Ғўза қатор ораларига соя экиш

“Иқлим шароити юртимизга ўхшаш хорижий давлатларда пахтадан 70 центнергача ҳосил олишади. Қандай қилиб? Илм билан, ақл билан, дейдилар. Андижонда ер камлигини ва аҳоли зич жойлашганлигини ҳисобга олиб, ундан икки карра самарали фойдаланиш зарур. Ишсиз, даромади етарли бўлмаган минглаб одамлар бор. Ишимизга ўшаларнинг кўзи билан баҳо беришимиз керак”, – дея таъкидлади Президентимиз.

Ўша куни давлатимиз раҳбари ғўза қатор ораларига соя экиш борасида Андижон тажрибасини яратиш бўйича кўрсатмалар бериб, “Фермер далага режа учун эмас, даромад учун кириши керак. Соя экилса, битта майдондан икки баробардан зиёд даромад олиш, яна кўпроқ одамларни иш билан таъминлаш мумкин. Ундан олинадиган мой ҳам, омихта ем ҳам жуда сифатли, бозорбоп. Тўғри, бу қийин. Лекин қайси иш осон?”, – дея мутасаддиларга бир қатор вазифалар белгилаб берди.

Ҳақиқатан, илм ва ақл билан иш юритсак, ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш ва мўл ҳосил етиштириш имкониятлари кенг. Чунки бизнинг қишлоқ хўжалигида олиб бориладиган юмушларнинг бари бир қатор қийинчиликлар билан кечади. Бугун Андижон вилоятида ғўза қатор ораларига 20 минг гектар майдонга соя экиш борасида ишлар олиб борилмоқда. Ушбу соҳада биринчи вазифа – бизга эртапишар – 70-75 кунда пишиб етиладиган соя навлари уруғи керак. Бундай эртапишар навлар ўсув даврига қараб, август ойининг биринчи ва иккинчи декадасида пишиб етилади. Яъни 1 июнда ундириб олинган соя майсалари, август ойининг биринчи ўн кунлигида пишиб етилади. Тажрибада ғўза қатор ораларига соя экиш учун биринчи навбатда жорий йилда энг кеч чигит экилган ва тупроқда уруғнинг униб чиқиши учун нам етарли бўлган дала майдонлари танлаб олинди ҳамда уч хил усулда соя уруғлари экилди. Бу ишлар Андижон вилоятида биринчи марта олиб борилаётгани учун ўсиб турган ғўза қатор ораларига соя уруғлари уч хил тажриба асосида экилди.

Соя уруғларининг униб чиқиши учун ўз оғирлигига нисбатан 130-150% нам-ликни сингдириб олиши лозим  бўлади. Уруғ ташланган дала жуда нам бўлиши ҳам керакмас, чунки тупроқда кислород миқдори камайиб кетиши ҳам майсаларнинг сийрак бўлишига олиб келади. Соя уруғлари уна бошлаганда уруғнинг нафас олиши тезлашади ва унга кўп миқдорда кислород зарур бўлади. Соя уруғлари баҳорда экилганда униб чиқиши учун 7-8 кун вақт кетади, аммо далада тупроқ ҳарорати ошганда ва нам етарли бўлганда 4-5 кунда униб чиқади.

Вилоятнинг Жалақудуқ туманидаги “Пахтакор массиви”да жойлаш ган “Яхши ниятли Фирдавс” ҳамда “Нурли келажак рамзи” фермер хўжаликларида 24 май куни экилган соя уруғлари 28-29 май кунларида тўлиқ униб чиқди. Бу йилги режа вилоятда 20 минг гектар майдонга соя уруғлари экиш ва ундан ҳосил олишдир.

Республикамиздаги мавжуд суғориладиган 4 миллион гектар экин майдонининг 1 миллион 33 минг гектарига пахта экилади. Мана шу ерларнинг бир қисмига соя экилса, олинадиган ҳосил миқдори икки баравар ошади, аҳолини қўшимча иш билан таъминлаш имкони пайдо бўлади, муҳими, тупроқ унумдорлиги ошади ва қўшимча озиқ-овқат захираси тайёрлаш имкони вужудга келади.

2010 йилда сояни ғўза қатор ораларига экиш борасида Сирдарё вилоятида бир қатор тажрибалар ўтказилган бўлиб, 600 гектардан зиёд майдонда соя пахта билан аралаш ва қўшқаторлаб экилди. Баҳорда фермерларни таажжубга солган ҳолат шунда эдики, соя экилган ерларда қатқалоқ бўлмади, чигит тўлиқ униб чиқди. Унумдорлиги паст тупроқнинг таркиби яхшиланди, эримай қолган азотли ва фосфорли ўғитларни тайёр ҳолга келтирди, соя барги сатҳи пахта баргидан кўра тезроқ шакллангани учун микроиқлим ҳосил қилди, илдизлари орқали тўплаган азот тупроқни таркибини яхшилади.

2009 деҳқончилик йилида Сирдарё вилояти Боёвут тумани фермерлари яхши бир ташаббусга қўл урган эдилар. Ушбу туманда пахта ва сояни аралаш экиш борасида “Садриддин ота” фермер хўжалигида 1,20 гектар майдонда кичик тажриба олиб борилган. Тажрибанинг мақсади пахта ва буғдой майдонларини қисқартирмаган ҳолда тупроқ унумдорлигини ошириш эди. Шу майдондан 700 кг соя дони ва 41 центнер пахта ҳосили йиғиштириб олинди. Тажрибада пахта сеялкаларининг сошникларига бирданига чигит ва соя уруғлари аралаш ҳолда солинди ва бир гектар майдонда 110 минг туп пахта кўчати ва 100 минг туп соя кўчати бўлишига эришилди.

Соя дуккаклилар оиласига мансуб ўсимлик бўлгани учун соф ҳолда экилганда ўзидан кейин тупроқда 75-85 кг соф азотли ўғит қолдириб кетади. Соя ўсимлиги илдизлари ўзи ўсиб ривожланган майдонларида тупроқда эримайдиган ҳолга ўтиб қолган калийли ва фосфорли ўғитларни ўсимлик учун тайёр ҳолга келтиради ва ўзидан кейин экиладиган экин учун соф ҳолда азот қолдириб кетади. Боёвут туманидаги 2009 йилги тажрибалар шу йилнинг ўзидаёқ соя билан пахта аралаш экилган майдонларда пахта ўсимлигининг яхши ривожланганлиги ва ҳосилдорлигининг 7-8 центнерга юқори бўлганлигини исботлади.

Пахтани дуккакли экинлар билан экишни такомиллаштириш борасида 2009 йилда Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги “Эсонбой ота” фермер хўжалигида ҳам тажриба ўтказилиб, қатор оралари 90 см кенгликда Ҳинд сеялкасида пахта билан соя, мош аралаш қилиб экилган. Ушбу майдонларда пахтанинг “Бухоро-102” нави ҳосилдорлиги42 центнерга, соя ва мошдан эса 15-16центнергача дон олинган. 1 гектардан1,2 млн. сўм даромад қилиниб, рентабеллик даражаси 156% бўлган.

Ҳисоб-китоблар кўрсатишича, дуккакли экинларга қилинган харажатлар жами харажатнинг 30% ни ташкил қилган ҳолда, олинган даромад 50% ни ташкил қилган. (ICARDA маълумоти). Ғўза билан соя аралаш экилганда, эртапишар навларини танлаш яхши самара беради. Чунки улар июль ойининг учинчи ўн кунлигида ёки кечи билан август ойининг бошида пишиб етилади. Донни пахта йиғим-терими бошлангунча йиғиб олиш асосий вазифадир. Экиладиган навларни тўғри танлаш энг муҳим вазифадир. Соянинг ўзимизда яратилган “Генетик”, “Сочилмас”, Россиядан келтирилган “Аманта”, “Спарта”, Сербиянинг “Фортуна”, “Фаворит”, “Катя” навлари ўсув даври қисқа бўлганлигидан ғўза қатор ораларига экишга қулай, бошқа навларни экиш натижа бермайди. Чунки бизнинг эртапишар деб номланган навларимизнинг ҳам кўпчилиги индетерминант, яъни ўзидан ён шохлар чиқаради, бизга эса қўшиб экиш учун детерминант навлар, яъни шохламайдиган навлар керак. “Генетик” ва “Сочилмас” навлари ана шундай детерменант навлар гуруҳига киради.

Пахта билан соя аралаш экилганда соя учун суғоришдан бошқа қўшимча агротехник тадбирлар ўтказилмайди.

Бериладиган минерал ўғитлар, қатор ораларни ишлаш каби қўшимча харажатлар кўзда тутилмайди. Дастлабки мавсумда соянинг ҳосилдорлиги гектарига 10-12 центнерни ташкил қилгани ҳолда келгуси йили шу экин майдонидан қўшимча яна 6-8 центнер пахта ҳосили олиш учун замин ҳозирланади.

Хулоса сифатида шуни айтамизки, албатта, бу ишларни ўрганиш борасида ҳали кўп тажрибалар олиб борилади, бу ишлар янада мукамаллашади, аммо соя билан ғўза қўшиб экилиши натижасида, биринчидан тупроқ унумдорлиги ошади, иккинчидан, фермернинг оладиган даромади кўпаяди, ҳам пахта ҳосили, ҳам соя дони йиғиб олинади, учинчидан, кейинги йилларда пахта хосилдорлиги гектарига 8-10 центнерга ошади.

 

Дилором ЁРМАТОВА, ЎзДЖТУ профессори,

Ботир МИРЗАҚУЛОВ, Сайхунобод тумани ҳокими.

Дўстларингизга ҳам улашинг!