Ғаллакорлар февраль ойида нималарга эътибор бериши керак?

Жорий қиш ойларининг бирмунча илиқ келиши, ёғингарчиликнинг нисбатан кам кузатилаётганлиги ғаллакорларимиздан бир қатор муҳим агротехник тадбиларни ўз вақтида бажаришни тақозо этмоқда. Бунда қуйидагиларга эътибор қаратишни тавсия этамиз:

Республикамиз ҳудудларининг жойлашган ўрни ва об-ҳаво шароитига қараб эрта баҳорги 1-озиқлантириш ишлари 10–25 февралда амалга оширилади. Бунда азотли ўғитлар йиллик меъёрининг таъсир этувчи модда ҳисобида 25 фоизини бериш мақсадга мувофиқ (физик ҳолда 150–160 кг/га).

Майсанинг ўсиб-ривожланиши ҳамда унда юқори ва сифатли дон шаклланишида азот муҳим ўрин тутади. Азот ўсимлик таркибида учрайдиган барча кимёвий бирикмалар: оддий ва мураккаб оқсиллар, аминокислоталар, нуклеин кислоталар, хлорофил доначалари, витаминлар, ферментлар ва ҳужайрадаги барча органик бирикмалар таркибига киради. Шундай экан, кузги буғдой учун азот етишмаслиги ёки унинг меъёридан ортиб кетиши ўсимликнинг ўсиб-ривожланиши ҳамда ҳосилдорлигига салбий таъсир этади.

Азот етарли бўлмаганда ўсимликнинг ўсиш жараёни пасаяди, барглари очиқ яшил тус олади ва айрим ҳолатда барглар сарғайиб, қуриб қолади. Азот етишмаслиги оқибатида ўсимликда маҳсулдор тупланиш, бошоқ йириклиги ва ундаги дон сони, 1000 дона дон массаси камаяди. Шунингдек, дон таркибида протеин камайиши ҳисобига доннинг нонбоплик хусусияти пасаяди.

Агар майса баҳорги ўсиш даврида етарли миқдордаги азот билан таъминланмаса, бошоқдаги бошоқчаларда фақатгина биринчи гул ривожланади. Кейинги озиқлантиришда азотли ўғит меъёрини ошириш бошоқчадаги гуллар сонини кўпайтирмайди.

Эрта баҳордаги азотли озиқлантиришни биринчи навбатда кеч муддатларда экилиб, қишловдан қийинчилик билан чиққан ҳамда уруғлик учун экилган, ва ниҳоят қолган майдонларда ўтказиш тавсия қилинади. Қишловга тупланмасдан кирган ҳамда қишловдан қийинчилик билан чиққан майдонларни қўшимча тарзда 100 кг/га меъёрда озиқлантириш ғалла ниҳолларининг ўсиб-ривожланишига ижобий таъсир кўрсатиб, кўзланган ҳосилни олим имконини яратади.

Эрта баҳорги озиқлантириш кўчат қалинлигини барқарорлаштириб, ўсимликда тупланиш жараёнини жадаллаштиради, 1 м2 да 550–600 тагача маҳсулдор поя ҳосил қилишга замин яратади. Шунинг баробарида, гектаридан 5–6 центнергача қўшимча ҳосил олишга эришилади.

Эрта баҳорги озиқлантиришда азотли ўғитлар меъёрини аниқлашда ўсимликларда ўсиш жараёнининг бошланиши муҳим ўрин тутади. Агар ўсиш жараёни кеч бошланса, бу даврга келиб ҳаво ҳарорати тез кўтарилади, ривожланиш фазаларининг ўтиш вақти ва озиқа моддалар ўзлаштирилиши пасаяди. Шу даврда ўсимликда тупланиш ва генератив органлар ривожланишини кучайтириш мақсадида азот меъёрини йиллик меъёрга нисбатан 25 фоиз эмас 30 фоизга ошириш тавсия қилинади. Азот меъёри бундан оширилганда азотнинг ортиқча қисми сув ёки ёғингарчилик билан ювилиб кетиши ҳисобиган самараси кам бўлади.

Озиқлантириш ишлари ўтказилгандан сўнг тупроқ намлиги ва иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда гектарига 650–700 м3 ҳисобида суғорилади. Суғориш жараёнида қўшимча озиқлантириш мақсадида жамғарилган маҳаллий ўғитларнинг 60–70 фоизи шарбат усулида оқизилиши яхши самара беради.

Майсалар ривожланиши суст бўлган майдонларга минерал ва маҳаллий ўғитларнинг берилиши ўсимликларнинг ўсиб-ривожланишини жадаллаштиради.

Бу даврдаги озиқлантириш республикада экилган навларнинг биологик хусусиятларига асосан эртапишарлигига (“Чиллаки”, “Есаул”, “Андижон-4”, “Бобур”, “Звезда” (“Юлдуз”, “Марс-1”, “Омад”, “Матонат”, “Замин-1”, “Туркистон”, “Ҳосилдор”, “Кўкбулоқ”), ўртапишарлигига (“Восторг”, “Гром”, “Нота”, “Таня”, “Краснодарская-99”, “Зимница”, “Бригада”, “Адель”, “Курень”, “Таборь”, “Первица”, “Андижон-2”, “Давр”, “АСР”, “Яксарт”, “Ғазғон”) ва кечпишарлигига (“Память”, “Юка”, “Андижон-1”, “Дурдона”) алоҳида эътибор бериш керак. Чунки эртапишар навлар бошқа навларга нисбатан 7–10 кун эрта найчалаш фазасига киради. Бу эса эртапишар навларни бошқа навларга нисбатан 10 кун эртароқ озиқлантиришни талаб этади.

Лалмикор майдонларда ғалла парваришлаш

Лалмикор майдонларда кузги бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларидан юқори ва сифатли ҳосил етиштиришда маҳаллий ва маъданли ўғитлар қўллаш муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Бу майдонларда ўғитлар ҳисобига олинадиган қўшимча ҳосил ва иқтисодий самарадорлик ёғин-сочин миқдорига, тупроқ унумдорлигига, ўтмишдош экин турига, ўғитларни қўллаш муддатлари, меъёри ҳамда уларнинг турига боғлиқдир.

Ғаллаорол агрометеорологик станцияси маълумотига кўра, жорий йил 23 январгача жами тушган ёғингарчилик миқдори 151 мм. ни ташкил этди. Бу ўртача кўп йиллик ёғингарчилик миқдорига нисбатан 40 мм, ўтган йилга нисбатан 100 мм кўпдир. Бундан кўриниб турибдики, кузги ғалла экинлари, айниқса, лалми ерлар учун қулай шароит юзага келди. Лалми ерларда ғалла экинлари ҳозирда туплаш, 2–3 барг, кечки муддатларда экилганлари эса тўлиқ униб чиққан ҳолатда қишламоқда.

Лалмикор майдонларда турли сабабларга кўра кузда экилмай қолган майдонларга февраль ойидаги қисқа муддатли очиқ кунларда ва эрта баҳорда уруғ экиш ишлари давом эттирилади. Баҳорда ғалла экинларини қулай экиш муддати жанубий (Қашқадарё, Сурхондарё) вилоятларида февралнинг биринчи ўн кунлиги, марказий минтақада жойлашган (Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Навоий) вилоятларда эса иккинчи ва учунчи ўн кунлиги ҳисобланади.

Бу йил намлик етарли, қиш илиқ келганлиги туфайли кузги ғалла экинлари қурғоқчиликдан ва совуқдан зарарланмади. Аммо, февраль ойининг I–II ўн кунлигида лалмикор майдонларда униб чиққан майсаларнинг 1 м2 даги туп сонини аниқлаш лозим. Шу тариқа қўшимча экиш ва қайта экиш зарурати аниқланади. Агар 1 м2 да буғдойнинг туп сони 80–90, арпанинг туп сони 60–70 тани ташкил этса қўшимча (устига) экилади. Агар 1 м2 даги майсалар туп сони 30–40 тадан кам бўлса, тўлиқ экиш нормасида қайта экилади.

Қўшимча, қайта ва баҳорги экишда фақат биологик ҳаёт тарзи баҳорги бўлган ғалла навларини экиш тавсия этилади. Бунда буғдойнинг “Оқ буғдой”, “Сурхак-5688”, “Бахмал-97” навларини гектарига 90–100 кг/га, арпанинг “Унумли арпа”, “Нутанс-799”, “Лалмикор”, “Саврук”, “Абу-Ғофур-20” навларини гектарига 90–95 кг/га меъёрда экилиши лозим.

Бу йилги об-ҳавонинг серёғин келаётганлигини инобатга олган ҳолда кузги ғалла экинлари учун гектарига соф таъсир этувчи модда ҳисобида 30–40 кг/га. дан (физик ҳолатда 100–110 кг) азотли ўғитлар бериш зарур.

Маъданли ўғитлар берилиши ҳосилдорликни ўртача 4–5 центнерга ошириш имконини беради.

Сўнгги йилларда об-ҳавонинг серёғин ва салқин келиши, ҳаво намлигининг ортиб кетиши натижасида республикамизнинг суғориладиган майдонлари каби лалми ерларида ҳам кузги ғалла экинларининг бегона ўтлар, турли касаллик ва зараркунандалардан жиддий зарарланиш ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда.

Бу йил куз, қиш илиқ, намгарчилик етарли бўлганлиги боис кўчат сони кўп бўлиши, бегона ўтларнинг ёппасига авж олиб, ривожланишига қулай шароит туғилмоқда.

Бегона ўтларни камайтириш, тупроқдаги намликни сақлаб қолишда муҳим агротехник тадбирлардан бири бу бораналашдир. Бу тадбирни ёғин-сочин кам бўладиган қуйи лалмикор ҳудудларда март, ярим таъминланган қир-адирлик майдонларда март-апрел, тоғ олди ва тоғли ерларда эса май ойининг биринчи ўн кунлигида бажариш лозим.

Ҳозирги пайтда ғалла майдонларида бегона ўтларга қарши курашда Давлат кимё комиссияси томонидан рухсат этилган гербицидлардан 75 фоизли “Биостар”, “Гранстар”, “Энтостар”, “Далстар” (15–20 г/га), “Тайфун”, “Моерстар” (10–20 г/га) ва бошқа воситалардан фойдаланиш тавсия этилади.

Бу йилги шароитда суғориладиган ва лалми ғалла майдонларида турли замбуруғли касалликлар ва занг касаллиги, зарарли бегона ўтлар ҳамда зараркунанда ҳашаротларнинг кучли тарқалиши кутилмоқда. Шу боис улар зарарининг олдини олиш учун қуйдаги тадбирларни амалга ошириш талаб этилади.

— ғалла майдонларида минтақа шароитидан келиб чиққан ҳолда касалликлар эрта ривожаландиган (Сурхондарё, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона водийси) минтақаларида агроном мутахассислар томонидан доимий назорат ва таҳлил ишларини олиб бориш;

— касалликларга қарши курашда зарур булган фунгицид кимёвий препаратларнинг захирасини яратиш;

— бегона ўт кучли тарқаладиган майдонларда бегона ўт турларини аниқлаш. Ғалла майдонларида учрайдиган бир йиллик икки паллали, икки йиллик ва кўп йиллик икки паллали бегона ўтлар, бир йиллик бир паллали бошоқли бегона ўтлар тарқалганлигини ҳисобга олиш ва ушбу бегона ўт турларига самарали тасир этадиган гербицидлар захирасини яратиш.

Бу йил об-ҳаво серёғин келаётганлиги боис ғаллазорларда сариқ ва қўнғир занг касаллиги кенг тарқалиши мумкин. Бу касалликларга қарши 33 фоизли “Альтосупор”, “Байлетон”, “Колосаль-Про”, “Титул Дуо”, “Фаликур БТ”, “Дуплет ТТ” ва бошқа фунгицидларни қўлланмасида кўрсатилган меъёрда пуркаш тавсия этилади.

Зараркунандалардан зарарли хасва, шилимшиқ қурт, шираларга қарши курашда “Карате”, Б-38 (янги), 5 фоизли “Атилла”, “Киллер” каби инсектицидларини пуркаш зарур.

Кимёвий препаратлар қўллаш учун ҳаво ҳарорати 18–25оС, шамол тезлиги 3–5 метр секунддан ошмаслиги, ОВХ-600 пуркагичи ишчи суюқлигининг сарфи гектарига 200–300 л атрофида бўлиши лозим.

Кўп йиллик тажрибаларда қиш илиқ ва иссиқ келган йилларда зарарли ҳашаротларнинг қишдан беталофат чиқиши, экин майдонларига эрта тарқалиши кузатилган. Бундай шароитда биринчи навбатда республикамизнинг тоғ олди ҳудудларида зарарли хасва ҳамда пасттекислик минтақаларида трипс, шира ва поя арракаши жудда катта зарар келтиради. Мутахассислар ушбу зараркунандаларнинг тарқалишини таҳлил қилиб боришлари ва қарши кураш учун зарур бўлган кимёвий воситаларни захирасини ҳозирданоқ яратиб қўйиш лозим.Юқоридаги агротехника чора-тадбирларини белгиланган муддат ва меъёрларда сифатли амалга оширилиши ғалладан юқори ва сифатли дон ҳосили етиштириш гарови бўлиб хизмат қилади.

Р.СиддиҚов қ.х.ф.д., Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти директори, С.Fайбуллаев, қ.х.ф.н. к.и.х., Ҳ.Қаршибоев, қ.х.ф.ф.д., З.Очилов, таянч докторант, (Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти Ғаллаорол илмий-тажриба станцияси)

Дўстларингизга ҳам улашинг!
Cart
Your cart is currently empty.