Боғларда ҳосилдорликни ошириш омиллари

Мевали дарахтлардан ҳар йили муттасил мўл ҳосил олишга қаратилган агротехник тадбирлар комплексида дарахтларга тўғри шакл бериш, буташ, сийраклаштириш муҳим аҳамиятга эга. Ушбу тадбирлар ҳаво ҳарорати +5ºC дан юқори бўлганда бажарилади.

Боғларда олма, нок, беҳи, ўрик, гилос ва олхўри дарахтларнинг кўпчилик навларига шакл беришдан олдин, уларни олдиндан қабул қилинган технология асосида сийрак-ярусли тизим бўйига тўлиқ шакллантирилган мева дарахти биринчи тартибдаги беш-олти она шохи новдадан иборат бўлади. Биринчи тартибдаги она шохларини шаклантириш билан бир вақт­да иккинчи ва учунчи тартибдаги шохлар ҳам шакллантирилади. Иккинчи тартибдаги биринчи шох биринчи тартибли шохда яратилиб, унинг асосидан 30–40 см узоқликда бўлиши керак, иккинчи шох биринчисидан 25–30 см оралатиб шакллантирилади. Учинчи тартиб шохлари ҳам шу тариқа шакллантирилади. Иккинчи ва учинчи тартибнинг скелет шохлари ён томондан ўсган бўлиши керак.

Пастки оналик шохларда иккинчи тартибнинг икки-уч, қолганларида бир-икки новда қолдирилади.

Иккинчи тартиб шохларида учинчи тартибнинг бир-икки новдаси қолдирилади. Кучли ўсган ён шохларни қисиб, ярим склет шохларга айлантирилади. Скелет ва ярим скелет шохлар ўртасида ўсган ён куртакларни кесиб ёки эгиб ҳосил шохларига айлантирилади.

Шох-шаббага шакл беришда етакчи шох билан шох-шабба ўртасидаги боғлиқларни сақлаб қолишга аҳамият бериш зарур, яъни марказий шох доимо биринчи тартибдаги шохлардан 20–25 см узунроқ бўлиши, биринчи тартибдаги шохлар ҳам ўз навбатида иккинчи тартибдагилардан шунчага узунроқ бўлиши керак. Асосий шох ёнида ўсувчи рақиб шохлар кесиб ташланади. Агар рақиб шох асосий шохдан кучлироқ ва яхшироқ ўсган бўлса, рақиб шох қолдирилиб, асосий шох кесиб ташланади ёки эгиб қўйилади. Шох-шаббаси тор пирамидал шаклдаги “Голден Делишес”, “Розмарин”, “Пармен зимний золотой” каби навларнинг шох-шаббасини кенгайтириш учун биринчи тартибдаги асосий шохлар иккинчи тартибдаги ташқи ён шохлар устига ўтказилади ва ўсиш бурчагини калталаштириш мақсадида постга эгиб қўйилади.

Шох-шаббаси ёйиқ “Ренет Симиренко”, “Ред Делишес”, “Айдоред”, “Первенец Самарканда” олма навларининг биринчи тартибдаги шохларини иккинчи тартибнинг юқорига қараб йўналган шохлари устига ўтказилади. Шох-шаббанинг асосий шохларига шакл берилгандан сўнг марказий етакчи тана 45о бурчак остида якка ўсган ён шох баландлигида кесилади натижада дарахтнинг бўйи пастлашади ва шох-шабба ички қисмининг яхшироқ ёратилиши учун шароит яратилади. Шу мақсадда биринчи тартибдаги тик ўсган шохлар иккинчи тартибнинг ташқи ён шохлари устига ўтказилади.

Мева дарахтларининг шох-шаббасини дастлабки беш-етти йил давомида шакллантириш лозим. Уларни дарахтларининг тур ва нав хусусиятларини инобатга олган ҳолда буташ керак.

Олма дарахтларининг ҳосилга кира бошлаши 6–15 ёшгача шох-шаббаси сийраклаштирилади: бир-бирига ҳалақит берадиган ва шох-шаббани қоронғилаштирадиган барча новдалар олиб ташланади. Суст новда чиқарадиган, асосий ҳалқасимон (кольчатка) ва мураккаб ҳалқасимон ҳосилли шохларда мева тугадиган “Пармен зимний золотой”, “Нафис”, “Первенец Самарканда”, “Дилишес”, “Стар Крымсон”, “Айдаред” каби навларда барча тартибдаги скелет шохлардан ўсиб чиққан бир йиллик шохларни қисқартириш давом эттирилади.

Кучли шохланадиган “Ренет Симиренко”, “Кинг Девид”, “Джанаред”, “Баравинка Ташкентская”, “Вайн­сеп”, “Золотой Грайма”, “Меҳмони”, “Регистони” каби олма навларида фақат узун – 60 см. дан кўпроқ ўсган шохлар қисқартирилади.

Шохлар меъёрида ўсганда (40–45 см) улар қисқартирилмайди. Шохларнинг йиллик ўсиши 15–20 см. гача камайганда уларнинг бўйини 35–40 см атрофида сақлаб туриш мақсадида бу шохлар қисқартирилади. Ён томондан ўсиб чиққан шохларни эгиб ёки қисқартириб улардан мева шохлари ҳосил қилинади.

Дарахт тўлиқ мевага кирган давр­да навларига қараб 8–15 ёшгача ўтказиладиган буташлар уларнинг бўйи ва ҳосилдорлигини сақлаб қолишга қаратилади. Бу вақтда дарахтлар ёш даврдагига нисбатан камроқ буталади фақат майда шох-шаббани қоронғилаштирувчи шохлар ва бачки шохлари олиб ташланади. Алоҳида ўсган ва янги ташкил топган узун шохлар қисқартирилиб мева шохларига айлантирилади.

Анча катта шохлар бир бирига ўзаро боғлиқ ҳолда кесилади.

Агарда скелет шохлар учининиг ўсиши ҳосилининг хаддан ташқари кўплиги ёки агратехникасининг ёмонлиги туфайли 15–20 см. гача қисқарса, ўсишни кучайтириш мақсадида 2–3 йиллик шохлари кесилади, чеканка қилиб қисқартирилади. Бундай тадбир мева берадиган дарахтларда шохларнинг меъёрида ўсиш учун вақти-вақти билан ўтказиб турилади. Бу даврда ён шохлар, шунингдек, ерга осилиб турган, касал ва синган шохлар кесиб ташланади.

Ҳосил мўл бўлиши кутилаётган йилларда буташ йўли билан ўтган мавсумда шаклланган гул куртаклари сонини камайтириш мақсадида ва келгуси йил ҳосил заминини яратиш учун агротехник тадбирларини ўз вақтида сифатли ўтказиб, янги куртакларни шакллантириш зарур.

Кам ҳосил йилларда камроқ буташ йўли билан илгари шакллантирилган гул куртакларини сақлаб қолиш керак.

Нок дарахти ҳам олма дарахти сингари буталади. Кам шохланадиган, бироқ бир йиллик новлари кучли ўсган ва ҳалқасимон шохлари кўп бўлган новдаларда асосий шохлардаги новдалар уларнинг қисқа узунлигига қараб яримига ёки учдан бир қисмига қисқартирилади. Кучли шохланадиган навларда ва мева берадиган дарахтларда асосан шох-шабба буталиб сийраклаштирилади. Агар ҳосилнинг ҳаддан таш­қари мўл бўлиши ёки бошқа сабабларга кўра дарахтларнинг ўсиши сусайса, ўтган йилларда кучли ўсган 2–3 йиллик шохларга қисқартирилади.

Беҳи дарахти ҳам олма каби сийраклаштирилган ярусли система бўйича шакллантирилади. Асосий шохларни шакллантиришда уларнинг бир-бирига ўзаро боғлиқлигига қатьий риоя қилиш, ўсиб чиқиш бурчагининг кенгроқ бўлишига эришиш зарур. Асосий шохларнинг рақиблари, шох-шабба ичига кириб қолган ўткир бурчак остида ўсган ва асосий шохни шакллантириш учун керак бўлмаган шохлар олиб ташланади. Асосий шохдаги бошқа новдалар қолдирилиб, улар ўсувчи шохларга айлантирилади. Бунинг учун улар дастлабки уч йил мобайнида 3–4 куртакка қисқартирилади, яни дарахтлар мева тугишга тайёрланади.

Тўртинчи йилдан бошлаб, дарахт­лар мева қила бошлаганидан ке­йин ўсувчи шохлардаги новдалар дарахт­ларнинг биологик ҳусусиятларига кўра турлича кесилади.

Беҳининг барча навлари мураккаб ҳалқасимон шохларда мева тугади. Кучли новдаларда ўсган мураккаб ҳалқасимон куртакларнинг бир қисми мева куртакларига айланади. Улар фақат юқорида ўсган кучли новдаларида ҳосил бўлади. Агар ўсув шохларидаги мевали куртак новдалар қисқа қилиб кесилса, тўртинчи йил шох-шаббани ўсув шохчаларидаги новдаларнинг бир қисми қисқартирилмайди, бир қисми эса 3–4 куртакка кесилади. Ҳосил кўпайиб кетиб оғирлик қилмаслиги ва мева бериш даврийлигини бузмаслик мақсадида шундай қилинади. Бунда кўп қисқартирилган новдаларда келгуси йил ҳосил берадиган соғлом ёш новдалар ўсиб чиқади, қисқартирилмаган новдалар эса шу йили ҳосил беради. Келгуси йил шох-шаббанинг бўш қисми томонига қараб ўсган шохчалар буталмайди, улар кейинчалик ҳам ҳосил беради, бир бирига халақит берадиган шохчалар мураккаб ҳалқасимон шохни бири устида қисқартирилади.

Дарахтлар тўла ҳосилга киргандан сўнг шохларнинг ўсиши кескин сусаяди ва мева тугиш мураккаб ҳалқасимон қисқа шохчаларга ўтади. Ҳосилнинг ҳаддан ташқари кўпайиб кетиши ва шох-шаббани қалинлашиб кетишига йўл қўймаслик учун ортиқча ўсиб кетган шохлар бутаб ташланади.

Шохлар суст ўса бошлаганда охирги шохлар 25 см. дан қисқароқ бўлганда дарахтларни ёшартириш мақсадида улар 3–4 йилда бир марта 2–3 йиллик шохларигача кейинчалик эса 5–6 йиллик шохлари буталади.

Уруғли мевали боғларда мевали дарахтларни бутаб, шакл берилгандан сўнг ҳаво ҳарорати 5оС юқори бўлганда, дарахтлар куртак чиқармасдан олдин қалқондорлар, шира битлари, каналар ва бошқа қишловчи ҳашаротлар захираларига қарши N30 препаратининг 5 фоизлиги билан пуркалади. Парша (қўтир) касаллиги, (моннилиал куйиш) монолиозга қарши 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 5 даражали ООҚ (оҳак-олтингугурт қайнатмаси) билан жиққа ҳўллаб ювилади, 10–12 кундан кейин пуркаш ишлар такрорланади.

Тўкилган барглар, мева тугунчалари, зарарланган мевалар қолдиғи ва дарахт танаси тагидан чиққан бегона ўтлар қолдиқлари касаллик юқумлари ва зараркунандаларни қишловчи захираларга қарши дарахтлар атрофини 20–30 см чуқурликда ағдариб чопилади.

Данакли мева боғларида (ўрик, шафтоли, олхўри, гилос) монилиоз, кластероспориоз, гоммоз ва барг бужамалоқлигига қарши 5 даражали ООҚ ёки 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 1 фоизли мис купороси, ёки 2–3 фоизли темир купороси билан эрта баҳорда куртаклар бўртиши арафасида ишлов берилади.

Тайёрланган Бордо суюқлиги 2–3 соат ичида ишлатилиши зарур. Ушбу ойда боғларга маҳаллий ўғитлар 20–30 т/га меъёрда солиш, боғ қатор ораларини борана қилиш, янги боғ экиш учун ерларни тайёрлаш ва режали ишларни олиб бориш, хатоси бор боғларнинг ораларини кўчатлар билан тўлдирилади.

Боғларда ушбу ойда бир марта яхоб суви бериш, бунда бир гектар боғга 1500–2000 м3 миқдорида суғориш хомда шўр ерларнинг шўрини ювиш ишлари олиб борилади.

Токзорларда вояга етган токзорларда симбағаз ва ишкомлар ўрнатиш, эскиларини тамирлаш ишларини олиб бориш зарур. Р.Абдуллаев, қ.х.ф.н., Х.Абдуллаева, қ.х.ф.ф.д., катта илмий ходим, Х.Таджибаев, кичик илмий ходим (Академик М.Мирзаев номли БУваВ ИТИ)