Гилос экиш ва парваришлаш бўйича тавсиялар

Гилоснинг юзга яқин нави маълум бўлиб, Ўзбекистонда энг кўп Қора гилос, Самарқанд гилос, Сариқ гилос, Ревершон, Сариқ драгона, Клон Элтона, Сарви сурхони, Баҳор ва бошқа навлари экилади.Гилос экиш учун тайёрланадиган ернинг ҳар гектарига 50-60 т гўнг, 1,5-2 т фосфор, 1,5-2 т азот, 1-1,2 т калий ва турли чириндилар солиниб кузда плугланади. Кўчатларни экиш учун 60-60 см схемада чуқурчалар қазилади.

Қазиш жараёнида тупроқнинг устки унумдор қисмидан чиққан тупроқни чуқурчанинг бир томонига, қолган қисмини эса, иккинчи томонга чиқариб ковланади. Гилос боғларида кўчатлар оралари суғориладиган бўз тупоқларда 6×5, шағал тупроқли ерларда эса, 6×5,5×5 схемаларда бўлади. Гилос кўчатларини ҳали куртаги уйғонмасидан аввал, феврал ойининг охири – март ойининг бошларида экилади.

Кўчат экишдан олдин ҳар бир ўрага 300-400 г фосфор, 30-40 г калий ва 5-6 кг чириган гўнгни тупроққа аралаштириб солинса, кўчатлар яхши ривожланади. Бунда кўчатлар тагига ҳали чиримаган янги гўнг солинган тақдирда кўчатлар қуриб қолиши мумкин. Бошқа кўчатларни экишдаги каби гилос кўчатини экишда ҳам, экишдан олдин кўчат илдизини махсус гўнг ва тупроқ аралаштириб тайёрланган суюқ лойга ботириб олинади ва сўнгра экилади. Ундан сўнг чуқурга тўлдириб сув қуйилади.

Экишда кўчатнинг пайвандланган жойи тупроқ билан кўмилиб қолмаслиги ва ердан 4-5 см юқорироқда жойлашиши зарур. Суғориш жараёнида ҳам кўчатнинг пайвандланган жойига сув етиб бормагани мақул. Биринчи суғоришдан кейин кўчат экилган чуқурчадаги тупроқ чўкиб, анча зичланади ва яна тупроқ солиниб тўлдириб қўйилади. Кўчат экилгандан кейинг дастлабки кунлари ҳар 4-5 кунда, сўнгра тупроқ намлигига қараб тез-тез суғориб турилади.

Гилос кўчатларига иккинчи йилданоқ шакл берилади. Шакл беришда қаватлаш усулидан фойдаланилади. Яъни асосий ўқ новдалар 70-80 см жойидан кесилади. Дарахтнинг ёши катталашиб новдалари кўпайган сари асосий йўғон шохлардан ҳам баъзилари кесилиб ёшартирилади.

Ишлов беришда ҳар бир кўчат тагига йилига 200-250 г калийли, 300-350 г азотли ва 250-300 г азотли ўғитлар соф ҳолда солинади. Ҳар 2-3 йилда эса 50-60 кг дан чиритилган гўнг солинганда мўл ҳосил олинади. Гилос кам сув талаб қиладиган мевадир. У ўсув даври мобайнида бўз тупроқли ерларда 5-6 марта, шағал тупроқли ерларда эса 10-12 марта суғорилади.

Одилжон Якубов тайёрлади.

mirishkor.uz

 

Дўстларингизга ҳам улашинг!