ДАРАХТЛАРНИ КЕСИШ ВА УЛАРГА ШАКЛ БЕРИШ

Боғдорчиликни интенсивлаш дарахтлардан иложи борича эртароқ мўл ҳосил олишни талаб этади. Бу масала бир томондан эрта ҳосилга кирувчи навларни эрта ҳосилга киргизувчи пайвандтагларда етиштириш ва уларни юқори агротехника жараёнида парваришлаш билан амалга оширилса, иккинчи томондан эса бу жараён дарахтларни тўғри кесиш ва шакл бериш билан назорат қилинади.
Ёш мевали дарахтларга умуман шакл берилмаса ва кесилмаса улар тез ҳосилга киради. Лекин ҳосилдорлиги жуда секин кўпаяди ва мевасининг сифати пасайиб кетади. Шу билан бир вақтда дарахтарнинг айрим қисмларини мувозанати бузилади ва мевалар оғирлигида, айниқса, паст бўйли пайвандтагда ўсувчи дарахт бўлса бир томонга эгилиши, шохларининг синиши ва ҳаттоки дарахтнинг қўпорилишига олиб келиши мумкин.

Бақувват танали мевали дарахтга шакл бермай, кесмай парваришлаб бўлмайди. Дарахтни кесганда ҳам унинг танасидаги ҳосилдорликни, мева куртаклари шаклланишини ошириб бориш лозим. Бу жараённи мева дарахтининг бутун ҳаёти давомида таъмин этиб бориш лозим.

Дарахт танасининг ҳамма қисмларига қуёш нури яхши тушиши ва дарахт танаси ундан унумли фойдаланиши учун ҳозирги вақтда дарахтга шакл берилганда она шохларини камроқ ва сийракроқ қолдиришга ҳаракат қилинади. Мева шохчалари она шохининг танаси бўйлаб текис тақсимланади. Сийрак танада қуёш нури тушиши нормал бўлиб, ўз вақтида тананинг маҳсулдорлигини оширади ва мевалар сифатини анча яхшилайди.
Дарахт танасига етарлича қуёш нури тушмаса бу мева шохларининг камайишига ва тез орада нобуд бўлишига олиб келади. Ҳосил шохлари учида бўлишига ва дарахт кучли ўсиб кетишига олиб боради.
Эркин усулда шаклланган дарахтлар танасининг ривожи шакл бериш ва кесиш билан назорат қилинса, симбағазда ўстириладиган дарахтлар танаси ўсишини ва ривожини назорат қилиш шохларини эгиш, мева шохларини ҳосил қилишни назорат қилиш, бир йиллик ўсувчи шохларни иложи борича камроқ қисқартириш ва етарли даражада (шароитдан келиб чиққан ҳолда) кучли сийраклаштириш билан назорат қилинади.
Замонавий усулда ўстирилаётган симбағазли боғларда бу жараён яна-да аҳамиятли, чунки доим дарахт ўсишини таъмин этиш билан бир вақтда шохларни қалинлашиб кетишига ҳам йўл қўйиб бўлмайди.

Манба: Арипов А., Арипов А. – Уруғли интенсив мева боғлари.