Ерни экишга тайёрлаш бўйича тавсиялар

Мамлакатимизда жорий йил январь ойи кўп йиллик ўртача об-ҳаво ҳароратига нисбатан илиқ келиб, ёғингарчилик нисбатан кам кузатилганлиги туфайли экин майдонларида намлик етарли даражада бўлишини таъминлаш мақсадида февраль ойида ўтказиладиган агротехник тадбирлар бўйича қуйидаги тавсияларга амал қилиш мақсадга мувофиқ.

Республикамиз минтақаларининг турли тупроқ-иқлим шароитларида қишлоқ хўжалиги экинларини сунъий равишда суғормасдан туриб кўзланган ҳосилни олиб бўлмайди. Чунки, мамлакатимизда табиий ёғингарчилик миқдори жуда кам (текис чўл-саҳро минтақаларида 90–120 мм атрофида холос, фақатгина тоғ ва тоғолди минтақаларида унинг йиллик миқдори 360 мм. гача етади) бўлиб, у ҳам мавсумий характерга эга бўлганлиги учун тупроқда тўпланган табиий намлик қишлоқ хўжалиги экинлари уруғини ундириб олиш имконини бермайди.

Бундан ташқари республикамизда сув манбалари жуда чегараланганлигини ҳам инобатга олсак, тупроқда нам тўплаш, сақлаш ва уруғни (айниқса чигитни) ернинг табиий намига ундириб олиш, ғўза парваришидаги барча агротехника тадбирларни сув ресурс­ларидан тежамкорлик билан оқилона фойдаланишга қаратиш муҳим аҳамият касб этади.

Бунда асосий муаммо тупроқнинг 8–10 см юза қатламидаги намни сақлаб қолиш учун ўтказиладиган бороналашни мақбул муддатда ўтказишдан иборат. Агар бу тадбир барвақт ўтказилса тупроқнинг зичлашишига олиб келади, аксинча, кечикиб ўтказилганда эса тупроқ юзасида нам етишмаслигидан тўлиқ ниҳол олишнинг имкони бўлмайди, кўчат сийрак бўлиб қолади.

Шўр ювиш ишлари 2–3 марта ўтказиладиган ҳудудларда бу тадбирни тез кунларда якунлаш лозим. Ер етилиши билан маъданли ўғитлардан фосфор ва калий картограммага асосан солиниб, борона тиркалган ҳолда чизел қилинади.

Чигитни тупроқнинг табиий намида тўлиқ ундириб олиш учун тупроқ оби-тобида етилиши билан икки қаторли қилиб тиркалган оғир бороналардан фойдаланилади. Экиш олдидан ҳам бир марта борона қилиб, мола босилади. Агар экишгача далада бегона ўтлар кўп бўлса, ер чизелланади, борона қилиниб, бегона ўтлардан тозаланади ва мола босилиб чигит экилади.

Тупроқда етарли даражада нам тўплаш ва сақлаш кузда ерларни шудгорлаш, текислаш, тупроқ шўрини ювиш ва бошқа тадбирлар билан чамбарчас боғлиқдир.

Мазкур комплекс тадбирларни илмий асосланган тавсияларга биноан ўз муддатида ва сифатли амалга ошириш кўзланган ҳосилни етиштириш гаровидир.

Кўп йиллик тажрибаларга қараганда, шамол эрозияси кучли ҳудудлар, яъни Қўқон гуруҳи туманларининг енгил тупроқларида ер асосан эрта баҳорда шудгор қилинади. Сўнгра майдонларда намликни йўқотмаслик ва сақлаб қолиш мақсадида пешма-пеш борона қилинади.

Шўр ювиш ишлари бир маротаба ўтказиладиган ҳудудларда экиш олдидан суғоришни ташкил этиш керак. Бунда суғориш меъёри тупроқ механик таркибидан келиб чиққан ҳолда 800–1000 м3/га. ни ташкил этади. Бундан кўзланган мақсад чигитни табиий намлик эвазига ундириб олишдир.

Экиш олдидан тупроққа ишлов беришда тупроқнинг ҳолатига қараб қуйидаги тадбирлар амалга оширилади: шўрланмаган, бегона ўтлардан тоза майдонлар бир вақтнинг ўзида бороналанади ва текислагич агрегатлар ёки мола ёрдамида текисланади.

Бегона ўтлар кучли босган майдонларда чизель-культиваторларга тиркалган бороналар воситасида кўп йиллик бегона ўтлар илдизлари тозалаб чиқарилади. Юзада қолган илдизлар эса қўлда терилиб, ёқиб юборилади. Айрим майдонлардаги нотекисликларни бартараф этиш учун енгил мола ўтказилади.

Кузда шудгор остига минерал ўғитлар солинмаган бўлса, шунингдек, шўр ювилган майдонларда экиш олдидан фосфорли ўғитлар йиллик меъёрининг 60–70 фоизи (физик ҳолда 200 кг/га Аммофос ёки 385 кг/га Супрефос ёки 600 кг/га Нитрофос) ҳамда калийли ўғитлар йиллик меъёрининг 50 фоизи (калий хлориди 80 кг/га) солинади. Белгиланган ўғитлар ўз муддати ва меъёрида қўлланилмаса, тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорлик йил сайин пасая боради. Қолаверса, ҳосилнинг қарийб ярми ўғит ҳисобига шакл­ланишини унутмаслик жоиз.

Тупроқ оби-тобига келишига қараб далалар асосан эрта баҳорда бороналанади. Бунда икки қатор борона тиркалган занжирли тракторлардан фойдаланилади. Эрта баҳорги бороналаш муддати тупроқнинг механик таркиби, об-ҳаво шароити ва тупроқнинг етилишига қараб белгиланади. Ёғингарчилик кам бўладиган ҳудудларда бороналаш февралнинг иккинчи ярми-мартнинг бошларида, бошқа ҳудудларда мартнинг иккинчи ярмида ўтказилади. Эрта баҳорги бороналаш ўтказилмаса тупроқдаги намлик тез қуриб, чигитни табиий намлик эвазига ундириб олиш имконияти пасаяди.

Бороналаш тупроқ юза қисмининг майда донадор бўлиши, намнинг узоқ сақланиши ҳамда зарарли тузларнинг юқори қатламларга кўтарилишининг олдини олиши баробарида бегона ўтларга қарши курашда яхши самара беради. Эрта баҳорги бороналаш бир марта, фақат айрим ҳоллардагина ер бети қаттиқ қатқалоқ бўлиб қолганда иккинчи маротаба ўтказилади.

Яхоб суви берилгач, айниқса, тупроқнинг шўри ювиладиган Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятлари экин майдонларида ҳайдов қатлами зичлашган бўлса, эрта баҳорги бороналаш самара бермаслиги мумкин. Бундай тупроқлар борона тиркалган ҳолда чизелланади ёки дискаланади. Эрта баҳорги ишлов беришда тишли ва дискли бороналардан тўғри фойдаланиш тупроқнинг ҳайдов қатламини зичлаштирмасдан экишга сифатли тайёрлашни таъминлайди.

Кузда шудгор қилиниб, шўри ювилган майдонларда ҳайдов қатлами зичлашмаган бўлса, 8–10 см чуқурликда 2 қаторли зиг-заг борона билан бороналанади. Бороналаш пайтида ажриқ, ғўмай, қамиш ва бошқа кўп йиллик бегона ўтлар илдизи тозаланиб, даладан йиғиб-териб олиниб, ёқиб юборилади.

Шунингдек, юқори сифатли уруғлик чигити ғўза тупларининг бақувват бўлишига, ўсимлик ривожининг тезлашишига ҳамда мўл ва эртаги ҳосил етиштиришга замин яратади.

     Ахборот хизмати   agro.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!