ФУНГИЦИДЛАР

Замбуруғли касалликлар қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилининг кўплаб йўқотилишига (25-30% гача), шунингдек маҳсулот сифатининг пасайишига сабаб бўлади. Қишлоқ хўжалиги экинларини интенсив технология бўйича етиштиришда ва якка экин ўстиришда кўп йиллик экинларда ўсимликларнинг касалликлар билан зарарланиш хавфи ортиб кетади.

Фунгицидлар (fungus – замбуруғ) – замбуруғлар учун заҳарли ва уларнинг споралари ёки мицелийларининг ривожланишига барҳам берувчи модда. Ўсимликларга ишлов бериш учун қўлланиладиган фунгицидлар ҳимоявий, системали ва даволовчи турларга бўлинади. Ҳимоявий фунгицидлар профилактика мақсадларида қўлланилади. Даволовчи фунгицидлар деб патоген киргандан сўнг ишлов берилганда ўсимликларда касаллик белгиларининг ривожланишига барҳам бе-рувчи моддаларга айтилади. Системали фунгицидлар– ўсимликларнинг ўтказувчи найлар тизими бўйлаб ҳаракатлана олиш ва ишлов берилгандан кейинги пайдо бўлган янги ўсувларни ҳимоялашга қодир моддалар, бу вақтда ташқи таъсирли фунгицидлар фақатгина пуркалган жойдаги ўсимлик қисмини ҳимоя қилади. Системали фунгицидлар қатор ҳолатларда ҳам ҳимоявий, ҳам даволовчи таъсир кўрсатади, бунда ташқилар эса– фақат ҳимоявий. Системали фунгицидлар ўсимликлар томонидан тез ютилади, шу боис уларнинг самарадорлиги ёғингарчиликларга камроқ даражада боғлиқ бўлади. Патогенлар миқдорини кўпайиши, ўсимликларда касалликларни ривожланишига олиб келади. Демак, ўсимликларни касалликлардан ҳимоя қилишнинг жами муаммолари мажмуини ҳал қилиш, хусусан резистентликнинг юзага келиш эҳтимолини минимумга тушуриш учун фунгицидларнинг ҳам кетма-кет, ҳам навбатланиб қўлланилувчи улкан спектри ва уларнинг комбинацияларини талаб қилади.
Бутун дунёда фунгицидларни асосий қўлланиш соҳаси мевали боғлар, сабзавотзорлар, донли экинзорлар ва шолини ҳимоя қилиш ҳисобланади.

Манба: Б.А.Сулаймонов, Х.Х.Кимсанбоев, А.Р.Анорбаев, Б.С.Болтаев, У.Д.Ортиқов, Б.З.Хамроев // «ЎСИМЛИКЛАРНИ КИМЁВИЙ ҲИМОЯ ҚИЛИШ»