Интенсив мева боғлар учун жой танлаш

Мевадан юқори хосил етиштиришнинг асосий шарти боғ учун майдонни тўғри танлаш ва юқори агротехникасини кўллашдир.

Мевали дарахт бир жойда узоқ вақт ўсганлиги сабабли илдиз системаси ерга чуқурлашиб кетади. Шу туфайли боғ барпо этиш учун ерларни турли пайвандтагларда ўстирилган ҳар хил тур ва навларнинг талабларига мувофиқ танлаш керакки, унда мевали дарахт нормал ўсиши таъминлансин. Бундан ташқари, сизот сувларнииг чуқурлиги ва сифати жуда муҳим аҳамият касб этади. Тупроқнинг боғ учун яроқлилиги ҳақида физик-кимёвий анализ ҳамда ажратилган майдонда ўрмон ва ёввойи мевали дарахтларнинг ўсиши асосида фикр юритиш мумкин. Агар дарахтлар ёмон ўсиб, шох-шаббаси учларининг қуриши кузатилса, бу тупроқнинг сифати ёмонлигидан далолат беради.

Масалан, дарахт шох-шаббасининг қуришига тупроқда илдизларнинг нормал ўсишига халақит берувчи қаттиқ қатламларни мавжудлиги ёки сувларнинг яқинлиги сабаб бўлиши мумкин. Тупроқнинг шўрланганлиги ҳам салбий таъсир кўрсатади. Кам шўрланган ерларда дарахт ўсиши мумкин, лекин тегишли тадбир кўриш керак бўлади. Тупроқ шўрини ювиб, дренажлар орқали ортиқча ер ости сувлари чиқариб ташланади.

Мевали дарахтлар ўстирилган боғларнинг тупроғи остидаги қатлам ўз механик таркиби бўйича жуда енгил бўлмаслиги, шу билан бирга сувни тутиб, унинг ортиқча тўпланишига йўл қўймаслиги керак. Тупроқ тагида тўпланиб қолган ортиқча намлик дарахтларга, айниқса катта зарар етказади. Тупроқ тагида кўп миқдорда оҳак ва ишқорли тузларнинг бўлиши ўсимликлар хлорозига олиб келиши мумкин.

Мевали ўсимликлар учун энг яхши тупроқ бу кумоқ тупроқлар устида ҳосил бўлган механик таркиби ўртача қумоқ енгил тупроқлар ва ўтлоқ тупроқлардир. Ботқоқланган ва ботқоқ, шўрланган ва таг қатлами тошлоқ ва бошқа ерлар боғ учун унча тўғри келмайди. Бундай ерларни мелиоратив ҳолатини яхшиламасдан туриб, фойдаланиб бўлмайди.

Кўчат ўтказишдан олдин тупроқни чуқур ҳайдаш барча тупроқ қатламларида биринчи навбатда асосий илдиз системаси жойлашган зоналарда нам тўпланишига, чуқур ҳайдаш билан бир вақтда органик- минерал ўғит солиш, қатор ораларига экилган қишлоқ хўжалик экинларининг ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлигининг ошишига ёрдам беради.

Манба: Қишлоқ хўжалик экинлари етиштиришда инновацион технологиялар. Адилов М.М. ва бошқалар

 

Дўстларингизга ҳам улашинг!