ҲОСИЛЛИ ТОКЗОРЛАРНИ ПАРВАРИШЛАШ

Табиий шароитдан тўлиқ фойдаланиш ва ҳар бир майдондан юқори ҳосил олиш учун токларни парваришлашнинг турли тизимлари қўлланилади. Бунда ўсиш шароити, хусусияти ва олинадиган маҳсулотдан қайси мақсадда фойдаланиши ҳисобга олинади.

Ўсиш кучи турлича бўлган техник навларни, ўртача ўсадиган кишмиш ва хураки навлар, шунингдек, лалмикор ерларда ўстириладиган токларни тик симбағазда, кучли ўсувчи, хураки ва кишмиш навларни қайирма симбағазда ўстириш керак.

Ўстириш тизимига кўра ток тупларини шакллантириш учун кўчат ўтқазилгандан сўнг иккинчи йили устун ўрнатилиши зарур. Темир-бетон устунлар узоқ хизмат қилади ва иқтисодий жиҳатдан фойдалидир. Ёғоч устунларни акация дарахтидан ясаш мақсадга мувофиқ бўлиб, уларни темир-бетон асосга ўрнатиш зарур, бу уларнинг мустаҳкамлигини оширади.

ТИК СИМБАҒАЗ

Симбағазни ясаш учун даставвал қатор четларига устунлар ўрнатилади; уларнинг кесими оралиқ устунлар кесимидан каттароқ бўлиши керак. 3 м узунликдаги оралиқ устунлар токзор қатори бўйлаб бир-биридан 8 м масофада ўрнатилади. Четки устунлар охирги тупдан туплар орасидаги масофанинг ярмига тенг масофада ўрнатилади ва улар қатор ичидан темир-бетон тиргак билан ёки ташқи томондан лангар қўйиб маҳкамланади. Тортиладиган симларнинг миқдори тупнинг ўсиш кучига боғлиқ ва суғориладиган токзорларда тўрт-беш, лалмикор ерлардаги токзорларда уч-тўрт қатор бўлиши мумкин.

Симбағазни ўрнатиш учун 2,5–3 мм. ли рухланган симдан фойдаланилади. Симбағазга материаллар сарфи токзорларга сарфланадиган материаллар миқдорида берилган.

Пастки қатордаги биринчи сим ер юзасида 50–60 см баландликда, иккинчи ва кейингилари бир-биридан 40–50 см масофада тортилади.

Бир гектар тик симбағазли токзорга сарфланадиган материаллар миқдори:

Тик симбағаз қатор орасидаги масофа – 3 м.

Қаторлар сони – 33 та.

Устунлар– 297 дона.

Лангар – 66 дона.

Оралиқ – 297 дона.

Жами– 363 дона хода ёки темир-бетон.

Симбағазга тортиладиган 2,5 мм. ли сим – 520 кг.

Улаш учун 3–4 мм. ли сим – 225 кг.