ФИЛЛОКСЕРА — ТОКЗОРЛАРНИНГ ХАВФЛИ КУШАНДАСИ

Кўпгина давлатлардан интродукция қилиш орқали узумнинг турли навларини келтириб маҳаллий иқлимга мослаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда. Юртимизда узум навларининг кўпайгани яхши албатта. Лекин бунинг ортидан кириб келаётган зараркунанда ҳашаротларнинг ўсимликларга салбий таъсир этишига ҳам эътибор қаратиш лозим.

Шулардан бири ток филлоксераси зараркунандаси бўлиб, унинг зарарли оқибатлари дастлабки жараёнларда сезилмасада, кейинчалик юзага чиқади. Бу ўта хавфли карантин зараркунандаси ҳисобланиб, Европада 20-30 йил давомида 60 миллион гектарга яқин токзорнинг қуришига сабабчи бўлган. Унинг таъсирида кўплаб давлатларда ток ўсимликлари илдизи билан қуриб кетган.

Филлоксеранинг қишловчи тухумлари овалсимон шаклда, уч қават қобиқ билан қопланган, узунлиги 0,27 мм., эни 0,14 мм. бўлиб, -12,-14 даража совуққа бардошли бўлади. Филлоксера апрель-май ойларида қишловдан чиқиб, ривожлана бошлайди. Қишлаб чиққан тухумдан урғочи филлоксера личинкаси пайдо булади. У ёш барг новдалари орқали хартуми билан ўсимлик ширасини сўриб озиқланади. Ушбу зараркунанда 5-9 тагача авлод беради. Зарарланган органларда бўртмалар ҳосил бўлади, барглар деформацияга учрайди, ёш ток кўчатлари ҳосилга кирмасидан нобуд бўлади. Жаҳонда филлоксерага қарши барча кураш усуллари қўлланиб кўрилган. Шунга қарамай зарарланган ҳудуддан филлоксерани йўқотиш чоралари топилмаган.

Лазиз НАЖИМОВ, Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси агроном инспектори.