Феврал ва март ойларида далада амалга ошириладиган агротехник тадбирлар

Хаммамизга маълумки, йилдан йилга сувдан фойдаланиш масалаларига бўлган эътибор ошиб бормоқда. Жумладан сув ресурсларини  бугунги кундаги суръатлар билан сарфланиши, унинг глобал танқислигига олиб келмоқда. Янги сув ресурсларини ўзлаштириш сув хўжалиги тизимларини ушлаб туришга каттадан-катта инвестицияларни талаб қилади. Ҳар бир куб метр сувнинг нархи қимматлашиб бориб, ривожланаётган давлатларнинг сув таъминотида муаммолар келтириб чиқаради. Ҳозирги сувдан фойдаланиш модели сақлаб қолинса ва ахоли бошига тўғри келадиган сув истеъмоли ошиб борса, сув ресурсларининг танқислиги ҳам ортиб боради.

Хозирда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш дунёда, жумладан республикамизнинг барқарор иқтисодий тараққиётида ҳал қилувчи масалалардан бири ҳисобланади. Хаммамизга маълум Республикамиз асосан суғорма деҳқончиликка асосланган. Сабаби тупроқларимизда табиий намлик экинлардан юқори ва сифатли ҳосил олиш учун етарли эмас. Текис чўл-саҳро минтақаларида йилига 90-120 мм, тоғ ва тоғ олди минтақаларида эса 360 мм. гача ёғин ёғиши мумкин. Бу фақат қиш ва баҳор ойларида бўлиб, кейинчалик ҳаво ҳароратининг ошиши натижасида ушбу намлик ҳам буғланиб кетади. Шунингдек, республикамиз деҳқончилиги учун суғориш сувлари асосан қўшни мамлакатлардаги баланд тоғлар ҳисобига ҳосил бўлиб, дарёларимиз ушбу сувлардан тўйинади. Демак, тупроқда нам тўплаш, уни сақлаш ва уруғни (айниқса, чигитни) ернинг табиий намига ундириб олиш, буғдой ва ғўза парваришидаги барча агротехник тадбирларни амалга оширишда сувтежовчи усулларни қўллаш деҳқончилигимиз учун муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Умуман деҳқончиликда тупроқда ўсимликни ўсиб ривожланиши учун юқорида таъкидлаганимиздек етарли намликни фақат ёғингарчилик орқали тўпланган намлик ҳисобига эмас, балки қиш ойларида айниқса феврал ойида ерларни шўрини ювиш ва шўрланмаган ерларда эса етарли нам тўплаш учун уни чуқур хайдаб (35-40 см) текислаб эгат олиб суғориш усули ёки сув тежамкор суғориш усуллари (томчилатиб, эгилувчан қувурлар тўшаб ва бошқалар) билан амалга ошириш мумкин.

Бунинг учун сизот сувлари 2-3 м ва ундан чуқур жойлашган ерларда бу тадбир механик таркиби оғир бўлган майдонларда феврал ойининг иккинчи ва учунчи ўн кунлигида, механик таркиби ўрта ва енгил бўлган майдонларда эса феврал ойининг охири ва март ойининг биринчи яримида амалга оширилса мақсадга мувофиқ бўлади.

Суғориш меъёри — енгил таркибли тупроқларда гектарига 850-900 м3.

Ўрта механик таркибли тупроқларда 950-1100 м3/га.

Оғир механик таркибли тупроқларда 1000-1200 м3/га хисобида берилади.

Суғоришда эгатлар оралиғи: 60 см. ва 90 см., эгат узунлиги: 50-80, 100 метр бўлган эгатлар орқали амалга оширилса мақсадга мувофиқ бўлади.

Шўрланмаган тупроқларда эрта бахорда намликни сақлаш учун ерни 8-10 см. қатлами етилганда 2-қаторли (биринчи қаторда 6 та, иккинчи қаторда хам 6 та жами 12 та борона бир бирига тиркалган холда) оғир борона билан амалга оширилади.

Бу тадбир амалга оширилганда тупроқда мавжуд бўлган ва сувни ушлаб турган каппиляр найчаларнинг юқори ер бетига яқин қисми бузилади ва ер тагидан парлаш орқали келган намлик борона қилинган қатлам остида 80-90 фоизи сақланиб қолади. Бу намлик ўз навбатида бахорда ерни мола босиб текислаб чигит экилганда чигитни тўлиқ униб чиқишини таъминлайди.

 

Ғалла майдонларида ниҳолларнинг холатини ҳисобга олган холда феврал-март ойларида ўтказиладиган агротадбирлар

 

Суғориладиган ерларига экилган бошоқли дон экинларининг ўсиш ва ривожланиш даврларини аниқлаш мақсадида ғалла майдонларини зудлик билан мониторингдан ўтказиш талаб қилинади (тўла тўплаган 3-4 барг, 1-2 барг хосил қилган, униб чиқмаган майдонларни аниқлаш), айниқса шўрланган тупроқли майдонларга экилган буғдойларни холатини текшириб чиқиб агар бу ерлар ўртача, кучли шўрланган ерлар бўлса зудлик билан бу ерларда ўғитлаш ўтказилмаган бўлса хам хар гектар майдонга шўр ювишни ҳисобга олган холда гектарига 1000-1500 м3 хисобида сув бериб суғориш зарур, чунки шундай килинганда шу ерларда тупроқ таркибидаги мавжуд тузлар ювилиб буғдой нихоллари эркин ўсади ва ривожланади, акс холда тупроқ таркибидаги тузлар ниҳолларни қисиб буғдой кўчатларини тупроқдаги намликни ва озуқаларни олишига имкон бермай уни қуритади.

 

Буғдойни биринчи ўғитлаш

Эрта бахорги биринчи озиқлантириш, эрта ва мақбул муддатларда экилган хамда тўла тўпланиб қишловга кирган, эрта бахорда ўсимликларнинг холати меъёрида бўлган пайкалларга физик холда гектарига 100 кг. мочевина ёки 150-160 кг. селитра миқдорда азотли ўғитлар билан озиқлантириш зарур. Бу муддат тахминан фермер хўжалигини жойлашган минтақасига қараб 1-25 февралга тўғри келиши мумкин. Масалан Фарғона водийсида 1-25 февралга тўғри келади.

Эрта бахордаги азотли озиқлантиришда энг биринчи навбатда кеч муддатларда экилиб, қишловдан қийинчилик билан чиққан майдонларда, ундан кейинги уруғлик етиштириш учун экилган майдонларда ва ниҳоят қолган майдонларда ўтказилиши тавсия қилинади. Қишловга тўпланмасдан кирган ҳамда қишловдан қийинчилик билан чиққан майдонлардаги ўсимликларни, қўшимча тартибда 100 кг.дан озиқлантириш яхши самара беради.

Эрта бахорда тупроқ таркибидаги озуқа моддалари миқдорининг камайиб кетишидан ташқари, ўсимлик нозик холда қишдан чиқади ва озиқ моддаларга мухтож бўлади. Эрта бахорги озиқлантириш кўчат қалинлигини баркарорлаштиради. Ўсимликда тўпланиш жараёнини жадаллаштиради, 1 м2 майдонда 550-600 тагача маҳсулдор поя хосил қилишга эришиш мумкин. Эрта бахорги озиқлантириш ўз муддатида ўтказиш хисобига бир гектар ердан 4-6 центнергача қўшимча хосил олишга эришилади.

Эрта бахорги озиқлантиришда азотли ўғитлар меъёрини аниқлашда ўсимликларда ўсиш жараёни бошланиши муҳим ўрин тутади. Агарда ўсимликларда ўсиш жараёни кеч бошланса, бу даврга келиб хаво хорорати тез кўтарилади, ривожланиш фазаларини ўтиш вақти ва озиқа моддалар ўзлаштирилиши пасаяди. Шу даврда ўсимликда тўпланиш ва генератив органлар ривожланишини кучайтириш мақсадида азот меъёрини йиллик меъёрига нисбатан 25 фоиз эмас, балки 30 фоизга оширилиши тавсия қилинади. Эрта бахорги озиқлантиришда азот меъёри бундан оширилганда азотни ортиқча қисми сув ёки ёғингарчилик билан ювилиб кетади.

Озиқлантиришдан сўнг хар бир минтақада тупроқ намлиги ва иқлим шароитини ҳисобга олган холда суғориш ишларини ташкил қилиш талаб қилинади. Бунда 1 гектар ер майдонига сарфланадиган сувнинг мавсумий меъёри 3000-4500 м3, суғориш меъёри эса 700-800 м3 ни ташкил этади. Ер ости сувлари сатҳини жойланишига қараб кузги буғдойни мавсумий суғориш меъёри 2500-3000 м3 бўлади.

Эрта бахорда буғдой майсалари ривожланиши суст бўлган майдонларга, минерал ўғитлар суспензияси тайёрланиб сепилиши, ўсимликларни эрта бахорги ривожланиш жараёнини тезлаштиради.

Эритма тайёрлашда 12 кг. аммофос, 6 кг калий ва 6 кг селитра олиниб, 300 литр сувда эритилади ва махсус пуркагич механизмлари ёрдамида кузги буғдой пайкалпарига сепилади. Бу эса илдиздан ташқари баргдан озиқлантирилганлиги сабабли ўсимлик барг сатҳи қалинлашади, ўсимликларни касаллик ва зараркунандаларга чидамлилиги ортади, фотосинтез жараёни тезлашади, натижада ниҳолларнинг ўсиши ва ривожланиши тезлашади.

Суспензия сепишда буғдой майсалари ер устки қисмини тўла қопланганлигига алоҳида эътибор бериш керак. Чунки сепилган суспензияни ўсимлик барги орқали ўзлаштиради. Буғдой майсалари ер устки қисмини барг сатҳи билан қопламаган майдонларда сепилган суспензиянинг асосий қисми ер устки қатламига тушади, бундан ўсимлик фойдалана олмайди, натижада сепилган суспензия самарадорлиги пасаяди.

 

Шўр ювиш

Тупроқнинг шўрланиш даражасини ҳисобга олиб, кучсиз шўрланган ерларда гектарига 2000-2500 м3 сув сарфлаб 1 марта, ўртача шўрланган ерларда гектарига 4000-4500 м3 сув сарфлаб 2 марта, кучли шўрланган ерларда гектарига 6000-6500 м3 сув сарфлаб 3 марта шўр ювиш ишларини ўтказиш керак. Шўр ювиш ишлари 10 февралга қадар тугалланиши лозим.

 

Шўри ювилган майдонларни органик ўғитлар билан озиқлантириш

 

Маҳаллий ўғитлар ерга шўр ювилгунга қадар солинганда яхши натижа бериши аввалдан маълум. Баъзи бир сабаблар туфайли бу иш амалга оширилмаган тақдирда ярим чириган гўнг тез кунда далаларга олиб чиқилиши ҳамда фосфорли ва калийли минерал ўғитлар чизель остига солиниши лозим.

Амударёнинг қуйи қисмидаги Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятларининг қадимдан суғорилиб деҳқончилик қилинаётган ерларига гўнг, одатда кузги шудгорлашдан ёки баҳорги шудгорлашдан аввал шўр ювишга қадар солинади.

 

Нам тўплаш

Ушбу тадбир, айниқса, ер ости сувлари чуқур жойлашган, кучли шамол эсадиган минтақаларда ўтказилиши жуда муҳим ҳисобланади. Бундай жойларда биринчидан, бороналашни тез ўтказиш, шудгор натижасида ҳосил бўлган марзаларни текислаш ишлари тупроқдаги намликнинг яхши сақланишига олиб келади. Кузда шудгор ўтказилган экин майдонларида эрта баҳорда бороналаш ишлари биринчи навбатда, сизот сувлар чуқур жойлашган, кейин эса сизот сувлар юза жойлашган майдонларда ўтказиш мақсадга мувофиқдир.

Ёғингарчиликлар туфайли тўпланган намликнинг чигитни ундириб олишга етарли бўлмаслиги нам тўплаш ва яхоб суви берилишини талаб этади. Чунончи, кучли шамоллар таъсирида ернинг устки қисми экиш олдидан қуриб қолади. Демак, ер ости суви чуқур жойлашган, ёғин-сочин кам бўладиган оч тусли ва типик бўз тупроқларда куз-қиш ойларида нам тўплаш сувини бериш муҳим агротехник тадбир ҳисобланади. Яхоб суви берилган ёки тупроғи ювилган майдонларда намни сақлаш мақсадида, эрта баҳорда ўтказиладиган бороналаш ишлари зиг-заг шаклдаги ва 200 мм келадиган тишли бороналар ёрдамида бажарилади.

 

Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларининг яхоб суви берилган ёки шўр ювилган экин майдонларида ҳайдов қатлами зичлашган бўлса, баҳорги бороналаш самара бермаслиги мумкин. Бундай тупроқли майдонлар борона тиркалган ҳолда чизелланади ёки дискаланади. Эрта баҳорги ишлов беришда тишли ва дискли бороналардан тўғри фойдаланиш тупроқнинг ҳайдов қатламини зичлаштирмасдан экишга сифатли тайёрлашни, энг муҳими намликнинг яхши сақланиши ҳамда ернинг оби-тобида етилишини таъминлайди.

 

Кузда шудгор ўтказилган майдонларда нам тўплаш мақсадида, эрта баҳорда (февраль охири-март ойи бошларида) 8-10 см чуқурликда 2 қаторли зиг-заг борона билан бороналанади. Бороналаш бегона ўтлар сонини анча камайтиради. Бу тадбир асосан тупроқнинг етилишига боғлиқ ҳолда, жумладан Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида февраль ойида, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳамда Фарғона водийсида февраль ойининг охири ва мартнинг бошларида, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида март ойида ўтказилади.

Бороналаш ер ҳайдаш йўналишига нисбатан диагонал ҳолда амалга оширилса, агрегатларнинг иш унумдорлиги ортади, ишнинг сифати яхшиланади, агрегатларнинг бурилиш жойлари камаяди.

Тупроғи шўрланмаган, намлик ва ёғингарчилик кам бўладиган Қашқадарё вилоятининг Нишон, Косон, Миришкор, Қарши, Муборак ва Касби туманларида, Сурхондарё вилоятининг барча туманларида ҳамда Фарғона водийсининг баъзи туманларида ва Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида чигит пуштага экилиши сабабли пушта олиб қўйилади. Пушта олинган майдонларда тупроқда намлик яхши сақланади ҳамда кесак ҳосил бўлиши камаяди. Ерларнинг ҳайдов қатламида тупроқ зичлигининг мақбул ҳолати узоқ вақт сақланади. Пушта олиш технологиясида тупроқнинг устки қисмида ҳарорат текис далага нисбатан 1-3 даража юқори бўлади. Натижада чигит барвақт униб чиқади, пахта ҳосили 4-8 ц/га. га ошиши таъминланади.

Чигитни пушта ва жўяк олиб экиш учун текис ва бирмунча қия, тупроғи шўрланмаган, шунингдек, кам ва ўртача шўрланган, бироқ шўри яхши ювилган далалар танланади. Кузда пушта олиш имкони бўлмаган майдонларда баҳорда пушта олинади ва бунга тупроқнинг юза қисми етилиши билан киришилади, акс ҳолда кесак кўчиши оқибатида тупроқ юзаси нотекис бўлиб, чигитни экиш сифати бузилади ва тўлиқ кўчат олинмайди. Тупроқнинг табиий намлигига чигит ундириб олиб бўлмайдиган майдонларда нам тўплаш мақсадида баҳорда 22-25 см. пушта олиб, тупроқнинг механик таркиби ва қишда тўпланган намлик даражасига кўра гектарига 600-700 м3 миқдорида заҳира суви берилади.

Захира суви билан тўйинтирилган тупроқларда пушта остида нам етарли бўлиб, бу чигитларнинг тезроқ ва хатосиз униб чиқишини ва тупроқнинг агрофизикавий хоссалари мақбул сақланганлиги боис ниҳоллар илдизининг жадал ва соғлом ривожланишини таъминлайди. Шунингдек, пушта олинган майдонлар ер сатҳига қуёшдан тушаётган фойдали ҳарорат ва ёруғликни кўпроқ ўзлаштириб, ғўза ниҳолларининг ривожланишини жадаллаштиради, қатор ораларига техник ишлов беришда ўсимликлар шикастланишининг (культиваторларнинг ниҳолни кесиб кетиши) олди олинади. Шу билан бирга ниҳолларнинг дастлабки озиқлантиришда берилган минерал ўғитлардан самарали фойдаланиш коэффициенти ошади.

Кузда шудгор остига, шунингдек, шўр ювилган майдонларга минерал ўғитлар солинмаган бўлса экиш олдидан фосфорли ўғитларнинг йиллик меъёрини 60–70 фоизи (физик ҳолда аммофос 200 кг/га ёки супрефос 385 кг/га, ёки РS-Агро-250 кг/га ёки нитрофос 600 кг/га) ҳамда маҳаллий калийли ўғитнинг йиллик меъёрини 50 фоизи (калий хлориди 80 кг/га) солинади. Ўғитлар муддатида ва меъёрида қўлланилмаса, тупроқ унумдорлиги ва экинлар ҳосилдорлиги пасайиб кетади. Чунки, ҳосилнинг қарийб ярми ўғит ҳисобига шаклланади.

 

Гўнг чиқариш ва компост тайёрлаш. 

Кўп йиллик изланишлардан маълумки, маҳаллий ўғитлардан самарали фойдаланиш тупроқ табиий намлигини сақлашда муҳим аҳамиятга эга. Тупроққа қанча кўп маҳаллий ўғит солинса, шунча кўп углерод ажралиб чиқиб, ўсимликни ҳаводан озиқланиш жараёнини кучайтиради, қурғоқчиликка чидамлигини ошириб, суғориш орасидаги муддатни узайтиради. Маҳалий ўғитларни далага чиқариш билан биргаликда улардан самарали фойдаланиш мақсадида, органик ўғитларга (қорамол гўнги, парранда қийи, шаҳар чиқиндилари) дарахт барглари, ем-хашак бўлмайдиган зироатларнинг қолдиқлари, эски девор кесаги, ариқ ва зовур лойқаси ёки экишда фойдаланилмайдиган дўнгликдаги тупроқларни ҳамда табиий захиралари мавжуд бўлган кўмир кукуни, фосфорит ва ноанъанавий агрорудалар (бентонит, бентонитсимон лойлар, глоуконитлар ва бошқалар) дан компостлар тайёрлаш тавсия этилади. Бунда компост тайёрланадиган ўранинг узунлиги 40-50 метр, эни 3-3,5 метр, чуқурлиги 1,5-2,5 метр атрофида бўлиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

 

Бахтияр Матякубов

“Ирригация ва мелиорация” кафедраси доценти
Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!