БОҒЛАРНИ СУҒОРИШ ВА ЎҒИТЛАШ БЎЙИЧА ЕНГ КЕРАКЛИ ТАВСИЯЛАР

Ҳосил берувчи боғларда қишки яхоб (қовус) сувлари ноябрь ойидан март ойи охиригача 2–3 маротаба гектарига 1500–2000 м3ҳисобида берилади.

Қатор ораларини суғориш учун 70–80 см узоқликда 22–24 см чуқурликда ариқ очилади. Сув 24–36 соат давомида ер яхши захлагунча жилдиратиб, оқизиб қўйилади.

Ёзда суғориш миқдори дарахтларнинг ёшига, ер ости сувининг сатҳига, қатор ораларида етиштирилаётган экинларга боғлиқ бўлади. Боғ суғориладиган бўз ерларда ўсимликнинг ўсиш даврида 4–6 маротаба, шағалли ерларда 10–12 маротаба суғорилади. Суғориш миқдори қатор ораларининг ҳолатига қараб 800–1000м3, шағалли ерларда гектарига 300–500 м3 дан иборат бўлади.

Ҳосил берувчи баланд бўйли боғда ҳар бир қатор оралиғида 5–6 қатор қилиб олинган ариқлар орқали суғорилади.

Вегетация даврида ер ости қатлами чуқур бўлган қумоқ бўз ерларда боғ ёз пайтида гектарига 800–850 м3 меъёрда 4–5 маротаба, куз (сентябр, октябрь) гектарига 450–500 м3 меъёрда 1–2 маротаба суғорилади. Қишки нам тўплаш суви эса гектарига 1700–2000 м3 меъёрда бир маротаба ноябрь ойида берилади. Боғ мана шундай тартибда суғорилса, ўртача гектарига бир йилда 6000–6500 м3 сув сарф бўлади. Суғориш учун ариқлар қатор ораларида дарахтлар қаторидан 80–90 см масофада олинади. Ариқлар оралиғи ҳам шундай узоқликда бўлади.

Ер ости шағал бўлган, шунингдек, енгил қумоқ ва қумоқ тупроқли ерларда вегетация сувлари оддий боғларда гектарига 400–450 м3 миқдордаги сув 8–10 маротабага етказилади. Шунингдек, гектарига 500–600 м3 миқдорида 2–3 маротаба қишки яхоб суви берилади. Ер ости шағал бўлган ерларда минерал ўғитлар оз-оз миқдорда тез-тез солиниши керак. Чунки, акс ҳолда, суғориш пайтида минерал ўғитлар ювилиб, ернинг чуқур қатламига тушиб кетади. Бу ерларда органик минерал ўғитлар айниқса яхши самара беради. Улар ернинг нам сақлаш ва ҳосилдорлик хусусиятини оширади. Ўғитнинг тахминий йиллик миқдори қуйидагича: гўнг гектарига 20 т, азот – 120 кг, фосфор – 50 кг, агар фақат минерал ўғитлар солинса: азот – 240, фосфор – 120, калий – 30 кг бўлади.

Барча ҳолларда азот ўғити икки-уч маротаба – апрель ва июль ойларида тенг миқдорда, фосфор ва калий 50 фоиздан кузда ва июнь-июль ойларида солинади.

Манба: agro.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!