Боғни боққан қанд, боқолмаган панд ейди

Боғ-токзорлардан келгуси йилда ҳам мўл ва сифатли ҳосил олиш учун кузги юмушлар орқали мустаҳкам замин қўйиш лозим

Дарахтларнинг тўкилган баргларида зараркунандалар ва касалликлар юқумлари сақланади, шунинг учун айни ҳозирги кунларда боғ қатор ораларининг тупроғи ағдарилиб ҳайдалади. Дарахт атрофидаги ер эса 25-30 см. чуқурликда ағдариб чопилади. Қуриб қолган, касалланган ва синган шохлар қирқиб олиниб, боғ ташқарисига чиқариб ташланади.

Об-ҳаво шароитига қараб, ёғингарчилик бўлмаган кунлари дарахтларнинг барглари 70-80 фоиз тўкилган боғларда манилиоз, парша ва бошқа касалликларга қарши Фиталовин+Фармоед (10 литр сувга 20 грамм + 5 грамм) ёки Карбомиднинг 6 ёки Бордо суюқлигининг 3 фоизли эритмаси билан жиққа ҳўл қилиб ювилади.

Ноябрь ойида барча мевали дарахтлар, биринчи галда, ўрик, шафтоли, олхўри, гилос, йирик мевали олча дарахтларининг тана ва она шохларини оқлаш керак. Бунда 10 литр сувга 2 кг. тупроқ, 1,5 кг. оҳак ҳамда гўнг қўшиб оқланса, ўша жой тез ювилиб кетмайди.

Шудгор қилишдан олдин ҳосилли боғларга ҳар 2-3 йилда бир маротаба гектарига 20-40 тонна органик ўғит (гўнг), ҳар йили минерал ўғитлардан соф ҳолда 150-180 кг. фосфор, 50-60 кг. калий солиниб, боғлар 35-40 см, токзор қатор оралари 25-35 см. чуқурликда шудгор қилинади.

Бўз тупроқлардаги боғ ва токзорларга ҳар йили соф ҳолда 60-90 кг. фосфор ва 60 кг. калий солинади. Шундай қилинса, боғ ва токзорларнинг ҳосилдорлиги, касаллик ва совуққа чидамлиги ошади.

Ер ости сувлари чуқур бўлган, мавсумда етарли даражада суғорилмаган боғ ва токзорлар суғорилиши зарур. Ушбу ойда маҳаллий ўғитларни йиғиш, токзорларда симбағазларни таъмирлаш ишлари олиб борилади.

Резавор мевали ўсимликлар, жумладан, қулупнайзорлар қатор оралари 12-15 см. чуқурликда юмшатилиб, гектарига 15-20 тонна ҳисобида гўнг солинади. Шунда ўсимлик қишда совуқ уришдан сақланади, сифатли ва мўл ҳосил беради.

Қорағатзорларда қорағат тупларига шакл берилади. Бунда 5 ёшдан ошган новдалар кесиб ташланиб, ўрнига янги ҳосил бўлган новдалардан 5-6 таси қолдирилади. Ҳосилли қорағат тупида ўртача 25-30 та ҳар хил ёшдаги новдалар қолдирилиши керак. Бундай туплардан ҳар йили 5-8 кг. дан ҳосил олиш мумкин. Қорағат қатор ораларини шудгор қилишдан олдин соф ҳолда 120-150 кг. фосфор ва 60-70 кг. калий ўғитлари ҳамда 10 тонна гўнг солиниб, кейин шудгор қилинади. Ноябрь ойининг учинчи ўн кунлигида агар ёғингарчилик бўлмаса, суғориш керак.

Малиназорларда қуриган малина новдалари кесиб ташланиб, ёқиб юборилади. Минерал ўғитлардан соф ҳолда гектарига 60-90 кг. фосфор, 30-45 кг. калий ҳамда органик ўғитлардан 10-15 тонна гўнг солиниб, қатор оралари 12-15 см. чуқурликда шудгорланади. Тупроқда намлик етарли бўлмаса, у ҳолда суғорилади.

Ноябрь ойининг иккинчи ярмидан бошлаб янги боғлар барпо қилиш, яъни мевали кўчатларни экиш мумкин. Бунда, асосан, уруғ- мевалилар: олма, нок ва беҳи кўчатлари экилади. Данакли мевалилардан: ўрик, шафтоли, ол­хўри, гилос, олча кўчатлари эрта баҳорда экилади. Чунки совуққа чидамлиги пастроқ бўлганлиги боис, уларни кучли совуқ уриши мумкин.

Шу кунларда токзорларда қишга ҳозирлик – ток кесиш, кўмиш ишлари қизғин бормоқда. Чунки ёғингарчиликлар кўп бўлса, бу тадбир амалга оширилмай қолиши мумкин. Шу боис, халқимизда шундай ибора келиб чиққан: “токни ақрабгача кўмсанг қанд ейсан, кўмолмасанг панд ейсан”.

Токларни кесишда, энг аввало, касалликлар билан зарарланган новда ва занглар қирқиб олиниб, токзордан чиқариб ташланиб, ёқиб юборилади. Кесилган ток туплари қўндоқланиб ётқизилгач, кўмишдан олдин оидиум (кул), антракноз ва рак касалликлари юқушига қарши 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 5 фоизли оҳак-олтингугурт қайнатмаси билан ёки мис купоросининг 1 фоизли ёки темир купоросининг 3 фоизли эритмаси билан жиққа ҳўллаб пуркаш зарур.

Токлар тўлиқ кўмиб бўлингач, улар қатор ораларига минерал ўғитлардан соф ҳолда 90-120 кг. фосфор, 40-45 кг. калий ҳамда 10-15 тонна гўнг солиниб, тупроқ 25-30 см. чуқурликда шудгор қилинади.

Жорий йилдаги мева-узум ҳосилининг бир қисми сақлашга қўйилади. Узоқ муддат сақлашга мўлжалланган маҳсулот кўрикдан ўтказилади.

Бузилиши мумкин бўлган яшиклардаги маҳсулот ажратиб, олиниб савдога ёки қайта ишлашга жўнатилади.

Қолган маҳсулот, албатта, олтингугурт билан дудланиб, сақланиш ҳарорати ва ҳавонинг нисбий намлиги ҳар 5-6 кунда текшириб турилади.

Мева-узум маҳсулоти яхши сақланиши учун ҳар 15-20 кун оралиғида омборхона ичида олтингугурт ёқиб, дудланиб турилиши шарт. Шунда маҳсулот кўп ва сифатли сақланишига эришилади.

Равшан Абдуллаев,

қишлоқ хўжалик фанлари номзоди.

qishloqhayoti.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!