Гидропониканинг афзалликлари ва камчиликлари

Гидропониканинг тупроқли деҳқончиликдан афзаллик (устунлик) томонлари:
1. Гидропоникада экиннинг ҳосилдорлиги ва сифат даражаси тупроқда етиштирилганидан юқори бўлади.
2. Озиқ моддалар тўғридан-тўғри ўсимликнинг илдизига берилганлиги сабабли сув ва ўғит сарфи камаяди.
3. Пестицидлардан фойдаланиш камайиб боради, чунки ўсиш воситаси сифатида ишлатиладиган материаллар одатда стерилдир.
4. Гидропоника –ўсимлик етиштириш мумкин бўлмаган шўрланган, тошли, лалми ва бошқа жойларда ҳам экин етиштириш имконини беради.
5. Ўсимликларга бериладиган озиқ моддаларнинг миқдори ва нисбатларини ўзгартириб, ўсимликнинг вегетатив ёки генератив босқичларини бошқариш мумкин.
6. Гидропоникада алмашлаб экиш усули талаб қилмайди, шунинг учун йил давомида экин етиштириш имкони бўлади.
7. Тупроқли деҳқончиликда бажариладиган тупроққа ишлов бериш, тупроқни ташиш, зарарсизлантириш ёки ювиш гидропоникада талаб қилинмаганлиги туфайли ишчи кучи камаяди.
8. Гидропоникада ўсимликларга макро ва микро элементларни керакли миқдор ва усулда берилганлиги учун янада сифатли ва мазали маҳсулотлар олиш мумкин.

9. Гидропоникада экин етиштиришни автоматлаштириш жуда қулай. Унда суғориш, ўғитлаш ва шунга ўхшаш тадбирлар автоматик равишда бошқарилиши мумкин,
бу эса меҳнатни тежашга имкон беради.
10. Гидропоникада ишлатиладиган сув тупроқли деҳқончиликда ишлатиладиган сув миқдоридан анча кам.
Тупроқда ўсимликларга берилган сувнинг бир қисми оқиши, ювилиши ва буғланиши туфайли йўқолади. Шу сабабдан тупроқсиз деҳқончиликда ишлатилган сув
миқдори тупроқда ишлатиладиган сувга нисбатан 50% га тежалади.

Гидропониканинг камчиликлари:
1. Гидропоникада экин ўстириш осон иш эмас. У билан шуғулланмоқчи бўлганлар махсус билим ва тажрибага эга бўлиши керак.
2. Иссиқхона қурилиши катта маблағни талаб этади.
3. Узлуксиз сув ва электр энергияси керак.
4. Маҳсулот ишлаб чиқаришдаги техник хатолар тупроқда ўстиришга қараганда тезроқ ва жиддийроқ сезилади.
5. Электр воситалари, ускуналар ва компьютер дастурлари орқали бошқариш тўғри ишлаётганлигини доимий назоратга олиш лозим. Чунки микроиқлим ва озиқланиш шароитлари орқали келиб чиққан физиологик бузилишлар рўй бериши мумкин.
6. Гидропоникада экин етиштириш талаб даражасида амалга оширилмаса, экологиянинг ифлосланишига олиб келади. Полиэтилен плёнка ва кимёвий ўғитлар
атроф-муҳитни кам бўлса-да ифлосланишига олиб келади.

Тупроқсиз экин етиштириш тизими 24 соат давомида назорат остида бўлиши керак. Иситиш, совутиш, шамоллатиш тизимини доимий назорат қилиш даркор. Ўғитлар бочкасидан юборилган эритманинг ES ва pH қиймати бўлимлар асосида бошқарилиши лозим. Тупроқсиз экин етиштириш (гидропоника) асосан географик ресурсларга эга бўлган ҳудудларда барпо этилиши керак. Чунки маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнида сарф қилинган харажатларнинг 30-40 фоизи иситиш учун сарфланади.

Манба: «Тупроқсиз экин етиштириш» (гидропоника) Тузувчилар: С.A. Юнусов– Тошкент давлат аграр университети Сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик кафедраси доценти, қ.х.ф.д. Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ