Гилос пашшасига феромон тутқичларини қўллаш муддати ва меъёри

Республикада аҳолини озиқ-овқат ва мева-сабзавот маҳсулотларига бўлган талаби йилдан-йилга ортиб бориши қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ҳажмини янада кен­гайтиришни талаб этади. Интенсив усулда ўстириладиган олча ва гилос боғларини кенгайтириш ва уларнинг ҳосилдорлигини ошириш учун уларда учрайдиган зараркунандаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ушбу боғларда зарари сезиларли даражада бўлаётган, маҳсулот сифатини пасайтирувчи за­раркунандаларнинг миқдори ошиб бормоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистон дунёда гилос етиштирувчи 40 та мамлакатлар рўйхатига киради. Гилос мамлакатимизда энг кўп тарқалган мевалардан бири бўлиб, май ойида пишиб етилади ва дастурхоннинг кўркига айланади. Шу билан бирга, гилос меваси таркибида кальций, темир, органик кислоталар, сахароза ва бошқа витаминларни ўзида сақлаб, саломат­лигимизни мустаҳкамлашда кўмаклашади. Гилос боғларида ҳосилдорликни оширишнинг асосий омилларидан бири уларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилишдир.

Гилоснинг энг хавфли зараркунандаларидан бири ги­лос пашшасидир. Гилос пашшаси – (Rhagoletis cerasi L.) (Insecta) синфини икки қанотлилар (Diptera) туркумига мансуб ҳашаротлар ҳисобланади. Гилос пашшаларининг ўзига хос белгиларидан бири қанотлари устида қора- жигарранг 4 та чизиқлар мавжуд. Пашшанинг тана узунлиги 4–6 мм, бош, қалқон ва оёқлар асосан ёрқин қора рангдан, бел атрофи эса сариқ рангдан иборат. Ғумбаги 3-4 мм ни ташкил қилади. Баҳорда тупроқнинг 5 см чуқурликкача бўлган қатлами +10°С ҳароратгача кўтарилиши билан пашшалар ғумбагидан учиб чиқа бошлайди. Ҳарорат +18°С дан кўтарилиши билан урчиш жараёни бошланади ва 4-10 кундан сўнг урғочи пашша тухум қўйишни бошлайди. Пашшалар пишиб етилмаган гилос мевасининг ҳар бирига бир донадан тухум қўяди. Урғочи пашша ўзининг 1 ойлик умри давомида 150 тага яқин тухумни гилос этига қўяди. Личинкани гилос этида ривожланиши 7-10 кун давом этади ва 15-25 кун давомида мевада озиқланади. Етилган личин­ка мевадан чиқиб, тупроқнинг 5-6 см қатламида ғумбакка айланади. Ғумбак ер сатҳидан бир неча сантиметр пастда бўлади. Бир мавсумда бир марта авлод беради. Ғумбак ҳолатида келгуси йил март ойининг 3 – декадасигача қолиши мумкин [8].

Гилос пашшаси – Rhagoletis cerasi L. ҳозирги вақтда олча ва гилос меваларининг асосий зараркунандаси ҳисобланади. Улар эрта ва кеч пишар навларга кўпроқ зарар етказади. Пашша личинкалари гилос меваларининг этида ривожлана­ди. Зараркунанда таъсири натижасида меваларнинг сифати бузилади, эрта тўкилиб, чириш ҳолатига келади. Баъзи йил­ларда зараркунанданинг таъсири натижасида 90-100 % ҳосил йўқотилиши аниқланган [6].

Ҳар бир мевада ўсиб ривожланиш учун зарурий моддалар мавжудлиги сабабли, битта мевада 1 та личинка, камдан-кам ҳолларда 2 та личинка учрайди. Агар мевалар икки ҳафта давомида юмшоқ бўлса, унда ривожланувчи личинка 100 % омон қолиши кузатилган [5].

М.П.Папов [4] фикрига кўра, личинкалар 20 кун ичида ривожланади. Уларнинг ривожланиши меванинг шакар миқдорига ва кислоталигига кучли таъсир кўрсатади.

В.Ф. Болдырев [1] маълумотларига кўра, гилоснинг эрта ва кислотали навлари тез зарарланганлиги аниқланган.

  1. Remund ва бошқалар [7] 10-15 см сариқ картонга юпқа ёпишқоқ қатлам билан ёғланган тузоқлар устида олиб борилган тадқиқотлардан эришилган натижалар Макфейл тузоқларидан 100 марта юқори эканлигини аниқлаган.

Грециянинг шимолий қисмидаги гилос боғларида B. I. Katsoyannos ва бошқалар [9] томонидан гилос пашшала­рининг популяциясини мониторинг қилиш ва уларни барта­раф қилиш мақсадида озиқа маҳсулотларини баҳолаш ва турли тузоқлардан фойдаланиш бўйича турли тадқиқотлар ўтказилган. 5 турдаги тузоқлар: Rebell, Pherocon AM-NIB, Scentry Multigard, Horiver va shuningdek, қизил шар (дм = 5см) ёпишқоқ қатлам билан қопланди. Барча турдаги тажрибалар учун Халқаро феромон таққослаш стандарти MS Phail иш­латилди. Натижада ацетат аммоний билан қопланган Rebell тузоғи энг самарали эканлиги аниқланган.

Айни вақтда, ҳамма ҳудудларда бу зараркунандалар­га қарши ҳимоя сифатида кимёвий инсектицидлардан фойдаланилмоқда. Лекин анъанавий усуллар ушбу зарарку­нанда учун ҳар доим ҳам самарали эмас, шунинидек, экологик жиҳатдан хавфсиз ҳам эмас. Боғлардаги кимёвий пестицид миқдорини камайтириш, биологик воситалар орқали ҳалқаро стандартларга жавоб берадиган экологик тоза маҳсулотларни етиштирувчи замонавий технология талаб қилинмоқда.

Тадқиқот ўтказилган жой. Гилос пашшасига қарши кураш чораларини амалга ошириш учун тажрибалар Тошкент вило­яти Қибрай тумани “Навот Агро Люкс” МЧЖда олиб борилди.

Тадқиқот услублари. Дала тажрибалари ва лаборатория ишларини амалга оширишда қабул қилинган умимий энтомо­логия усулларидан фойдаланилди. В.А.Тряпсин тавсиясига асосан гилос пашшаларининг фенологиясини ўрганиш амалга оширилди; В.Ф.Палийнинг гилос пашшаси фенологияси бўйича берган тавсиялрига кўра, гилос пашшаси ривожла­нишининг турли босқичларидаги миқдорий ҳисоб-китоблари Н.В.Дилиса қўлланмасига мувофиқ ўтказилди; Б.А.Доспехов “Дала тажрибаси техникаси” усулига мувофиқ статистик тахлил ишлари олиб борилди; Б.И.Катсояннос тавсиялари асосида феромон тузоқлардан фойдаланган ҳолда гилос пашшасини кузатув ишлари амалга оширилди.

Тадқиқот натижаси. Гилос ва олча меваларини уйғунлашган ҳимоя тизимини ривожлантириш мақсадида гилос пашшасининг аниқ тарқалган ҳудудини, уларнинг фено­логик хусусиятлари, популяция сони динамикасини биотик ва абиотик омиллар асосида ўрганиб чиқдик. Шунингдек, ҳозирги даврда ҳимоя чоралари гилос пашшасининг ўзига хос хусуси­ятларини эътиборга олган ҳолда, личинка даврида ёки учиш даврида қўлланилмаса, унга қарши қўлланилаётган жуда куч­ли кимёвий препаратлар ҳам самара бермаслиги аниқланди.

Тадқиқотларимиз давомида гилос пашшасига қарши ҳимоя чораларини амалга ошириш учун пашшаларнинг аниқ учиш даврини ва учиш давридаги ўзгариш динамикасини монито­ринг қилиш лозим. Бунинг учун боғнинг аниқ жойларига турли катталикдаги феромон тутқичларни қўйиб, учиб келувчи эркак пашшалар саноқ динамикасини аниқлаш керак.

Гилос пашшаси бир авлод бериб ривожланади. Июнь ойида гумбакка айланиб, келгуси йилгача ғумбак ҳолатида бўлиши кузатилган. Гилос гуллашни бошлаши билан пашша­лари учиб чикиб, гилос меваларига тухум кўяди. Шу сабабли гилос гуллашидан 8-10 кун олдин “гилос пашшаси” феромони тутқичларидан гектарига 1 донадан дарахт шохларига 1,5-2 метр баландликда ўрнатдик ва хосил йиғиб олингунга қадар уларнинг назоратини олиб бордик. Назорат килиш куйидагича амалга оширилди: феромон ўрнатилгандан кейин то биринчи етук эркак зоти тушгунча хар уч кунда эрталаб, соат 8-00 гача кузатилиб, ҳисоб килинди, биринчи эркак зоти тушган­лиги аниқланиши билан хар куни эрталаб, 8-00 да феромон тутқич ҳисоб килинди ва маълумот шунурланган ҳисоб килиш дафтарига ёзиб борилди.

Тажрибалар давомида турли хил феромон тутқичларнинг самарадорлигини аниқлаш мақсадида, бир гектар гилос боғига оддий “гилос пашшаси” феромон тутқичи ва аммоний ацетат ҳамда аммоний корбанат каби тузларнинг ўзгарувчан аромати қўшилган ферамон тутқичлар 2 тадан қилиб илиб чиқилди, ҳар бир тутқичга тушган пашшалар сони ёз охири­да умумлаштирилди. Олинган натижага кўра, 1 дона оддий “гилос пашшаси” феромон тутқичига 1 та гилос пашшаси тушган бўлса, ароматик аспектлардан фойдаланилган фе­ромон тутқичларга 50% кўпроқ гилос пашшаси тушганлиги аниқланди.

Хулоса шуки, аммоний ацетат ёки аммоний корбанат каби тузларнинг ўзгарувчан аромати аралашган ферамон тутқичлардан фойдаланилган ҳолда ишлатилган тутқичлар гилос пашшаларининг эркакларини жалб қилишда энг сама­ралиси эканлиги аниқланди. 1 гектар гилос боғларига 2 дона ароматик аспектлар аралаштирилган феромон тутқичлардан фойдаланиш тавсия этилади.

Қаландар БАБАБЕКОВ,

Нодир САЙИМОВ,

Мафтуна ҚАЛАНДАРОВА,

Ўсимликлар карантини илмий-тадқиқот маркази

Манба: “АГРО КИМЁ ҲИМОЯ ВА ЎСИМЛИКЛАР КАРАНТИНИ” Илмий-амалий журнал №2. 2021