Хурмо парваришлаш

Экиш учун тавсия этиладиган хурмо навлари: Тамопан, Зенжи-мару, Хиакуме ва ҳ.к.

Кўчатларни экишга тайёрлаш ва экиш. Кўчатларни экишга тайёрлашда аввало, томорқа майдонини яхши текисланади, сўнг ерга етарли миқдорда – гўнг, чиринди, фосфорли, калийли ва азотли ўғитларни солиб, чуқур ҳайдалади.

Хурмони экиш схемаси – 6×5 м, кўчатларни экиш март ойи давомида амалга оширилади.

Кўчат экиш учун чуқурлиги ва кенглиги 50×50 см бўлган чуқурчалар ковланади. Чуқур қазишда тупроқ устки қисмининг 20–25 см қатлами ўранинг бир томонига олиб, қолган қисми иккинчи томонига олиб қўйилади. Кўчатни экишдан олдин тайёрлаб қўйилган шалтоққа (янги мол гўнги тупроқ билан 1:1 нисбатда аралаштирилиб, қаймоқсимон масса тайёрланади) ботириб олинади сўнгра экилади.

Кўчат ўрага тик қўйилиб, олдин олинган тупроқ чуқур тагига солиниб кўмилади. Кўчат экилгандан сўнг ҳар бир чуқурга сув қуйилади. Бунда тупроқ зичланиб, кўчат яхши кўкаради. Тупроқ чўккандан сўнг кўчат атрофига тупроқ солиб тўлдирилади. Кўчатлар тупроқ намлигига қараб суғориб турилади.

Парваришлаш. Эрта баҳорда новдалар 30–40 см қолдириб қирқилади. Ярусли (қаватли) қилиб шакл берилади.

Томорқадаги хурмо дарахтларига соф ҳолда 250–300 г азотли, 200–220 г фосфорли ва 180–200 г калийли ўғитлар солиниши тавсия қилинади. Азот ўғити иккига бўлиб, 30–40 фоизи кузда, қолгани апрель ва июль ойларида тенг миқдорда солинади. Ҳар 2–3 йилда ўртача 50–60 кг чириган гўнг солиш ҳосилдорликнинг ошишига ижобий таъсир этади.

Бўз тупроқларда гилос дарахтлари ўсув даври мобайнида 5–8 марта, шағалли ерларда 12–14 маротаба суғорилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Хурмо дарахтига зараркунандалардан ўргимчаккана, узум қурти зарар келтиради. Касалликлардан бактериоз, чириш хавф солади.

Ўргимчакканага қарши Перфекто 17,5 % сус.к. (10 сотихга 15–20 мл), Каратэ 5% эм.к. (10 сотихга50 мл) препаратари пуркалади.

Узум қуртига қарши эрта баҳорда Каратэ 5% эм.к. (10 сотихга 50 мл) препарати пуркалади.

Ушбу препаратлар бўлмаганда тамаки қайнатмасидан фойдаланиш мумкин.

Бактериоз ва чириш касалликларига қарши Бордо суюқлигининг 3 фоизли (10 л сувга 300 г мис купороси ва 300 гр сўндирилмаган оҳак) эритмаси сепилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Хурмо ҳосили кузда йиғиштириб олинади. Хурмо мевалари асосан сариқ ёки тўқ сариқ рангга кирганда пишган ҳисобланади. Мевалар оҳиста узиб олинади ва саватларга жойланади. Сақлаш даврида мевалар юмшаб қолишини инобатга олиб, улар бир қатор қилиб тахланади. Теримдан сўнг бир оз муддат ўтганидан кейин мевалар истеъмол учун яроқли ҳолга келади. Пишиб ўтиб кетган хурмо ҳосилини қушлар еб кетади.

Дўстларингизга ҳам улашинг!