Ёз чиллисида ғўза парваришини масъулият билан ўтқазайлик

Минерал ўғитларнинг самарасини ошириш, ғўза ривожини жадаллаштириш ва мўл ҳосил тўплашда суғоришнинг аҳамияти каттадир. Шу сабабли азотли ўғитлар билан озиқлантирилган майдонларда пешма-пеш суғориш ишлари ташкил этилиши шарт. Бунда жойнинг тупроғи, механик таркиби ва гидромодуль ҳудудларни ҳисобга олиб, суғориш муддати, меъёри ва сони қуйидагича белгиланади: сизот сувлари сатҳи чуқур
жойлашган ерларда ғўзанинг гуллаш ва ҳосил тугиш даврида суғориш меъёри енгил таркибли тупроқларда гектарига 800-900 м³, ўрта ва оғир тупроқларда 900-1000 м³. Сизот сувлар сатҳи 2-3 метрдан 0,5-2,0 метргача бўлган тупроқларда юқорида кўрсатилган меъёрдан 10-15 фоизга камайтирилиши лозим.
Ғўзанинг гуллаш даврида суғориш давомийлиги механик таркиби енгил тупроқларда 14-16, ўрта ва оғир тупроқларда 16-18, ялпи гуллаш ва ҳосил тугиш даврида эса мос равишда 16-18 ва 18-20 соатдан ошмаслиги керак. Шарбат усулида суғориш сувдан самарали фойдаланиш ва ғўзанинг минерал озиқани тўлиқ ўзлаштиришида муҳим ўринга эга.
Бунда гўнг озиқа бўлиш билан бирга, мульча вазифасини бажариб, сувнинг ортиқча буғланишини камайтиради, тупроққа сингишини яхшилайди, намни яхши сақлайди. Бунинг учун ҳар бир даланинг сув кирадиган жойига шарбат учун махсус хандақ қазилиб, суғоришдан 5-7 кун олдин 1:1 нисбатда сув билан гўнг аралаштирилиб, жижа тайёрланади. Суғориш суви ушбу хандақ орқали ўтказилиб, сувнинг ранги тўқ жигарранг тусга киргунча жижа аралаштирилиб турилади ва сув эгатлар охирига етганда озиқа моддалар сув билан оқовага чиқиб кетмаслиги учун унинг миқдори камайтирилади. Режалаштирилган меъёрдаги сув берилгандан сўнг суғориш тўхтатилади. Ғўза қатор оралари 60 см бўлган майдонларда суғоришни эгат оралатиб (бир эгат ташлаб) ўтказиш 15-20 фоизгача сувни тежаш имконини беради.

Суғоришдан кейин ғўза қатор орасида тупроқ етилиши билан майин культивация
қилиниши керак. Культивация кечиктирилса, кесак ҳосил бўлиб, сувдан самарали
фойдаланилмай, шона ва гуллар тўкилиб кетади.
Сувдан сувгача ғўза қатор орасига 2 марта ишлов берилади, бунда суғоришдан кейинги культивация ва суғоришдан олдин эгат олишда механизмлар ишчи органларининг тўлиқ бўлишини, тўғри ростланишини назорат қилиш зарур.
Ғўзалар гулга кира бошлаган пайкалларда азот ва фосфорли ўғитлар гектарига соф ҳолда 70-75 кг азотни (аммиакли селитра 210-225 кг) ва 40-50 кг соф ҳолда фосфорни (аммофос 80-100 кг ёки оддий суперфосфат 220-275 кг ёки супрефос 170-215 кг ёки PS-Агро100-125 кг ) ташкил қилади. Агар ғўза қатор оралари 90см бўлса, ўғит ўсимлик қатордан 30-35 см ёнига, 60 смда эса қатор оралари ўртасига 14-16 см чуқурликка солинади. Ғўзани гуллаш даврларида гектарига 500-700 кг қуруқ гўнгни азотли ўғитлар билан биргаликда қўллаш пахта ҳосилини гектаридан 2,0 центнерга оширади. Ўсув давридаги озиқлантиришни охирги муддати ғўзанинг биологик ривожланиши бўйича гуллаш бошлагандан июль ойининг бошларигача тўлиқ тугалланиши керак.
Агар ғўзани охирги озиқлантириш июль ойининг 2-3 ўн кунлигигача кечиктирил-
са, ривожланиш даври чўзилиб, биомассаси ортиб кетади ва кўсаклар очилиши
кечикиб кетиши мумкин.
Бу йилги шароитда чигит кеч экилган, ғўза ривожи кечки бўлган жойларда минерал ўғитлар билан қўшимча озиқлантириш ишларини 10 июлгача тугаллаш чораларини кўриш мақсадга мувофиқ бўлади. Минерал ўғитлар билан озиқлантириш ишларини жадаллаштириш учун суғоришдан олдин ва суғориб бўлингандан кейин далалар ер оби-тобига келганда культивация билан қўллаш ҳам яхши самара беради.

Стимуляторлар ғўзада барг орқали озиқлантирилганда, шона ва гулларнинг
шаклланиши ва тўпланишини кучайтиради, мақбул ўсиши ва ривожланишини
таъминлайди, касаллик ва зараркунандаларга чидамлилигини оширади, эртаки ва
мўл ҳосил етиштиришга замин яратади.
Бунинг учун қуйидаги стимуляторлар тавсия этилади: гумин Узгуми 0,3-0,4 л/
га, Геогумат 1,6 л/га, Гуми 20 0,5-1,0 л/га, Гумат калий (суфлёр) 0,5-1,0 л/га ёки
табиий ва кимёвий асосли стимуляторлардан Фитовак 300-400 мл/га, Биодукс
2,0-3,0 мл/га, Лебозол калий 450 5,0 л/га ва бошқа шунга ўхшаш стимуляторларни
қўллаш мумкин. Жорий йилда ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиши натижасида ғўза
ноқулай экстремал шароит ва иссиқ жазирамадан зарарланиши мумкин. Бунинг
олдини олиш учун ўсимликнинг стресс ҳолатдан зарарланишини камайтирадиган
Аминозол стимуляторини 1,0 л/га меъёрда қўллаш яхши самара беради.
Суспензияни эрталаб ва кечқурун ҳаво ҳарорати 20-250С дан ошмаган пайтда
сепиш тавсия қилинади. Ҳаво илиқ ва булутли кунларда суспензияни кун давомида
сепиш мумкин.
Ушбу даврда ғўзани чилпиш ҳам энг муҳим ишлардан саналади. Чилпишни ўз вақтида ва сифатли бажариш орқали ғўзанинг ўсиши – ривожланиши жадаллашади, ҳосил элементлари тўкилиши камаяди, гул ва кўсаклар сони ошади, ғўза зараркунандаларининг салбий таъсири камаяди, кўсакларнинг пишиши 5-10
кунга тезлашади, ҳосилдорлик гектаридан 3-4 центнердан, ҳаттоки, 6-8 центнергача
ортади.
Чилпиш қўлда, механизм ёрдамида ва Сожеан, Энтожеан каби препаратлар билан ишлов берилиб амалга оширилади. Ғўзани чилпишда кўсаклар пайдо бўлиши ва тўлиқ етилиши тезлашади, эртаки, мўл ва сифатли пахта ҳосили етиштириш имконини беради, кўсак қуртининг зарарини камайтириб, дефолиация самарадорлигини оширади.

Унутмаслик керакки, ғўзани ўз муддатида сифатли чилпиш ҳосил салмоғининг
ортиши, сифатининг яхшиланиши, эрта етилишига олиб келади. Аксинча, унинг
кечиктирилиши ва сифатсиз ўтказилиши оқибатида пояси тез ўсиб, ғовлаб кетади,
пахта ҳосили 15-20 фоиз камайиб, пишиб етилиши 7-10 кунга кечикиб, кўсаклари
кичрайиб, вазни камайиб, ғўза сербарг бўлиб, кўсаклар қобиғи қалинлашиб, кўсак
қуртини ўзига кўпроқ жалб этади.
Ғўза навлари хусусиятларига қараб унумдор тупроқларда 13-14, ўртача унум-
ли тупроқларда 12-13 ва унумдорлиги паст ерларда 11-12 ҳосил шохи тўпланганда
чилпиш ўтказиш тавсия этилади. Қўшқатор экилган ерларда бу тадбир 10-11 шох
ҳосил бўлганда ўтказилади.
Чилпиш қўлда ўтказилса, ғўза бош поясининг энг учки 1-2 см қисми (бироз оқиш рангли бўлади) юлиб (чимдиб) олинади. Агар шундай қилмай, поянинг уч қисми чуқур 5-10 см юлиб олинса, ғўзага салбий таъсир этиб, бир-икки дона шона ва гул ҳам юлиб ташланади. Бу эса тўлиқ пишиб етилиши мумкин бўлган 3-5 ц/га ҳосилнинг бой берилиши демакдир. Шу сабабли фермерлар ва мутахассислар чилпиш бошлашдан олдин ишчилар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориши ва чилпиш жараёнини жиддий назорат қилишлари лозим .
Механик усулда чилпиш ғўзанинг юқори қисмини махсус мосламани культиватор олдига ўрнатилган ҳолда амалга оширилади.
Чилпишнинг кимёвий усули ғўзанинг ҳосил тўплаши ва мақбул ўсиши учун ҳар
тарафлама самарали ва қулайдир. Бунда “Сожеан”, “Энтожеан” препаратлари суғоришдан 5-7 кун аввал ёки суғоришдан 5-7 кун кейин ОВХ ва бошқа пуркагич
мосламаларда 250-300 л/га сувга аралаштирилиб сепилади. Шунда дорилар ғўзанинг барги орқали яхши сингиб, танаси бўйича бир хил тарқалади ва ўсимлик ҳужайраларининг бўлинишини тўхтатади, натижада ғўза бўйига ва ёнига ўсишдан
тўхтайди, барглари тўқ яшил рангга киради, ўсимликнинг ривожланиши ва
ҳосил тўплаши жадаллашиб, тупи ихчам, арчасимон бўлиб, қаторлар орасида ҳаво
алмашинуви ва микроиқлим яхшиланади, ғўзанинг тепа қисмида 3-4 дона бўлиқ
кўсак пайдо бўлади. Энг асосийси пишиб етилиши 7-8 кунга тезлашади, биринчи терим салмоғи 6-7 центнерга, умумий ҳосил 3-8 ц/га ва ундан ҳам ортиб, пахтани қисқа муддатларда юқори навларда йиғиштириб олишга имконият яратилади.
Кимёвий усулда чилпишда аввал тракторнинг сув бакига ярмигача тоза сув тўлдирилади, сўнгра белгиланган препарат меъёри иккала бакка бир хил миқдорда бўлиб-бўлиб солинади ва унинг устидан сув қуйилиб охиригача тўлдирилади.
Тракторнинг махсус аралаштиргичёки қўлда бирор мослама билан яхшилаб аралаштирилади, шундан сўнг далага сепишга рухсат берилади. Республикамиз
вилоятларида ғўзанинг ривожланиши ҳолатига қараб, “Сожеан” ва “Энтожеан”
препаратларини чилпиш мақсадида гектарига 90-100 г миқдорда қўллаш тавсия
этилади.
Агар “Сожеан” ва “Энтожеан” препаратлари ғўзанинг ёшлик даврларида шоналаш даврининг бошида бўйи 20-25 см бўлганда 15 г/га, гуллаш бошланганда (ғўза бўйи 55-60 см) 45 г/га сепилган бўлса, чилпиш даврида 90 г/га сепиш етарлидир.
Лекин олдин ушбу препаратлар қўлланмаган далалардаги ғўзаларга 90-100 г/га
етарли бўлади.
Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг унумдорлиги юқори бўлган ерларида “С-6524” ғўза навлари экилиб, гектарига 90-100 минг туп кўчат парваришланаётган бўлса, 13-14 ҳосил шохида унумдорлиги ўрта ва паст, сизот сувлари яқин жойлашган ерларда 100-110 минг туп кўчат зичлигида 12-13 ҳосил шохида, “Наманган-77”, “Ан-Боявут-2”, “Султон”, «Бухоро-8», «Бухоро-10» ва «Бухоро-102», “Келажак” ,»Гулистон», «С-8290». “Пахтакор-1”, ва “Порлоқ -4” ва бошқа ғўза навлари экилган унумдор ерларда 100-110 минг кўчат қалинлигида 13-14 ҳосил шохида, ўрта ва паст унумли тупроқларда 110-120 минг кўчати мавжуд бўлса, 11-12 ҳосил шохида чилпиш ўтказилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятлари шароитида тупроқ унумдорлиги паст
майдонларда “Омад” , “Ан-Боявут-2” , “С-8286” “Султон” ғўза навлари гектарига
110-120 минг туп кўчат қалинлигида параришланган бўлса, 12-13 ҳосил шохи
пайдо бўлган муддатда, «Бухоро-6», «Бухоро-8», «Бухоро-10» ва «Бухоро-102»
навларида 100-110 минг кўчатда 12-13 ҳосил шохида, унумдорлиги ўртача туп-
роқларда “Омад”, “Ан-Боявут-2” ва “Султон”,»С-8286» навлари гектарига 100-110
минг кўчат қалинлигида 13-14, “Бухоро-6”, “Бухоро-102” ва “Бухоро-8”, «Бухоро-10»,
«С-01», “Порлоқ-2” навларида 90-100 минг кўчат сонида 13-14, унумдорлиги юқори
бўлган тупроқларда экилган “Омад”, “Ан-Боявут-2” ва “Султон” навларида гектарига 100-110 минг кўчат қолдирилиб ўстирилаётган ерларда 13-14, «Бухоро-6», «Бухоро-102», «Бухоро-8»,»Бухоро-10» навларида 90-100 минг кўчат қалинлигида
13-14 ҳосил шохида чилпиш ўтказилиши энг мақбул муддат ҳисобланади.
Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида унумдорлиги юқори бўлган тупроқларда “С-6524, “Султон», «Наманган-77», «Наманган-34», «Андижон-35», «Андижон-36» ва «Андижон-37» ,»ЎзПИТИ-201», «ЎзПИТИ-202», «С-8290»,»Порлоқ-4», ғўза навлари гектарига 90-100 минг туп кўчат сонида 13-14, ўртача унумдор тупроқларда гектарига 100-110 минг туп сонида 12-13, унумдорлиги паст ерларда гектарига 110-120 минг туп сонида 11-12 ҳосил шохида чилпиш ўтказилса, ерости суви юза бўлган тупроқларда ҳам 110-120 минг кўчат қолдирилиб парваришланган пайкалларда 12-13 ҳосил шохида чилпилади.
Қашқадарё вилоятида экилган Бухоро-6, Бухоро-8 ғўза навлари шохлаб ўсиши ҳисобга олиниб, тупроқ унумдорлиги паст бўлган майдонларда гектарига 110-120 минг кўчат сонида 11-12, унумдорлиги ўртача бўлган чўл, яримчўл ва дашт ҳудудларида 100-110 минг туп сонида 12-13, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида экилган “Бухоро-102” навида 95-100 минг кўчат сонида 13-14, “Наманган-77” навда 110-115 минг туп сонида 13-14 ҳосил шохида, тупроқ унумдорлиги юқори бўлган ерларда “Бухоро-102” навида 90-100 минг туп сонида 14-15, “Наманган-77”, “Султон”, “Бешқаҳрамон”, “Порлоқ-4” ғўза навларида 100-110 минг туп сонида 13-14 ҳосил шохида чилпиш ўтказилади.
Ингичка толали “Сурхон-14”, “Сурхон-16”, “Сурхон-103” ғўза навларининг хусиятидан келиб чиқиб, эртапишар навларнинг шохланишига асосан 16-17 ҳосил шохлари пайдо бўлганда, кечпишарлари 14-16 ҳосил шохлаганда ўтказиш тавсия этилади
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида экилган Султон, «С-4727», «Чимбой-5018», «Хоразм-127», «Хоразм-150», «Меҳнат», «Ният», «Манғит-1» ғўза навларида унумдорлиги юқори ерларда гектарига 90-100 минг туп сонида 13-14, ўртача унумдор тупроқларда 100-110 минг туп сонида 12-13, унумдорлиги паст ерларда 110-120 минг туп сонида 11-12 ҳосил шохида, Султон ғўза навида 100-120 минг туп сонида 13-14 ҳосил шохида чилпиш ишлари ўтказилиши тавсия этилади.
Ушбу тавсияларга амал қилиш ғўза ҳосилининг мўл, сифатининг юқори бўлиши билан бирга, кўсак қурти, қандала, қора шира каби ҳашаротларга ва вилт касаллигига бардошлилигини оширади, пахта йиғим-теримни қисқа муддатда ўтказиш, юқори навларга сотиш ва иқтисодий самарадорликнинг ортишига эришилади.

Шуҳрат АБДУАЛИМОВ,қ.х.ф.д., профессор,Бегали НИЯЗАЛИЕВ,қ.х.ф.д., профессор,ПСУЕАИТИ.

Манба:»O‘ZBEKISTON QISHLOQ VA SUV XO‘JALIGI» аграр-иқтисодий, илмий-оммабоп  журнал 2021 йил, №7. Июль