Чигит экиш тадбирини сифатли бажариш бўйича тавсиялар

22

Фермер хўжаликлари, пахтачилик кластерлари механизаторлари ва муҳандис-техник ходимлари ер тайёрлаш ҳамда чигит экиш агротадбирларини кетма-кет, узилишларсиз бажаришга ҳаракат қиладилар. Зеро, экиш олдидан майин тупроқ ҳосил қилинса, ер сифатли текисланса, чигит бир хил чуқурликка тушади ва тупроқдаги нам ҳисобига бир текис униб чиқади, дуркун ривожланади.

Ерларни экишга тайёрлашда П-2,8А ва П-4А осма ҳамда лазер қурилмали текислагич, тишли ва дискли бороналар, чизель-культиватор, мола-текислагич каби машиналар қўлланилади. Уларнинг яхши ишлаши учун ишлов берилаётган пайкаллар тупроғи обдон етилган, далаларнинг четлари, ҳайдовда ҳосил бўлган нотекисликлар, шўр ювиш ва яхоб суви бериш учун очилган ариқлар ҳамда олинган поллар олдиндан текисланган бўлиши лозим. Бундан ташқари, дала юзаси уюлиб ётган бегона ўтлар ва ўсимлик қолдиқларидан тозаланиши зарур.

Ҳозирда фермерларимиз далаларида асосан 60 ва 90 см кенгликдаги қатор ҳосил қилиб 60+30 см қўшқатор схемада чигит экмоқда. Бунда СТХ-4, СЧХ-4А сеялкалари ишлатилади. Универсал СХУ-4 ва модулли СМХ-4 сеялкалари 60, 70 ва 90 см қатор ораларига созланиш имкониятига эга. Чигитни 60+30 см схемада қўш қаторлаб экишда СЧХ-4Б сеялкаларидан фойдаланилади.

Чигит экишга киришишдан олдин сеялканинг бутлиги, қисм ва деталлари яхшилаб маҳкамланганлиги текширилади, экиш жараёни ва сифатига бевосита таъсир кўрсатадиган қисмларга алоҳида эътибор қаратилади.

Чигит экиш сеялкасининг техник ҳолати эса мавсум олдидан ва иш давомида унинг созлик даражасига қараб баҳоланади. Соз сеялка экиш тадбирини сифатли бажаради, смена ва мавсум давомида бузилмасдан ишлайди.

Сеялканинг созлик шартлари қуйидагилардан иборат:

— чигит солинадиган банкаларда тешикларнинг бўлмаслиги (чигит илиниб қолмайди, ерга тўкилмайди);

— банка тубига жойлашган чигит тўзитгич ва узатмалар тишларининг бутунлиги (банкага солинган чигитлар бир-бирига ёпишиб қолмайди, деталлар яхши айланади);

— чигит сарфи меъёрини ростлайдиган заслонка дарчаларининг енгил очилиб – ёпилиши (дарчалар енгил созланади);

— уруғ ўтказгичларда ёриқлар ва тешиклар йўқ (чигит тўкилиб кетмайди);

— сошникнинг тагидаги пичоғи ўткир, жағлари керилган, полозининг олд томонини ёй шаклида кўтарилган бўлиши (чигит тушадиган ариқчалар белгиланган ўлчамларда очилади, полоз олдида тупроқ тўпланиб қолмайди);

— сошник орқасида жойлашган зичлагич ғилдиракча, загортачлар ва прикаткани ўз ўқлари атрофида эркин айланиши, юзаларининг текис бўлиши (эгатлар сифатли чиқади, уруғ устидаги тупроқ яхши зичланади);

— сошник секциясидаги пружиналарнинг созлиги ва тўғри ўрнатилганлиги (пружиналарда зарур таранглик ва унинг миқдорини тўғри танлаш имкониятлари бўлади);

— сеялкадаги барча ростлаш механизмларининг (чигит сарфи меъёри, экиш чуқурлиги, пружиналарнинг таранглиги) созлиги (чигит фермер, агроном томонидан белгиланган миқдорда ва чуқурликда экилади).

Чигит экиш агрегатларига қўйиладиган агротехник талаблар ва уларни қондириш усуллари: туксизлантирилган ёки қобиқланган пахта чигитини уялаб экишда экиш аниқлиги камида 90% туксизлантирилган пахта чигитини доналаб экишда 1 метр ерга тушадиган уруғ сони 11–14 дона атрофида бўлиши лозим. Бунинг учун агрегатнинг барча қисмлари соз ишлаши керак. Намланган тукли чигитларни қаторлаб экишда 1 метрга тушадиган чигит сони 30–50 дона атрофида бўлиши керак. Ҳақиқий ва белгиланган экиш меъёрлари орасидаги рухсат этилган фарқ: туксизлантирилган чигит учун кўпи билан 10%, тукли чигит учун 15%. СТХ-4, СЧХ-4, СХУ-4 ва СМХ-4 русумли механик сеялкалар сарф қилаётган уруғ миқдори белгиланган меъёрдан ортиқ бўлса, экиш ғалтакларидаги тирқиш торайтирилади, кам бўлса – кенгайтирилади. “Кейс-1200” русумли пневматик сеялкалар туксизлантирилган чигитни доналаб ҳар бир метрга 15–17 донадан экиш имкониятларига эга. Чигит уялаб экилганда уялар орасидаги масофа уяловчи аппаратни ҳаракатга келтирувчи валдаги юлдузчаларни ҳамда уяловчи диск парраклари сонини, пневматик сеялкада рамага ўрнатилган қутидаги юлдузчаларнинг айланма тезлиги ҳамда экувчи дискдаги тешиклар сонини ўзгартириш орқали созланади. Экилаётган уруғ турига қараб уруғларнинг кўмилиш чуқурлиги 3–6 см атрофида, кўпроқ – 4–5 см. Кўмилиш чуқурлигининг ўрта квадратик четланиши кўпи билан +1 см (чигитнинг кўмилиш чуқурлиги механик сеялкаларда сошникдаги сирпанчиқни стойка бўйлаб кўтариб-тушириш, пневматик сеялкада экиш аппарати пружиналарининг таранглигини ўзгартиш йўли билан созланади); асосий қатор ораларининг бир-биридан фарқланиши кўпи билан +1 см (асосан маркер узунлигини тўғри танлаш ва тракторнинг оддинги ғилдирагининг маркер қолдирган излар бўйича барқарор ҳаракатланишига, яъни механизаторнинг малакасига боғлиқ. Агар қатор оралари 60 см бўлса, охирги сошник тумшуғидан маркер дискигача бўлган масофа 150 см, қатор оралари 90 см бўлганда эса 225 см бўлиши керак. Бу масофалар маркер дискини унинг ўқи бўйлаб силжитиш орқали ростланади. Пневматик сеялкаларда экиш секциялари модулли бўлгани учун экиш қаторлари ораси кенглигини 30–102 см оралиғида ўзгартириш имконияти бор).

Дала шароитида чигитнинг тўлиқ тушиши ва унинг кўмилиш чуқурлиги фермер ёки назоратчи агроном томонидан доимо кузатилиб борилиши шарт. Бу талаблар бажарилмай, экиш сифати бузилса, сеялка даланинг ўзида қайтадан созланади.

М.ТОШБОЛТАЕВ, т.ф.д., А.ҚОРАХОНОВ, т.ф.н.,(ҚХМЭИТИ)

Дўстларингизга ҳам улашинг!