Гилос учун оптимал терим вақтини аниқлаш нима учун муҳим?

Терим вақтини аниқлашда меванинг устки ва ички ранги, шакар миқдорининг даражаси, қаттиқлиги ва бандининг узилиш кучини текшириш усулларидан фойдаланилади.

Гилослар пишиб етилгандан сўнг қилинадиган биринчи иш бу унинг оптимал терим вақтини аниқлашдир. Агар оптимал вақтидан эрта терилса ранги ҳар хил, меваси майда бўлади ва навга хос таъми бўлмайди. Агар кеч терилса, мевалар юмшоқ бўлиб қолади ва узоқ сақланмайди.

Терим вақтини аниқлашда меванинг устки ва ички ранги, шакар миқдорининг даражаси, қаттиқлиги ва бандининг узилиш кучини текшириш усулларидан фойдаланилади. Мевалар етилиш вақтида рангини яшилдан оч сариқ рангга ва кейинчалик тўқ қизилдан тўқ жигаррангга ўзгартиради. Мева этининг ранги эса оч пуштидан тўқ қизилга (данак атрофида) ўзгаради. Хар бир навнинг ўзига хос ранги бўлгани учун оптимал терим вақти турлича белгиланган.

Гилос рангини тўғри аниқлашда маҳсус рангли тўпламдан фойдаланса ҳам бўлади. Кўплаб гилос навларининг пишиш вақти одатда 4 ва 6 рақамлари оралиғига тўғри келади. Терим вақтида мева банди яшил холатда бўлиши керак. Мева пишиш даврига яқинлашар экан шакар миқдори ортиб боради. Шакар миқдорининг даражаси гилос таъмини белгиламайди. Таъмни белгилашда мева таркибидаги кислотанинг миқдори хам муҳим омил ҳисобланади. Кислота миқдорини текшириш бироз қийин бўлгани сабабли фақат шакар миқдорини ўлчаш етарли деб ҳисобланади.

Шакар миқдори рефроктометрда ўлчанади. Бунинг учун ранги бир хилда бўлган гилос меваларининг бир нечтаси целлофан пакетга солинади ва эзиб суви чиқарилади. Ҳосил бўлган суюқликнинг 2-3 томчисини рефроктометрда текшириб шакар миқдори аниқланади. Рефроктометр дистилланган сувда ювилади. Гилоснинг барча навлари учун шакар миқдори камида 15-16° брикс бўлиши талаб этилади. Истемолчилар бундан-да юқори шакар миқдорини афзал кўрадилар. Айрим гилос навлари пишиб етилишидан аввал минимум шакар даражасига чиқиши мумкин. Бундай ҳолларда ранг даражасини ўлчаш муҳим хисобланади.

Шакар даражасини аниқлашда рефроктометрдан фойдаланилади.

Гилос мевасининг қаттиқлиги навнинг турига, меванинг йириклигига, ҳароратга, етиштириш усулига ва етилиш даражасига боғлиқ. Мева қаттиқлигини дюрометр (durometer) ёки маҳсус асбоблар ёрдамида аниқланади. Гилос навларига қўйиладиган минимум қаттиқлик дюрометр шкаласи бўйича 65 ва грамм/мм асосида қаттиқликни ўлчайдиган асбобидларда эса 250 грамм/миллиметр бўлиши керак. Агар мевалар узоқ ўлкаларга экспорт қилиниши кўзда тутилса, камида 275 г/мм бўлиши тавсия этилади.

Гилос мевасининг қаттиқлиги дюрометр ёки пенетрометр ёрдамида аниқланади.

Юқоридаги сифат текширувларидан сўнг бозор талабига қараб ёки вақтни белгилаган ҳолда теримни бошлаш мумкин. Агар об-ҳаво маълумотларида ёмғир ёғиши кутилаётган бўлса, мевалар тезликда терилиши керак, акс ҳолда ёмғирда мевалар ёрилиб сифати пасайиши мумкин.

Агар юқори ҳарорат бир неча кун давом этиши кутилаётган бўлса ёки 32° C дан ошса, мева таркибидаги сув йўқотилиши ва натижада мевалар юмшаб қолишини олдини олиш учун гилослар тезликда терилиши керак.

Манба: «Замонавий интенсив гилос боғлари» Шуҳрат Аброров

Дўстларингизга ҳам улашинг!