Фосфорли ўғитлар ҳақида

Суперфосфат – фосфорли ўғитнинг асосий тури. Апатитлардан тайёрланган суперфосфат оқ рангда бўлади. Таркибида 19-20% сувда эрийдиган фосфор кислотаси мавжуд. Аммонийлашган донадор суперфосфат таркибида 1,5-2,5% азот ва 14-15% фосфор кислотаси мавжуд.
Оддий суперфосфат – апатитлардан тайёрланганининг ранги деярли оқ, таркибида 14-20 фоизгача эрувчан фосфат кислотаси мавжуд. Қоратов фосфоритларидан олингани эса кулранг тусда бўлади. Сувда эрувчан, гигроскопиклиги кам, юқори намликда сочилувчанлиги яхши эмас.
Қўш суперфосфат – асосан монокальцийдан иборат бўлиб, 42-50% фосфорга эга бўлган концентрик ўғитдир. Фосфат кислотага бойроқ. Қўш суперфосфат сувда эрувчан бўлиб, тупроққа оддий суперфосфатга нисбатан камроқ сингийди, гигроскопиклиги кам, сочилувчанлиги яхши.
Фосфомочевина – бу карбамид ва аммофос минерал ўғитларини механик аралаштириш йўли натижасида олинган аралаштирилган ўғитдир. Таркибида 40% азот ва 3,5 фоиз Р2О5 бўлган фосфомочевина қишлоқ хўжалигида минерал ўғит сифатида фойдаланишга мўлжалланган. Карбамид таркибидаги азот-амид шаклида бўлади. Маълумки, фосфорли ўғитлар тупроқни фосфор заҳиралари билан тўйинтиришнинг ягона манбаи ҳисобланади. Шунингдек, бундай ўғитлар ҳосилни кўпайтиради, сифатини яхшилайди, ўсимлик поясининг ётиб қолиши ва қурғоқчиликка
чидамлилигини оширади.
Фосфомочевинани узоқ таъсир этадиган асосий самарали азот-фосфор ўғити сифатида барча сабзавот ва қишлоқ хўжалиги экинлари учун тупроқ остига ҳамда илдиздан ташқари озуқа сифатида қўллаш мумкин.
Фосфорли ўғитлар юқори физик хусусиятга эга бўлиб тупроқ структурасини яхшилайди. Барча турдаги тупроқларда яхши самара беради, тупроқни фосфор, олтингугурт, кальций билан тўйинтиради, соғломлаштиради, ўсимликларнинг касалликларга қарши чидамлилигини оширади.

Манба: «ЎСИМЛИКЛАРНИ ОЗИҚЛАНТИРИШ ВА ЗАРАРКУНАНДАЛАРДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШ» Б.Қ.МУХАММАДИЕВ