Боғлардаги баҳорги юмушларни ўтказиш бўйича тавсиялар

0

Республикамизда қишнинг январь ва февраль ойларида ҳаво ҳарорати ўтган йилларга нисбатан анча илиқ бўлиб, ёғингарчилик жуда ҳам кам кузатилди. Шу боис тажрибали боғбонларимиз дарахтларга шакл бериш, буташ ва сийраклаштириш ишларини якунлай деб қолди.

Ҳосилли боғ ва токзорларни эрта баҳорда (март ойи бошларида) озиқлантириш зарур бўлиб, бунда соф ҳолда 120 кг/га азотли, 90 кг/га фосфорли, 30–45 кг калийли ўғитларни 20–25 см чуқурликка солиш керак. Тупроқ унумдорлиги паст бўлган боғларда экинлар ҳосилдорлигини ошириш мақсадида ушбу меъёр 20–30 фоизга оширилади. Минерал ўғитлар органик ўғитлар билан биргаликда берилса, самараси анча ошади.

Ёғингарчиликнинг кам кузатилиши, тупроқда намликнинг етарли даражада бўлмаслиги мевали дарахтларнинг яхши ўсиб-ривожланишига, мевалари тўлиқ шаклланмай, майда бўлиб қолишига сабаб бўлади. Шу боис айни кунларда боғ-токзорларга албатта яхоб суви бериш зарур. Бунда боғлар 1500–2000 м3/га, токзорлар 1200–1500 м3/га меъёрдаги сув билан 3–4 кун давомида суғорилса, тупроқ обдон намланади. Шунда дарахтлар куртакларининг уйғониши бироз кечикади.

Кўп йиллик кузатишларга қараганда, март ойида республикамизда қисқа муддатли совуқлар тез-тез такрорланиб туриши дарахтларга салбий таъсир этади. Бунинг олдини олиш мақсадида, боғнинг ҳар бир гектар майдонида тутатиш учун гўнг, хашак ва хазон аралашмасини йиғиб қўйиш (уюмлар сони 150–200 та) зарур. Яна бир муҳим тадбир – бу совуқ кузатилиши олдидан боғ қатор ораларидаги суғориш ариқлардан сувни жилдиратиб оқизиб қўйишдир. Шундай қилинса, боғдаги ҳаво ҳарорати 2–3оС га кўтарилиб, дарахтлар совуқ уришидан сақлаб қолинади.

Дарахтларнинг куртаклари бўртиш арафасида ҳаво ҳарорати +10оС дан паст бўлмаган вақтда уруғ ва данак мевали боғларга 3 фоизли Бордо суюқлиги (100 л сувга 3 кг мис купороси ва шунча сўнмаган оҳак қўшилади) билан ишлов бериш ҳам яхши самара беради.

Дарахт таналари ва шохларини оҳак (10 л сувга 2 кг оҳак ва 1,5 кг тупроқ аралаштирилади) билан оқлаш ҳам новдалардаги куртакларнинг ҳаракатини кечиктиради.

Дарахтлар гуллаб бўлгач Бордо суюқлигининг 1 фоизли (100 л сувга 1 кг мис купороси ва шунча сўнмаган оҳак қўшилади) эритмаси пуркалади. Бундан ташқари чуқур таъсир этувчи фунгицидлар ҳам яхши самара беради. Бунда “Топсин-М”(1 л/га) препарати 0,1 фоизли қилиб сепилади. Шунингдек, “Байлетон” (0,2–0,3 л/га), “Фоликур” (0,25 л/га), “Вектра” (0,3 л/га) препаратларидан ҳам фойдалан ҳам яхши самара беради.

Март ойида токзорларда таъмирлаш ишлари, яъни темир-бетон устунларни тўғрилаш, симларни тортиб чиқиш, устун тагларини зичлаш ишларини якунлаш лозим.

Март ойининг иккинчи ярмидан, айрим ҳудудларда эса ойнинг охиридан бошлаб ток тупларини очиб, симбағазларга кўтариб боғлаш ишлари амалга оширилади.

Токлар симбағазларга кўтариб боғлангач, 10–20 т/га маҳаллий гўнг, соф ҳолда 60 кг/га азотли, 30 кг/га калийли минерал ўғитлар солиниб, қатор оралари ҳайдалиб, туп атрофлари юмшатилади.

Республикамизда боғ-токзорлар майдони йилдан-йилга ортиб, ҳар йили 5–10 минг гектар майдонда янги интенсив боғ ва токзорлар ташкил этилмоқда. Янги боғ-токзорлар барпо қилишда хатоликка йўл қўймаслик зарур.

Мевали дарахтларнинг кўчатлари уч хил пайвандтагларда, яъни пакана пайвандтаг (паст бўйли), ўрта ўсувчи пайвандтаг ва кучли ўсувчи пайвандтагларда кўпайтирилади.

Янги боғлар барпо қилишда боғ атрофини иҳоталаштириш, ниҳолларни шамоллардан ҳимоялаш имконини беради. Бунинг учун терак, ўрик, жийда ёки ёнғоқ каби дарахт кўчатларини экиш керак.

Янги боғ барпо этиш учун танланган майдон эрта баҳорда (март ойи бошида) кўчат экилишидан олдин текисланиб, 35–40 см чуқурликда плантаж сўқа ёрдамида ҳайдалади, тупроқ етилиши билан чизелланади ҳамда кетма-кет мола қилиниб, кўчат экиш учун режа тортилади.

Режа тортишда экиладиган кўчат турларига қараб, пакана пайвандтагга уланган олма кўчатлари 3,5х2,5 м, ўрта ўсувчи 3,5х3 м, нок кўчатлари учун 3,5х2 м, ўрта ўсувчи 3,5х2,5 м, ММ-106 пайвандтагга уланган ўрта ўсувчи кўчатларда олма навига қараб, 5х3 м, 5х4 м, нок учун 5х3 м, 5х4 м схемалари тавсия этилади.

Кучли ўсувчи мевали дарахтларнинг кўчатларини қуйидаги схемаларда экиш тавсия этилади: олма 8х7 м, 8х6 м, нок 8х5 м, 8х5 м, беҳи 6х4 м, 5х4 м, ўрик 8х7 м, 8х6 м, гилос 8х7 м, 8х6 м, олхўри 6х5 м, 6х4 м, шафтоли 6х4 м, 5х4 м, ёнғоқ 8х8 м, 8х7 м, бодом 6х5 м, 6х4 м, хурмо 6х6 м, 6х5 м, олча 6х4 м, қорағат (смородина) 3х1,5 м, 3х1 м, малина 2,5х1 м, 2,5х0,5 м, ток кўчатлари 3х2,5 м, 3х2 м.

Янги кўчат экиладиган майдонларда режа қозиқлари ўрнатилгач, унга назорат қозиқлари ўрнатилиб, кўчат экиладиган чуқурлар ковланади. Чуқурлар КЯ-100 махсус агрегатида ёки қўлда 60х60х60 см ҳажмда ковланади.

Чуқурларни ковлашда аввал тупроқнинг юза 20–25 см қисми бир томонга, чуқурнинг тагидаги қисми иккинчи томонга олиб қўйилади. Чуқурга кўчат экишдан олдин 350–400 г фосфорли, 30–40 г калийли ўғитлар ҳамда 8–10 кг чириган гўнг тупроқ билан аралаштириб солиниб, кейин кўчат экилади.

Янги экиладиган кўчатларни экиш учун кўчатзордан экиш майдонига олиб боришда кўчатларни илдиз қисми шамолламаслиги учун уларни похол, брезент ёки полиэтилен плёнка билан ёпиб қўйилади.

Кўчатларни экишдан олдин майдон олдида катта чуқурда аталасимон лой тайёрланиб, унга 8:1, 10:1 миқдорида молнинг суюқ шатмоғи қўшилади. Шатмоққа кўчатларнинг илдизи бирма-бир яхшилаб ботириб олинади. Шунда экилган кўчатларни тезлик билан суғоришнинг имкони бўлмаган жараёнда ижобий таъсири катта бўлади.

Кўчатлар экилиб бўлингач, дарҳол суғориш ариқлари очилиб, кўчатлар суғорилади.

Ток кўчатлари ҳам худди шу усулда экилади. Бунда экилган кўчатларнинг 4–5 та куртаги қолдирилиб, қолган қисми кесиб ташланади. Кўчатлар сифатли қилиб экилса, улар яхши ўсиб-ривожланиб, кўп йиллар давомида мўл ва сифатли ҳосил беради.

    Р.Абдуллаев     agro.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!