Интенсив боғларни парваришлаш бўйича тавсиялар

Республикамизда интенсив боғлар майдони йил сайин кенгайиб бормоқда. Боғдорчиликни жадаллаштиришнинг (интенсивлаш) энг самарали усули, бу пакана ва ярим пакана бўйли пайвандтагларда ўстирилаётган мева дарахтлари билан боғ барпо қилиш, айниқса, уларнинг танасини симбағазларга боғлаб ўстиришдир.

Интенсив мевали боғлар кўчатларида мева куртагини ташкил қилиш даври ёзнинг иккинчи ярмига тўғри келади. Бу вақтда барча агротехник жараёнларни ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши зарур.

Боғлар парваришида асосий омиллардан бири бу дарахтларни озуқлантириб бўлиб, минерал ўғитлардан фақат азотли эмас, балки унга қўшимча қилиб фосфор ва калий ўғитини ҳам бериш мақсадга мувофиқ бўлади.

Шунинг учун, интенсив боғларда бериладиган фосфор ва калий ўғитларининг тенг ярми ёзнинг иккинчи ярмида берилса, самаралидир. Ёз мавсумида парвариш ишлари кўчатларнинг бехато илдиз олишига, яхши ўсиши ва ривожланишини таъминлашга қаратилади. Суғоришга алоҳида эътибор берилади. Июнь ойида икки-уч маротаба суғорилади. Ҳар суғоришдан кейин эгатлар ва дарахт атрофидаги тупроқ юмшатилади.

Шакл бериш. Мамлакатимиз шароитида пакана пайвандтагда экилган интенсив боғларда кўчатларга 60 см. юқоридан кесилиб, шакл берилади. Четдан келаётган кўчатларни веретино шаклида, яъни асосий лидер новда қолдирилиб, ёнига кўпроқ новда беришга қаратилади, яъни шохлатилади. Шакл беришда кўчатнинг асосий лидер шохида штампи учун 50 см қолдирилиб, ундан юқорисига 8–10 дона кўз қолдирилиб, ундан сўнг яна шип 3 дона кўз қолдирилгач, ортиқчаси кесилади.

Келажакда етарли шохлаши учун танасидан 50 см юқорида жойлашган 3 дона кўз ойсимон шаклида (кўчат кўчатхонада шохламаган бўлса) кўзнинг ўсиш қисмидан кербовка (кесиш) қилинади ва яна учта кўз ташлаб, яна учта кўз тўғри чизиқ шаклида кербовка қилинади. Бу жараённи кўчат яхши ўса бошлаган даврда қилса яхши натижа беради. Шохланган шохлар июль-август ойларида 90° эгилади ва боғланади. Ёш ўсган новдаларда мева куртакларини ҳосил қилиш мақсадида улар маълум вақтда чилпиб (чеканка) турилади. Бу усул мева куртакларининг кўпроқ ҳосил бўлишини таъминлайди.

Темир-бетон устунлар ўрнатиш ва сим тортиш. Экилган кўчатларни биринчи йилнинг ўзида симбағазларга боғлаб, парвариш қилиш учун темир-бетон устунлар ўрнатилади.

Кўчатларни симбағазларга боғлаб парвариш қилиш. Янги экилган олма, нок боғларига темир-бетон устунлар ҳамда сим тортилгач, кўчатларнинг новдалари симларга боғлаб чиқилади ҳамда келажакда новда-лар ўсиб, ривожланиши учун парвариш ишлари олиб борилади.

Ёш пакана пайвандтагли боғлар орасига биринчи йили сабзавот, полиз, картошка экинлари экиш мумкин. Иккинчи йилдан ушбу экинлар экиш тавсия этилмайди. Чунки боғ қатор орасига ишлов берила бошлайди.

Суғориш. Пакана пайвандтагда ўстирилаётган ҳосилдор мевали боғларни суғориш тизимини шундай йўлга қўйиш лозимки, боғ қатор орасида бир метр чуқур-ликда тупроқнинг намлик даражаси тупроқни сувсизлигига нисбатан вегетация даврида 70–75 фоиздан кам бўлмаслиги керак.

Ёз ойларида (вегетация даврида) мева боғларининг тупроқларидаги намлик даражасини меъёрда ушлаш учун тез-тез суғориб турилади.

Томчилатиб суғориш. Замонавий интенсив боғларда томчилатиб суғориш тизими асосида кўчатда деярли сув билан боғлик стресс ҳолати бўлмайди. Чунки тупроқда намлик даражаси илдиз атрофида бир хил бўлади.

Интенсив боғларда томчилатиб суғориш тизими мавжуд бўлса, барча минерал озуқаларни сув орқали томчилатиб бериш мақсадга мувофиқдир. Бунда ўғитни ўзлаштириш самарадорлиги анча юқори бўлади.

Томчилатгичларни тури ва жойлашишига қараб, суғориш вақти ва миқдори белгиланади.

Томчилатиб суғорилганда 40% сув тежалади.

Ёши катта боғларга томчилатиб суғориш тизимини ўрнатганда, уларнинг шу даврда илдизи жойлашган қатламларга сувнинг текис етказиб берилишини таъминлашга эътибор қаратиш лозим.

    М.Якубов, Г.Караходжаева, Ҳ.Бобоева

Манба: Agro.uz