БРОККОЛИНИ ТЎҚСОНБОСТИ УСУЛИДА ЕТИШТИРИШ

Брокколининг Агасси F1, Гераклион F1, Наксос F1, Маратон F1 дурагайларини тўқсонбости муддатда экиш тавсия этилади.

Брокколининг дурагай уруғлари махсус кассета ёки стаканларда тайёрлаб экиб етиштириш лозим. Кўчатларни исситиладиган кўчатхонада тайёрланади.

Кўчатни озиқлантиришда ҳар 10 литр сувга 13-15 грамм азотли; 18-25 грамм фосфорли ва 15-20 грамм калий ўғитлари солиниб эритилади ва ушбу эритма ҳар        3-3,5м2 майдондаги кўчатларни озиқлантириш учун сарфланади.

Брокколи кўчатлари иккинчи марта очиқ майдонга экишдан 15-18 кун олдин озиқлантирилади. Бунда 10 литр сувга маданий ўғитлар миқдори икки марта кўпроқ солиниб амалга оширилади.

Тайёр бўлган кўчатларининг ёши 40-45 кунлик ва узунлиги ўртача 14-16 см ва барглар сони 6-7 тадан бўлганда очиқ майдонга экилади.

Экиш муддатлари ва экиш схемаси. Республикамизнинг жанубий вилоятларида уруғи ноябр ойининг I-декадасида сепилади, кўчатлари декабр ойининг I-декадасида экилади, кўчатлар 70×30 ёки 70×40 см схемаларда экилади ва плёнка копламаси билан ёпилади..

Парваришлаш. Брокколи кўчати экиб бўлингандан кейин тупроқ намлигига қараб очиқ майдонда техника ва қўл меҳнати билаш ишлов бериш имкони бўлганда биринчи ялпи ишлов берилади. Бунда қатор оралари КРН-4,2 культиватор билан 15-16 см чуқурликда культивация қилиниб, ўсимлик атрофи юмшатилади, маъдан ўғитлар билан озиқлантирилади ва сув берилади. 20-25 кундан кейин яна бир марта ялпи ишлов берилади.

Ўғитлаш. Броколли тупроқ унумдорлигига, маъдан ўғитларга ўта талабчан. Қадимдан суғориб келинаётган типик бўз тупроқларда гектарига ўртача 240 кг азот, 160 кг фосфор, 100 кг соф калий бериш лозим. Ўтлоқи, ўтлоқи ботқоқ тупроқларда етиштирилганда эса 200 кг азот, 160 кг фосфор, 120 кг соф калий берилади.

Ўғитларни бериш муддати. Йиллик фосфор ўғитларини 70-75% миқдори, калийни 50% ерга асосий ишлов беришда, қолган 25-30% фосфорни 50% азот билан биргаликда карам кўчати тўлиқ тутиб олгандан сўнг, биринчи комплекс ишлов олдидан қатор ораларига ўсимликларга яқинроқ берилади. Қолган азотни 50%, калийни 50% билан биргаликда меваси шакллана бошлаганда ўсимликка яқинроқ қилиб берилади.

Суғориш. Брокколи тупроқ ва ҳаво намлигига талабчан. Ушбу муддатда ёғингарчилик кўп бўлишини инобтага олган ҳолда ёмғир ёғиш пайтида плёнкаларни очиш зарур, қўшимча суғориш ишлари тупроқда намлик камайган паллада амалга оширилади. Баҳорда 10-12 кун  оралатиб 450-500 м3 ҳисобида суғорилади.

Вегетация даври: 90-100 кун.

Ҳосил пишиш даври: очиқ майдонда декабрда плёнка остига экилганда март — апрел ойида пишади.

Манба: Хакимов Р.А. ва бошқалар. «Сабзавот экинларини тўқсонбости муддатда етиштириш бўйича тавсиялар».

Дўстларингизга ҳам улашинг!