллаб пуркаш керак.
Ойнинг учинчи ўн кунлигида барча мева дарахтлари, биринчи галда шафтоли, олхўри, ўрик, гилос дарахтларининг тана ва она шохларини оқлаш зарур. Дарахтлар оқланса, дарахтлар танасидаги ёриқликларда кўплаб зараркунанда ва касалликларнинг
замбуруғлари дарахтлар танасидаги ёруқликларида қишлаши боис улар йўқ қилинади, шу билан бирга дарахтлар қишки совуқлардан ҳимояланади. Дарахтларни оқлашда 10 л. сувга 2 кг. тупроқ, 1,5-2 кг. оҳак қўшиб оқланади. Мол шатмоғи қўшилса оқланган жой тез ювилиб кетмайди.
Ток тупларининг новдаларини кесиш икки муддатда: ерга кўмиладиган токлар кузда, кўмилмайдиган токлар асосан эрта баҳорда кесилади.
Токдан мўл ҳосил олиш учун улар ҳар йили кесилиб, маълум шаклга келтирилади. Ток новдаларининг сони ва тупда жойланиши унинг ўсиш кучига қараб тартибга солинади. Мўл ҳосил олиш учун доимо яхши пишган, бақувват, соғлом ва бағазларда яхши ётадиган, нормал бўғим орасига эга бўлган новдалар қолдирилади.
Токни умумий қабул қилинган технологияси бўйича кесиш зарур. Ток кўмиладиган туманларда кесиш вақтида тупларда қабул қилинган меъёрдан 20-25 фоиз қўшимча кўзлар қолдирилади.
Кучли ўсадиган «Пушти тоифи», «Нимранг», «Хусайне», «Ризамат»,»Қора кишмиш» каби навларда кўзлар кўпроқ қолдирилиб, узунроқ кесилади. Бир тупда 200-300 тагача кўз қолдирилиб, ўртача ўсувчи «Баян Ширей», «Ркацители», «Саперави», «Мускат розовый» навларида кўзлар сони 150-180 тагача қолдирилади. Кучсиз ўсадиган «Рислинг», «Пино Чёрный «навларида 80-120 та кўз қолдирилади.
Пишган новдаларни кесишда, уларни пастки симга боғлаш мумкин бўлсин, заифроқ новдалар 2-3 та кўзча қолдириб кесилади. Келажакда 4-5 та занг бўлиши учун новдалар қолдирилади, 9-10 ёшли занг новдалар янгиланиш мақсадида кесиб ташланади.
Ток туплари кўмилмайдиган минтақаларда ток туплари кесилмайди, чунки кесилган токнинг совуққа чалиниши кучаяди.
Кесиладиган токларнинг нави, ёши ва симбағазнинг турига қараб шакл ва юклама берилади.
Республикамизда айрим йиллари қишда ҳаво ҳарорати қисқа муддатли минус 25-30 даражага пасаймоқда, бу ток тупларининг қишда кўмишни талаб этади. Шимолий ҳудудларда ток устига етқизиладиган тупроқ уюмининг баландлиги 25-30 см., бошқа
ҳудудларда эса 20-25 см. бўлиши керак. Кузги совуқлар ҳам ток тупи учун зарарли, шунинг учун токлар яхши кўмилиши зарур.
Ёмон кўмилган ёки кеч кўмилган ток туплари кузги совуқлардан, кейинчалик эса қишки совуқлардан зарарланади, новдаларни совуқ уриши натижасида келгуси баҳорда улар қуриб қолади.
Токларни кўмиш вақтида тупроқ ток кўчатини яхши кўмиши учун намлиги 70-80 фоизни ташкил қилиш зарур. Бунинг учун ток новдалари қўндоқланганидан сўнг ёки олдин токзор қатор ораси енгил суғорилади.
Ушбу ойда токзорлардаги асосий ишлар бу ток тупларига шакл бериб, навларига қараб кўзлар миқдорини қолдиришдир.
Авваламбор, ток новдаларини кесишда биринчи галда антракноз ва бактериал рак билан зарарланган новда ва занглар қирқиб олиниб, токзорлардан чиқариб ташланади ҳамда ёқиб юборилади. Кўпинча, деҳқонлар ток тупларини ёпишда қирқилган
новдалардан фойдаланишади. Бунга асло йўл қўймаслик керак.
Барг ва новдаларда касаллик юқумлари бўлганлиги боис келаси мавсумда токзорлар янада кўпроқ зарарланадилар. Шунинг учун токзорларда ток тупларини ёпишда ток рудаларини қўлламаган маъқул. Яхши ёпилмаган токлар қишки совуқлардан
шикастланади, бу хол ўз навбатида бактериал касаллиги кўпайишига олиб келади.
Кесилган ток туплари қўндоқланиб ётқизилгач, ёпишдан олдин оидиум (кул), антракноз, милдью ва рак касаллик юқумларига қарши 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 5 градусли оҳак-олтингугурт қайнатмаси ёки мис купоросининг 3 фоизли эритмаси билан жиққа хўллаб пуркаш зарур.
Узумдан мўл ҳосил олинадиган токзорларда ҳар 3-4 йилда гектарига 30-40 тонна миқдорида органик ўғит (гўнг) солиб туриш зарур. Бунда ўғит ток туплари қишга кўмилгандан сўнг ерни 25-35 см. чуқурликда ҳайдаб кейин сочгич билан солинади. Органик ва минерал ўғитларнинг аралашмасини чуқур ковлагич билан қазиладиган 60х60 см. ли чуқурларга тупдан 50-60 см. узоқликда солиш жуда ҳам юқори самара беради. Бунда ҳар бир чуқурга 20-30 кг.дан ўғит солинади.
Суғориладиган бўз тупроқларда ўстирилаётган токзорларда минерал ўғитлардан соф ҳолда фосфор 90 кг. ва калий 60 кг.
1 гектарга солиш тавсия этилади. Мазкур тадбирлар сифатли амалга оширилса келгуси йил ҳосилига пухта замин яратилади.

Ҳилола АБДУЛЛАЕВА, қ.х.ф.ф.д. катта илмий ходим,
Елена ДОРОХОВА, етакчи илмий ходим,
Абдурахмон ПАРДАБОЕВ, кичик илмий ходим
Академик М.Мирзаев номидаги БУваВИТИ.

Манба: «Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги» журнали №10. 2021