ФУНДУК ЁНҒОҒИ ЕТИШТИРИШ БЎЙИЧА МАСЛАҲАТЛАР

Фундук ёнғоғи дарахтининг новдалари бир йилда 2-4 метргача ўсади ва у эластик қайишқоқ ҳамда эгилувчанлик хусусиятига эга. Ундан ҳар хил саватлар ва иҳота учун четанлар ясаш мумкин. Фундук баҳорда эрта гуллайди, гулчанги кўп бўлади. Асаларилар мўл асал йиғади. Фундукнинг маданийлаштирилган “Черкас-2”, “Кудрявчин” (бурама), “Гибрид”, “Мичурин”, “Санц” каби навлари мавжуд. Фундук мевасининг диаметри 2-6 см бўлиб, шакли овал-юмалоқ, ранги яшил, пўсти қалин-зич.

Фундукнинг бир тупидан 8-10 кг гача мева олиш мумкин. Бир гектар майдонга 600 туп кўчати экилади. Ҳар гектар фундукзордан 2-3 т ҳосил олиш мумкин. Дарахти бутасимон, дарахт сифатида ўстирилади. Бўйи 2-4 м гача ўсади. Меваси август-октябрь ойларида пишади.

Тупроқ танламайди. Тоғли, тошлоқ ҳудудларда ҳам ўсаверади, чунки томир қисмида майда замбуруғга ўхшаш шишлар мавжуд бўлиб, улар ердан фойдали элементлар ва сувни тезда қабул қилиб ривожланади.

Экишдан олдин ҳар туп ниҳоли остига 1-1,5 кгдан ўрмон тупроғини солиш шарт. Сабаби ўрмон тупроғи таркиби ҳар хил озиқ моддаларга бой. Гуллаш даврида 0°С совуқ кузатилса ҳам, таъсир кўрсатади. Ўрмон ёнғоғи кўчатларининг 2 йиллиги экилади.

Ҳосилли новдаларни кўпайтириш учун ниҳолни чуқур экиш тавсия этилмайди, акс ҳолда дарахти кеч ҳосилга киради. Ўрмон ёнғоғини озиқлантириш тупроқ структурасига қараб амалга оширилади. Дарахт таги 15-20см гача юмшатилади. То ҳосилга киргунича минерал ва маҳаллий ўғитлар солиш тавсия этилмайди. Ҳосилли фундук дарахтига эрта баҳорда ҳар бир тупига 10кг дан маҳаллий ўғит, 50-60г калий, 100-150г азот, 200-250г фосфор бериб борилади.

Ҳосилни териб олишда мевалари ранги ўзгаришига қараб, яъни яшил-қизғиш ҳолга келганда новдасини сал силкитиб, қоқиб олинади. Меваси озгина намлигича қолса ҳам 2-3 кунда сифатсиз бўлиб қолади. Шунинг учун ёнғоқ меваларини майдончаларда қуритиб олиш лозим.

Манба: @agrobloger

Дўстларингизга ҳам улашинг!