Гулкарам етиштириш технологияси

Биологик хусусиятлари ва навлари. Гулкарам – бир йиллик ўсимлик.


Униб чиққандан техник жиҳатдан пишиб етилишигача ўтадиган вегетация даври 90-120 кун. Гулкарамнинг характерли хусусияти шундаки, бошчасининг массаси билан барглари массаси ўртасида корреляция – боғлиқлик мавжуд. Бошчасининг массаси умумий массанинг 40 % ини ташкил этади. Ўсимликнинг бошчаси шакллангандан сўнг, баргларнинг массаси ортмайди, лекин, барглар ўсишдан тўхтаганда, бошчанинг массаси камая боради. Юқори ҳароратда (18 0С дан катта) ва тупроқда намлик етишмаганда, гулкарам бошчаси 10-11 та барглардаёқ шакллана бошлайди, лекин, кичкина бўлиб қолади. Паст ҳароратларда (8-12 0С) ва намлик билан таъминланиш яхши бўлганда, гулкарам бошчаси 18-20 та баргларда шаклланиб, йирик бўлади.

Гулкарам навлари ва гибридларига қўйиладиган асосий талаблар қуйидалардан иборат: юқори маҳсулдорлик, тезпишарлик, бир вақтда пишиб етилиш, бошчанинг зичлиги, зараркунандалар, касалликлар ва ташқи муҳитнинг салбий омиллари таъсирига бардошлилик. Яна бир ижобий белгиси шундаки, гулкарам барглари унинг бошчасига табиий соя солиб туради. Бу ҳолат гулкарам бошчаларини зичлаштирган ҳолда, уларга соя солиш учун, баргларини эгиш ёки бир-бирига туташтиришга ҳожат қолдирмайди.

“Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалиги экинларининг Давлат реейстри” га голланд, француз, япон селекциялари натижалари бўлган 18 та гибридлар киритилган.

Етиштириш технологияси. Гулкарам иситиладиган иссиқхоналарда етиштирилганда, унинг ҳосили мартнинг охирида етилади. Иситилмайдиган иссиқхоналарда эса очиқ тупроқдагига қараганда 3-4 ҳафта олдин етилади. Гулкарамни иситиладиган иссиқхоналарда қишки-баҳорги даврда етиштиришда, унинг тувакчаларда парваришланган 55-60 кунлик кўчатлари январнинг боши ёки ўрталарида экилади. Гулкарам кўчатини олиш учун унинг уруғи ноябрнинг бошларида экилади.

Кўчатлар қаторлар усулида 60-70х30-35 см ўлчамларда кўчириб ўтқазилади. Кўчат иссиқхонадаги қаторларда олдиндан тайёрланган ва суғориб намланган чуқурчаларга қўлда ўтқазилади. Кўчат биринчи барги бандигача бўлган чуқурликда кўмиб ўтқазилади.

Кўчат ўтқазилгандан кейин, гулкарам гуллагунча, иссиқхонада қуйидаги ҳарорат режими таъминланиши лозим: кундузи, ҳаво очиқ кунларда 17±3 0С, булутли кунларда – 14±3 0С, кечқурунлари – 6-8 0С. Ҳавонинг нисбий намлиги юқори (85-95 %) даражада ушлаб турилиши лозим. Тез-тез суғорилади, айниқса, иссиқ кунларда. Гулкарамнинг барглари ва бошчаларининг шаклланиш даврида тупроқ намлигининг 75-80 % дан пасайиб кетишига йўл қўйилмайди.

Тупроқни асосий тўйинтиришдан ташқари у икки марта органоминерал ўғитлар билан озиқлантирилади. Кўчат ўтқазилгандан 10-12 кундан кейин ўсимлик 1:5 нисбатдаги  гўнг шарбатининг 10 литрли эритмасига 20 г аммиакли селитра, 15 г суперфосфат ва 10 г хлорли калий қўшиб озиқлантирилади.

Озиқлантириш меъёри – бир туп ўсимликка 0,1 л. Шундан 7-10 кун ўтгандан кейин иккинчи озиқлантириш ўтказилади. Бунда суперфосфат ва калийнинг дозалари икки марта оширилади. Ўсимлик, кейинчалик, яна икки марта минерал ўғитлар билан озиқлантирилади. Ҳосилни ялпи йиғиб олишдан олдин озиқлантириш тўхтатилади.

Қишки-баҳорги экишда гулкарам мартнинг охирида ҳосил бера бошлайди ва ҳосилни йиғиб олиш апрелнинг бошларида якунланади. Экиндан бўшаган ерларга, одатда, баҳорги-ёзги давр учун мўлжалланган бодринг кўчатлари экилади.

Баҳорги-ёзги даврда гулкарам кўчати 20-25 февралда 70х25-38 см ўлчамлардаги схемада экилади. Бу экиш даврида ўсимликларни парваришлаш қишки-баҳорги экиш турига мос равишда олиб борилади. Мазкур экиш турида гулкарам апрелнинг иккинчи ярмидан ҳосил бера бошлайди, уни йиғиб олиш майнинг бошларигача якунланади. Гулкарамнинг етиштириладиган гибридлари  барглари лаганча шаклида бўлиб, ҳосил бошчаларини ёпиб туради. Гулкарам бошчалари бир вақтда пишиб етилмайди. Шунинг учун унинг ҳосили танлаб, териб олинади. Бошчалар барг лаганчалари билан биргаликда, олтин рангга кирмасдан, пичоқда қирқилади. Унинг барглари эса бошчалардан 5 см баландликда қирқилади. Сифати бўйича сараланган гулкарам бошчалари тезда сояга олиниб, салқин ерга жойлаштирилади.

Манба: Асатов Ш.И. (2016). Қорақалпоғистон  Республикасининг шимолий туманларидаги тупроқли иссиқхоналарда сабзавот экинларини  етиштириш технологияси бўйича тавсиялар. Baktria press.

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!