ДУККАКЛИ ЭКИНЛАРНИНГ УН-ШУДРИНГ КАСАЛЛИГИ

Касаллик дунёнинг барча минтақаларида тарқалган, Ўзбекистонда ҳам қайд этилган.

Ун-шудринг ўсимликларнинг барча ер усти органларини зарарлайди ва уларнинг устида ун пуркаганга ўхшаш оқ, сўнгра кулранг тус олувчи қатлам ривожланади. Кулранг қатлам асосан конидиялардан иборат. Конидиялар шамол, ёмғир томчилари ва ҳашаротлар воситасида экин ичида тарқалади.

Ёз охирларида барглардаги қатлам ичида ва устида оч-сариқ, сўнгра қора тусли, думалоқ, оддий кўз билан зўрға кўринадиган клейстотецийлар пайдо бўлади. Клейстотецийлар ўсимлик қолдиқларида қишлайди, баҳорда уларнинг ичидан аскоспоралар чиқиб, ёш ўсимликларни зарарлайди.

Ун-шудринг ҳаво ҳарорати 20-25оС ва намлиги 70-80% бўлган шароитда кучли ривожланади. Кеч экилган экинлар одатда кучлироқ зарарланади. Кўпинча касалланган ўсимликлар нобуд бўлмайди, аммо барглари ва дуккаклари кичик бўлиб қолиши, фотосинтез камайиши ва ўсимликдаги физиологик жараёнлар бузилиши натижасида ҳосил 15% ва ундан ҳам кўпроққа пасайиши кузатилади.

Ун-шудрингни дуккакли экинларда облигат паразит аскомицет замбуруғлар, жумладан мош ва ловияда Erysiphe communis f. phaseoli, нўхатда Leveillula taurica f. ciceris қўзғатади. E. communis замбуруғининг бошқа ихтисослашган формалари ўриснўхат, соя, ёсмиқ ва бошқа дуккакли ўсимликларни зарарлайди.

Ўзбекистонда ун-шудринг ловияда учраши ҳақида хабар қилинмаган, нўхатда қайд этилган, мошни кучли зарарлаши ва ҳосилини пасайтириши аниқланган. Касалликка чидамли навлар мавжуд эмас.

КУРАШ ЧОРАЛАРИ

  • Эртапишар навларни муътадил муддатларда экиш;
  • Ўсимлик қолдиқларини даладан чиқариб йўқотиш;
  • Касалликнинг биринчи белгилари кўриниши билан, уруғлик экинларга фунгицид пуркаш;
  • Чуқур кузги шудгор қилиш тавсия қилинади.