Гилос пайвандтагини танлашда муҳим омиллар: пайванд мутаносиблиги

Уольфрам (1979) фикрича, пайванд қилинган гилос дарахтлари узоқроқ яшаши учун Маззард пайвандтагларига ўтқазилган кўчатларнинг табиий ўсиши 30% дан ортиққа камайтирилмаслиги лозим. Гарчи дарахтларни бунданда ортиқ даражада паканалаштириш мумкин бўлсада, уларнинг умри одатда қисқа бўлади.

Бир нечта истисно ҳолатларни ҳисобга олмаса, одатда гилос пайвандуст навларни Маззард пайвандтагига улаш, ёки олча пайвандуст навларни олча пайвандтагларга ўтқазиш пайвандтаг навнинг табиий ўсиш суръати ва ҳосилга кириш вақтига деярли таъсир ўтказмайди. Аксинча, Prunus нинг бошқа навларига ёки чатишмаларига пайванд қилиш, хатто яқин қариндошлик бўлганда кўпинча дарахт ўсиш суръатини анча камайтириши ва ҳосилга эрта киришга ҳамда мўл ҳосил солишга ундаши мумкин. Пайвандтаг навини тўғри танлашдаги асосий қийинчилик бу айтиб ўтилган ижобий сифатларни пайвандустга бағишлаш билан бирга дарахт ривожини узоқ йиллар давомида таъминлай оладиган пайвандтагни топа билишдир.

Кўчатхонада пайванд куртакнинг яхши ривожланмаслиги ёки экилгандан кейин биринчи йилдаёқ кўчатнинг нобуд бўлиши пайвандуст ва пайвандтаг ўртасидаги кескин номутаносиблик борлигига ишора бўлиши мумкин. Шунингдек, дарахтлар 8-10 йил давомида яхши ривожланиши ва бирдан қаттиқ шамол таъсирида пайванд нуқтадан синиб кетиши ёки ўсишдан тўхтаб қуриб қолиши ҳам мумкин. Бундай кечиктирилган номутаносибликни дарахт нобуд бўлишидан аввалроқ ҳам баъзи бир хос белгилар билан пайқаш мумкин. Барглари майда ва сариқ бўлиб қолган, ўсишдан тўхтаб қолган дарахтлар биринчи навбатда шубҳа остига олиниши керак, шунингдек мевалари майдалашиб қолганлари ҳам. Баргларнинг кузда эрта қизариши ва тўкилиб кетиши ёки пайвандтаг атрофидан кўплаб бачки новдаларнинг ўсиб чиқиши ҳам номутаносиблик умумий белгиларидан.

Кўп ҳисоботлар пайвандустнинг пайвандтакка туташиш жойида йўғонлашиб кетиши ҳам номутаносиблик авж олаётганидан далолат, деб ҳисоблашади, аммо бу доим ҳам касаллик белгиси бўлавермайди, сабаби пайвандтакка уланган жойида анча йўғонлашиб кетганига қарамасдан гилос боғларда 20-30 йил давомида самарали ҳосил бериб келаётган соғлом ва мустаҳкам дарахтларни кўплаб учратиш мумкин. Вирусли касалликлар номутаносибликка салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини ҳам ёдда тутиш зарур, шунинг учун имконият бўлса, вирусларга чидамли пайвандтаг ва пайвандуст намуналардан фойдаланиш керак. Сўнгги йилларда олиб борилган изланишлар шуни кўрсатмоқдаки, баъзи бир «кечиккан номутаносиблик» ҳолатларга дарахтларнинг муайян вирусларга (Данаклиларнинг Пакана вируси ва Данаклиларнинг Айлана Доғ вирусига каби) жуда кучли таъсирчан эканлиги сабаб бўлмоқда.

Гилосларда пайванд номутаносиблиги сабаблари тўлиқ ўрганилмаган. Баъзи мутахассислар муаммони пайванд туташиш нуқтасига яқин жойда махсус фенол смолаларнинг мавжудлиги ва уларнинг дарахт тўқималарига сизиб кириши билан боғлайдилар. Бошқалар эса номутаносиб навлар камбий қисмида ауксин (ўсимлик ўсиши учун зарур гормонлар) ва ферментлар миқдорининг камайиши, деб ҳисоблайдилар. Пайванд номутаносиблиги муаммоларини янада тўлиқроқ тушуниш учун яна кўп изланишлар талаб этилади.

Барча Маззард пайвандтаглари гилос ва олча навлари билан тўлиқ мутаносиб бўлса, Магалеб пайвандтагларида кўпинча муаммолар учраб туради. Магалебга ўтқазилган гилос дарахтларининг эрта нобуд бўлиши кўп ҳолларда кечиккан номутаносиблик билан боғланади. Бу ҳақиқатан ҳам дарахт ўлимига сабаб бўлиши мумкин, аммо аниқроқ сабаб Магалебнинг қумоқ ва серлой тупроқларда вақтинчалик илдиз анаэробиозига таъсирчанлигидир (тупроқ намлиги узоқ муддат юқори бўлганда илдизларга кислород етишмайди ва фитофтороз касаллиги зараридан пайвандтаг қуриши мумкин). Магалеб клонларининг гилос навлари билан мутаносиблик кўрсаткичи турлича: Францияда етиштириладиган майда баргли клон навнинг мутаносиблик даражаси жанубий-шарқий Европа ҳудудларида учрайдиган кенг баргли Магалебга нисбатан юқорироқ.

Баъзи олча пайвандтаг клон навлари ҳам гилос пайвандуст навларнинг кўпчилиги билан тўлиқ мутаносиб эмас, шунинг учун олча клонларидан пайвандтаг сифатида фойдаланишда бунга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Немис мутахассислари фикрича, P.cerasus пайвандтагларига ўтқазилган гилос навларидаги номутаносиблик генетик жиҳатдан бошқарилсада, унинг юзага чиқишида дарахт ички стресс ҳолати ва атроф-муҳит шароити катта роль ўйнайди. Пайвандтаг ва пайвандуст ўртасидаги мутаносиблик пайванд нуқтаси юқори ва қуйи қисмларида шаклланадиган флоэма тўқималарининг миқдори ва яхлитлигига катта таъсир кўрсатиши ҳам аниқланган, P.cerasus туркумидаги Вейрут 13 клони ва гилос пайвандуст ўртасидаги номутаносиблик натижасида флоэма тўқималари етарлича шаклланмаган, ғалвирсимон пластинка тешикчалари тор ва бу тешикчаларнинг катта қисми бўқоқлар таъсирида тиқилиб қолган, тўлиқ мутаносиб Маззард F.12/1 навига уланган гилос навларида эса бундай ҳолатлар кузатилмаган.

Афсуски муайян бир гилос пайвандуст нави ва клон пайвандтаг ўртасидаги мутаносиблик пайвандуст нави ўзгартирилганда ҳам доимо сақланавермайди. Кольт гибрид пайвандтаги аксарият гилос навлари билан мутаносиб бўлишига қарамасдан, баъзи ҳолатларда Вэн ва Сэм навлари билан номутаносиблик юзага келгани қайд қилинган. Шунинг учун янги пайвандтаг навларини селекция қилишда уларни имкон қадар кўпроқ пайвандуст навлар билан синаб кўриш муҳим аҳамиятга эга.

Аброров, Ш (2018). Замонавий интенсив гилос боғлари.

Дўстларингизга ҳам улашинг!