Ғаллачилик: ҳосил мўл бўлсин десангиз

Бугунги кунда инсоният бошига тушган пандемия даврида дунё иқтисодиётининг глобал инқироз ёқасига олиб келиши халқаро экспертлар томонидан ташвишли баҳоланмоқда. Бундай иқтисодий инқироз жараёнида айрим давлатлар ўз аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда ўта мураккаб вазиятларга дучор бўлиши ҳам кенг баҳолаб келинмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 10 апрель куни пахтачилик ва ғаллачиликда кластер тизимини ривожлантириш, баҳорги агротехник ишларни самарали ташкил қилиб, ҳосилдорликни ошириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида бугунги кунда дунёда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўй бераётган ҳолатлар бўйича қуйидагиларни таъкидлаб ўтди.

Коронавирус пандемияси инсонлар ҳаётига хавф солиш билан бир қаторда бутун дунёни иқтисодий инқирозга олиб келаётгани тобора аниқ бўлиб бормоқда. Халқаро ташкилотлар таҳлилларига кўра, пандемиянинг жаҳон иқтисодиётига зарари камида 5 триллион долларни ташкил қилади.

Бу вазиятда озиқ-овқат таъминоти масаласи кучайиб, айрим давлатлар ўзи етиштирган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини четга чиқармаслик чораларини кўрмоқда. Шунинг учун қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бугунги кунда энг долзарб масалалардан бирига  айланиб қолмоқда.

Юртимизда бу шароитни тўғри баҳолаган,  кластерлар раҳбарлари пахта ҳосилдорлигини 10 центнерга ва ғаллачиликда ҳосилдорликни 20 центнерга ошириш бўйича ташаббус билан чиққанлиги алоҳида эътиборга сазовордир.

Республикамизда 2020 йил ҳосили учун 1 млн 77 минг гектардан зиёд майдонда бошоқли дон экинлари экилган бўлиб, Президентимиз томонидан яратиб берилган имкониятлардан кенг фойдаланиб, озиқ-овқат саноатида аҳолини кундалик эхтиёжларида энг зарур бўлган ун ва ун маҳсулотларига бўлган талабини тўла қондириш қишлоқ хўжалигининг ғаллачилик соҳасидаги мухим вазифалардан биридир.

Бу йилги об-ҳавонинг мураккаб келаётганлиги ғалла етиштириш ва унинг парваришида, айниқса ғалла ҳосили тақдири ҳал бўладиган май ойида ўта маъсулиятли ёндошишни тақозо этмоқда.

Ғаллани парваришлашда қўлланилаётган агротехник тадбирлар мутахассислар билан келишилган ҳолда уларнинг тавсияларига асосан қатъий график асосда олиб борилиши зарур.

Республикамизда экилган ғалла майдонларида баҳорги белгиланган барча агротехник чора-тадбирларни ўз даврида сифатли амалга оширилаётган бир даврда иқлимнинг ўзгариши натижасида 8-9 апрель кунлари республикамизнинг айрим вилоятларида қалин қор ёғиши ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши кузатилди. Бу даврда ғалла экилган майдонларнинг аксариятида ўсимликлар найчалаш фазасида бўлиб, айрим минтақаларимизда эрта экилган ҳамда эртапишар навларда бошоқ тўла шакилланиб, бошоқлаш фазасига ўтиш арафасида яъни байроқ барг чиқариш фазасига тўғри келди.

Бошоқли дон экинлари учун бу даврда оптимал ҳаво ҳароратга (20-250С), озуқага ҳамда сувга бўлган талаби юқори бўлади.Табиатнинг бундай ноқулай иқлим шароити ғалла майдонларида ўзининг бир қатор салбий таъсирини кўрсатди. Бундай ҳолатларни бартараф этиш, ғалладан юқори ва сифатли дон ҳосил олиш учун бир қатор қўшимча агротехник чора-тадбирларни қўллаш ўта мухим ҳисобланади.

Апрель ойининг  биринчи ярмида бўлиб ўтган ҳаво ҳароратини пасайиши натижасида ва фақат эрта муддатларда экилган, балки барча кузги ғалла майдонларидаги экинларни ривожланишини кечиктириб юборди.Кўп йиллик кузатишлардан маълум бўлдики, бугунги кунда ғалланинг ҳолати аввалги йиллардагига нисбатан 5-7 кунга кечикканлиги намоён бўлмоқда.

Ғаллани бошоқлаш, гуллаш, дон шаклланиши ва дон тўлишини ҳисобга олган ҳолда азотли ўғитларнинг йиллик меъёрини 100-150 фоизи миқдорида белгилаш мақсадга мувофиқ, лекин апрель ойида қор билан қопланган ҳамда совуқ таъсир қилган майдонларга яна қўшимча 100-150 кг. физик ҳолда азотли ўғитлар билан озиқлантиришни амалга ошириш. Ривожланишдан орқада кечиккан ғалла майдонларда илдиздан ташқари тавсия этилган биоўғитлар ёки карбамид минерал ўғитининг сувдаги эритмаси билан баргдан озиқлантириш тавсия этилади.

Карбамидлик эритма билан ғалла ниҳолларини барг орқали озиқлантиришда гектарига 15-20 кг. физик ҳолда карбамид эритмасини тайёрлаб 250-300 литр сувга аралаштирилиб, ишчи эритма ҳисобида сепилади.

Баргдан озиқлантирилганда ғалланинг ривожи яхшиланиши, ҳосилдорликни гектарига 5-6 центнерга ортиши, доннинг технологик сифат кўрсаткичлари оқсил ҳамда клейковина миқдори 2-3 фоизга ортиши, дон натураси, 1000 дона дон вазни ошишига эришиш билан ғалладан мўл ва сифатли дон ҳосили олишга эришилади.

Баҳор ойида ҳавонинг серёғин келиши ва ҳароратнинг паст келган даврларда ғалла майдонларида суғориш ишларига эътиборли бўлиш талаб этилади. Ғалла майдонларида ғалланинг мумпишиш давригача май ойида даладаги намликни етарли сақлаб туриш минтақа шароитидан келиб чиққан ҳолда 2-3 марта енгил 500-600 м3 ҳисобида  намма-нам суғориш тавсия этилади. Ғалла нихоллари май ойида асосан кўк массаси бошоқда бўлиб, ғалланинг мум пишиш даврида пояга нисбатан бошоқнинг массаси ортиқ бўлади. Ортиқча суғорилган ва сифатсиз кўллатиб суғорилган майдонларда ғалла ниҳоллари тез ва кучсиз (ингичка) поя бўлиб ўсади ҳамда ётиб қолишга мойиллиги юқори бўлади. Табийики, ётиб қолган майдонларда ҳосилдорлик 40-45 фоизгача йўқолиши кўп йилик тажрибаларда аниқланган.

Йилнинг серёғин келиши, ҳароратнинг паст бўлиши ва намликнинг юқори бўлиши ғаллазорларга ўз таъсирини кўрсатади. Бундай ноқулай иқлим шароитида касаллик ва зараркунандалар ривожланишига мўътадил шароит яратилиб, касалликлардан асосан ун-шудринг, септариоз, бошоқ фузариози, сариқ ва қўнғир занг касалликлари кенг тарқалиб, ғаллага жуда катта зарар келтиради. Айниқса занг касалликлари билан касаланган ўсимлик барг ва поялардаги фотосинтез жараёни бузилади. Баргдаги физиологик ва биокимёвий жараёнлар пасайиши натижасида ўсимликларни ноқулай ташқи муҳит омилларига бардошлиги пасайиб кетади. Дон ҳосилдорлиги ва доннинг нонбоплик хусусиятларига салбий таъсир этади.

Касалликлар ичида энг хавфли бўлгани бу сариқ занг касаллиги бўлиб, касаллик жуда тез тарқалиб, оптимал ривожланиши учун ҳаводаги намлик 80-85 фоиз,  харорат 22-250С бўлганда ўсимликнинг барг тўқималарини  кучли зарарлаши ва кенг тарқалиш фотосинтез жараёнини бузилиши натижасида ҳосилдорликни 25-30 фоизга йўқотилиши кўп йиллик тадқиқотларда кузатилган. Бундай ҳолат май ойининг биринчи ўн кунлигида кўпроқ кузатилади.

Қўнғир занг касаллиги намлик юқори бўлиб, ҳарорат 28-32С0 бўлганда оптимал тез ривожланиб, ғалланинг гуллаш ва сут пишиш фазасида кучли зарарлаб, зарарланган ғалла баргалари бужмайиб, қурийди, бошоқдаги донлар миқдори камайиб, дон тўлишмайди ва ҳосилдорлик кескин пасаяди ва дон ҳосили 30-50 фоизгача пасайиб кетади.

Касалликларга қарши курашда қўлланиладиган агротехник тадбирлардан бири биринчи навбатда касалликлар тарқалиши хавфи бўлганда ғалла майдонларига рўйхатга олинган қуйидаги кимёвий фунгицидлар билан ишлов бериш тавсия этилади. Топ Кроп гектарига 0,2-0,3 л/га, Прозолин 420 к.с гектарига 0,45-0,6 л/га, Тилтазол 50% к.к.р гектарига 0,2 л/га, Альто Супер 33% гектарига 0,3 л/га, Титул Дуо гектарига 0,2 л/га, Энтоликур гектарига 0,3-0,5 л/га препаратларини 250-300 литр ишчи эритма тайёрлаб ишлов бериш тавсия этилади.

Ғалла майдонларида ихтисослашган зараркунандалардан энг кенг тарқаладигани ғалла шираси, шиллиқ қурт (паявица), зарарли хасва ва поя арракаши кенг зарар келтиради. Бу йилги қишнинг илиқ келиш ҳашаротларнинг қишлаши учун қулай бўлиб, асосан энг эрта зарар келтирадиган зарарли хасва ва шиллиқ қурт(пявица)нинг етук ҳашаротлари ғалла майдонларда кенг тарқалиши кейинги кунларда кўп кузатилмоқда.

Зарарли хасва эрта тарқалган даврларда қишловдан чиққан етук ҳашароти ғалла ниҳоларини найчалаш даврида пояларини сўриб, кучли зарарлаши ҳамда ғалланинг сутпишиш даврида тухумдан чиққан личинкалари бошоқнинг то мум пишиш давригача сўриб зарарлаши натижасида ҳосилни 20-25 фоизни йўқотибгина қолмай, доннинг технологик сифат кўрсаткичларини ҳам кескин пасайишига сабаб бўлади.

Ҳаво ҳароратининг паст ва намгарчилик келган йилларда ғалланинг ривожи кечиккан даврларда ғаллага энг катта зарар келтирувчи шиллиқ қурт (пявица) ва ғалла арракаши катта зарар келтиради. Шиллиқ қурт(пявица) барг пластинкалари билан озиқланиб, баргдаги хлорафил доначаларини еб битириб, ўсимликда фотосинтез жараёнини тўхташига олиб келса ғалла арракаши етук ҳашароти пояни бўғимига тухум қўйиб, личинкаси ўсимликни пояси ичини кемириб улғаяди натижада ўсимлик пояси нобуд бўлади.

Ғаллазордаги ихтисослашган зараркунандаларга қарши рухсат этилган кимёвий воситалардан Далатэ Плюс 10% э.к гектарига 0,05-0,4 л/га, Агрофос-Д 10% к.э гектарига 0,5-1,5 л/га, Агрофос Экстра гектарига 0,2 л/га, Бестелер гектарига 0,05-0,1 л/га, Делцис 2,5% гектарига 0,25 л/га, Багира 20% с.э.к гектарига 0,07-0,1 л/га препаратлари билан 250-300 литр ишчи эритма тайёрлаб ишлаш ўз самарасини беради.          Бунда касаллик ва зараркунанда ҳашаротларнинг тарқалиш ўчоқларига барча турдаги штангали, ОВХпуркагилар, қўл аппаратлари билан ўз муддатида ишлов бериш талаб этилади.

Кимёвий ишлов бериш жараёнида тут ипак қурти озуқаси бўлган тутзорлардан масофа сақлаган (50-60 метр узоқликда) ҳолда эҳтиёт чораларини олиб бориш тавсия этилади.

Республикада уруғлик учун экилган ғалла майдонларида навларни навдорлигини аниқлаш мақсадида уруғлик далаларни апробацияга тайёрлаш, бунда уруғлик учун экилган ғалла майдонларида соҳха мутахассислари ва селекционер олимлар билан биргаликда ғаллани бошоқлаш ҳамда сут, мумпишиш даврида икки марта навга хос бўлмаган бегона нав, тур хилларидан ҳамда бегона ўтлардан тозалаш ишларини амалга ошириши мақсадга мувофиқдир.

Етиштирилган дон ҳосилини ўз вақтида сифатли амалга ошириш ва дон нобудгарчилигини олдини олишни таъминлашда бугунги кунда ўрим-йиғим техникаларини таъмирлаш, мавсумга тайёрлаш ҳамда кўрикдан ўтказишни амалга ошириш ҳам бу ойнинг энг муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади.

Юқоридаги ғаллачиликда май ойида амалга оширилиши зарур бўлган парваришлаш агротехникаси ва ўрим-йиғим техникаларнинг таъмирлаш ишларини сифатли ва белгиланган муддатларда бажарилиши ғалладан мўл ва сифатли ҳосил олишга пухта замин яратади.

 

Р. СИДДИҚОВ, Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти директори, қ.х.ф.д., РФА академиги. Докторант, Н. ЮСУПОВ.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази Матбуот хизмати. iim.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!