Дуккакли экинларнинг майсалари ва илдизи чириш касалликлари

Қўзғатувчи замбуруғлар зарарланган уруғ, ўсимлик қолдиқлари ва тупроқда сақланади. Касаллик кўпроқ тупроқ намлиги 50% дан паст, тупроқ ҳарорати 18-25оС бўлганида ва уруғ чуқур экилганида кучли ривожланади. Илдиз ва ниҳоллар чириши экин сийрак бўлиб қолишига, касаллик кучли ривожланганида ҳосил 30% ва кўпроққа пасайишига олиб келади.

Касалликни бир нечта паразит замбуруғлар қўзғатади. Улардан энг кўп тарқалгани – фузариоз, камроқ учрайдиганлари ризоктониоз, питиоз ва қора илдиз чиришдир. Бу касалликларнинг характерли белгилари қуйида келтирилади.

Дуккакли экинларнинг илдизи физариоз қуруқ чириши

Касалликни Fusarium solani f.sp. phaseoli ва баъзи бошқа Fusarium турлари қўзғатади. Янги униб чиққан ниҳолларнинг ўқ илдизларида оч-қўнғир, сўнгра қизғиш-қўнғир ва ниҳоят қўнғир доғлар, сўнгра илдиз бўйлаб чатнашлар пайдо бўлади (1-расм), илдиз нобуд бўлади ва ўсимлик сўлиб қолади. Баъзи ўсимликларда зарарланган жойлардан юқорироғида ён илдизлар ўсиб чиқади. Замбуруғ ўсимликларга ҳар хил яралар орқали ёки бевосита илдизнинг соғлом тўқималарига киради. Далага дуккакли экинларни қайта экиш тупроқ зарарланишини кучайтиради. Дуккакли экинлар бўлмаганида ҳам паразит тупроқда 5 йилдан кўпроқ сақланиши мумкин.

Дуккакли экинларнинг илдизлари фузариоз қуруқ чириши (қўзғатувчи Fusarium solani f.sp. phaseoli).

Қўзғатувчининг белгилари. Ҳаво мицелийси бароқ ёки юпқа парда шаклли, оқ, оқ-пушти, оқ-оч-жигарранг-сариқ тусли. Макроконидиялар ҳаво мицелийси, пионнот ва спородохийларда пайдо бўлади, урчуқ-ўроқ шаклли, эгилган, баъзан деярли эгилмаган, 4-6 ҳужайрали, кўп бўлганида оч-қўнғир-сариқ, кўкиш-яшил, қўнғир-оқиш тусли, 4 ҳужайралиларининг ўлчами 30-45х4,5-5,5 мкм, 6 ҳужайралиларники 20-60х4-7 мкм.

Патоген омборхонадаги картошка туганакларида қуруқ чириш қўзғатади, чириётган помидор ва ғалла донларида учрайди. Пояни одатда илдиз бўғзидан юқорироғидан зарарлайди.

ДУККАКЛИ ЭКИНЛАРНИНГ РИЗОКТОНИОЗ ИЛДИЗ ЧИРИШИ

Қўзғатувчи Rhizoctonia solani замбуруғи. Экилган уруғ чирийди, унганларининг илдиз бўғзида қайноқ сувга куйганга ўхшаш, рангсиз доғлар пайдо бўлади, натижада уруғбарг ва ниҳоллар сўлийди. Каттароқ ниҳоллар ва ёш ўсимликларнинг илдиз бўғзида бироз ботиқ, қизғиш-қўнғир, узунчоқ яралар пайдо бўлади (2-расм).

ПИТИОЗ ИЛДИЗ ЧИРИШИ

Қўзғатувчилар Pythium debaryanum  ва Pythium sp. замбуруғлари. Ниҳолларнинг илдиз бўғзида ҳўл чириш ривожланади. Ниҳоллар ва баъзан ёш ўсимликлар сўлиб қолади ва қурийди.

2-расм. Дуккакли экинларнинг ризоктониоз илдиз чириши (қўзғатувчи Rhizoctonia solani).

ДУККАКЛИ ЭКИНЛАРНИНГ ҚОРА  ИЛДИЗ ЧИРИШИ

Қўзғатувчи Thielaviopsis basicola замбуруғи. Зарарланган ўқ илдизда тўқ-қўнғир, сўнгра қора тус олувчи доғлар пайдо бўлади, илдиз чирийди. Замбуруғ ҳақида маълумотлар “Помидор касалликлари” маърузасида келтирилган.

Булардан ташқари, дуккакли ўсимликларда илдиз чиришини баъзан бир нечта иккиламчи паразит замбуруғ ва бактериялар ҳам қўзғатади.

ДУККАКЛИ ЭКИНЛАРНИНГ МАЙСАЛАРИ ВА ИЛДИЗИ ЧИРИШИ БИЛАН КУРАШ ЧОРАЛАРИ

  • Касалликларга чидамли ва эртапишар навлар яратиш ва қўллаш;
  • Юқори сифатли, соғлом, пухта сараланган ва самарали фунгицид билан дориланган уруғларни тавсия қилинган муддатларда ва чуқурликка, эртароқ муддатларда ва қисқа вақт ичида экиш;
  • Уларни экишдан олдин 12-20 соат давомида ивитиш;
  • Экиш пайтида қаторларга фосфор ва калий ўғитлари солиш;
  • Агротехника қоидаларига риоя қилиш, қатқалоқни юмшатиб туриш;
  • Алмашлаб экишни жорий қилиш, дуккакли сабзавот экинларини олдинги йили ҳам шу экин бўлган далага экмаслик, кўп йиллик дуккакли ем-хашак ўтларидан камида 1 км узоқдаги далаларга экиш;
  • Экин қолдиқларини даладан чиқариб ташлаш ва ерни кузда чуқур ҳайдаш лозим.
  • Тошкент ва Жиззах вилоятларида синалган уруғ дорилагичлари (Витавакс 200ФФ, Янги Раксил, Дармон-4, Ҳимоя) орасида ВИТАВАКС 200ФФ нўхат илдиз чириши ва фузариозга қарши энг юқори биологик самарадорлик кўрсатган.