Ноябрь ойида боғ-токзорлар, мевали боғларда бажариладиган агротехник тадбирлар

Кузда боғ-токзорлар, мевали боғларда олиб бориладиган ишларни тўғри режалаштириш катта аҳамият касб этадиқ.
Мевали дарахтлардан келгуси йил юқори ҳосил йиғиб олиш ва олинган хосилларни сақлаш учун ноябр ойида бажариладиган агротехник тадбирлар муҳим ҳисобланади.

Ноябр ойида боғ – токзорларда келгуси йилда мўл ва сифатли ҳосил олиш учун қуйидаги ишларни амалга ошириш талаб қилинади:
1.Боғ ва токзорлардан тўкилган баргларни йиғиб олиш ва даладан ташқарига чиқариб ташлаш.
2.Боғ ва токзорлар атрофидаги ерни 25 – 30 см чуқурликда ағдариб чопиш.
3. Мевали дарахтларнинг касалланган новдаларини кесиб ташлаш.
4 Қуриб қолган, синган шохлар қирқиб олиб ташлаш.

5.Боғ қатор ораларининг тупроғи ағдариб ҳайдаш ишларини амалга ошириш.
6.Об-ҳаво шароитига қараб, ёғингарчилик бўлмаган кунлари дарахтларнинг барглари 70-80 % тўкилган боғларда манилиоз, парша ва бошқа касалликларга қарши  Фиталовин+Фармоед (10 л сувга 20 г + 5 г) ёки Карбомиднинг 6 ёки Бордо суюқлигининг 3 фоизли эритмаси билан жиққа ҳўл қилиб ювиш ва бошқа фермер тажрибасидан келиб чиқиб бажариш.
7.Ноябрь ойида дарахтларга яхоб суви бериш жуда фойдали ҳисобланади.
Шу билан бар қаторда боғларда, мевали дарахтларни, биринчи галда ўрик, шафтоли, олхўри, гилос, йирик мевали олча дарахтларининг тана ва она шохларини оқлаш талаб қилинади. Бунда 10 л сувга 2 кг. тупроқ, 1,5 кг оҳак ҳамда мол шатмоғи қўшиб оқланса, оқланган жой тез ювилиб кетмаслигини тажрибали фермерларимиз жуда яхши билишади.
Олимлар: Р.Абдуллаев, Х.Абдуллаеванинг таъкидлашича боғларни шудгор қилишдан олдин ҳосилли боғларга ҳар 2-3 йилда бир маротаба гектарига 20-40 тонна органик ўғит (гўнг), ҳар йили минерал ўғитлардан соф ҳолда фосфор 150-180 кг, калий 50-60 кг солиниб боғлар 35-40 см, токзор қатор оралари 25-35 см чуқурликда шудгор қилиниши керак. Шунда боғ ва токзорлардан юқори сифатли хосил олиш мумкин. Бўз тупроқлардаги боғ ва токзорларга ҳар йили соф ҳолда 60-90 кг фосфор ва 60 кг калий солинишини тавсия қилишган. Бу орқали, боғ ва токзорларнинг ҳосилдорлиги, касаллик ва совуқларга чидамлилиги ошишини келтириб ўтишган.

Ер ости сувлари чуқур бўлган, мавсумда етарли даражада суғорилмаган боғ ва токзорлар суғорилиши келгуси йил учун юқори ҳосил олиш учун имконият яратади. Ноябр ойида маҳаллий ўғитларни йиғиш, токзорларда симбағазларни таъмирлаш ишлари олиб борилади.
Резавор мевали ўсимликлар: қулупнайзорлар қатор оралари 12-15 см чуқурликда юмшатилиб, гектарига 15-20 тонна ҳисобида гўнг солинади. Шунда ўсимлик қишки совуқ уришдан сақланади, сифатли яхши бўлиши таъминланади ва келгуси йили мўл ҳосил беради.
Малиназорларда қуриган малина новдалари кесиб ташланиб,ёқиб юборилади. Минерал ўғитлардан соф ҳолда гектарига фосфор 60–90 кг, калий 30–45 кг ҳамда органик ўғитлардан гўнг 10–15 тонна солиниб, қатор оралари 12–15 см чуқурликда шудгорланади. Тупроқда намлик етарли бўлмаса, у ҳолда суғорилади.
Ноябрь ойининг иккинчи ярмидан янги боғлар барпо қилиш, яъни мевали кўчатларни экиш мумкин. Бунда асосан уруғ мевалилар олма, нок ва беҳи кўчатлари экилади. Данакли мевалилардан ўрик, шафтоли, олхўри, гилос, олча кўчатлари эрта баҳорда экилади, чунки улар совуққа чидамлилиги пастроқ бўлганлиги боис айрим, совуқ кучли бўлган вақтда совуқ уриши мумкин.
Токзорларда токларни кесиш, қўндоқлаш, дорилаш ва кўмиш ишларини ноябрь ойининг биринчи ярмида тугаллаш катта аҳамиятга эга. Чунки бу йилги об ҳаво шароити совуқ бўлиши кузатилаётган бир вақтда барча дала ишларини ноябр ойида тугатиш келгусида яхши натижа олишга имконият яратади.
Токларни кесишда энг аввало касалликлар билан зарарланган новда ва занглар ирқиб олиниб, токзордан чиқариб ташланиб ёқиб юборилади. Кесилган ток туплари  қўндоқланиб ётқизилгач, кўмишдан олдин оидиум (кул), антракноз ва рак асалликлари юқумига қарши 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 5 фоизли оҳак-олтингугурт қайнатмаси билан ёки мис купоросининг 1 фоизли ёки темир купоросининг 3 фоизли эритмаси билан жиққа ҳўллаб пуркаш зарур.
Токлар тўлиқ кўмилиб бўлгач қатор ораларига минерал ўғитлардан соф ҳолда фосфор 90-120 кг, калий 40-45 кг ҳамда 10-15 тонна гўнг солиниб, тупроқ 25-30 см уқурликда шудгор қилинади.

Дўстларингизга ҳам улашинг!