Кафтдек ердан катта даромад

11

Кафтдек ердан катта даромад

“Томорқага экин экиш” ойлиги

Олтиариқлик деҳқону миришкорларнинг Марсда ҳам бодринг, турп сотиши ҳақидаги латифани эшитгансиз. Албатта, бунинг замирида уларнинг омилкорлигию тадбиркорлиги мужассам. Фарғона вилоятининг нафақат Олтиариқ туманида, балки бошқа ҳудудларида ҳам томорқачиликда яхши мактаб яратилган. Кафтдеккина ердан уч-тўрт марта ҳосил олиб, фаровонлиги ошаётган оилалар сони борган сари кўпаймоқда. Тўғри, баъзи маҳаллаларда 10-15 сотих ери бўла туриб, баҳорда бирор экин экмайдиган, ернинг умрини беҳуда ўтказиб юбораётганлар ҳам бор.

8.JPG

Бугун, эрта баҳорда ҳам бозор айланар экансиз, расталарда барча нарса муҳайё экани, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари арзон нархларда сотилаётганидан хурсанд бўласиз. Фарғона шаҳар деҳқон бозорида 1 килограмм пиёз – 300-400 сўм, 1 боғ редиска – 500-600 сўм сотилмоқда. Албатта, буларнинг барчаси давлатимиз томонидан томорқадан самарали фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарасидир.

Кеча қўшнилар билан гурунглашиб қолдик. Ёши улуғ отахонлардан бири шундай деди:

– Ёшлигимда лимон, мандарин еганимни эслай олмайман. Ҳозирги мўл-кўлчиликни қаранг. Мевани танлаб-танлаб ейсиз. Қани айтинг, қай бирингизнинг уйингизда лимон, мандарин ёки илгари биз отини ҳам билмайдиган яна бошқа мевалар йўқ. Ҳатто кўпчилигимиз томорқамизда етиштиряпмиз-ку унақа меваларни. Шу кунларга етказганига шукр. Бу юртдаги тинчлик, давлатнинг ўз фуқаролари ҳеч кимдан кам бўлмай яшаши йўлида қилаётган ишлари туфайли. Бунинг қадрига етинглар.

7.JPG

Ҳа, ҳақ гап. Ёши катта юртдошларимиз яхши эслайди. Бир пайтлар томорқасида етиштирган маҳсулотини сотаман деб қўлига кишан солинганлар кўп бўлган. Оила даромади деган тушунчалар йўқ эди. Мустақиллик туфайли ўз эркимизга, ўз еримизга эга бўлдик. Бугун томорқачиликда ўзига хос мактаб яратиб, яхши даромад топаётган минглаб оилалар фаровон ҳаёт кечирмоқда.

Тошлоқ туманида бугунги кунда 193 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилиб, 3 минг 600 гектар томорқа майдони мавжуд. Арабмозор, Қанжирға, Заркент, Янгийўл каби маҳаллаларда кўплаб оилалар кафтдек ердан самарали фойдаланиб, оиласини ҳам, бозорни ҳам арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминламоқда.

5 (1).JPG

Қанжирға маҳалласида яшовчи Адҳам Қосимовлар оиласи томорқадан унумли фойдаланишда кўпчиликка ибрат. Хонадон эгалари томорқада асосан сабзавот ва кўкат етиштиради. Қишнинг қаҳри кетиб улгурмай томорқадаги ишларини бошлаб юборадиган бу миришкорлар эртапишар карам, помидор, қалампир кўчатидан юқори ҳосил олади. Шунингдек, мазкур маҳаллада бугунги кунда 100 дан зиёд хонадонда иссиқхона ташкил этилган. Шуҳрат Аҳмедов, Икром Қурбонов сингариларнинг хонадонига кирган киши булғор, помидор кўчатлари гуркираб ўсаётганига гувоҳ бўлади.

Томорқада лимончилик ҳам ривожланаётир. Беш сотих майдондаги лимон кўчатлари бу йил ҳосилга кирди. Бундан ташқари, чорвачилик ва паррандачиликда ҳам етарли тажриба тўпланган.

4.JPG

Тўғрисини айтганда, Марказий Фарғона ерларига туташ бу ҳудудда деҳқончилик қилиб, мўл ҳосил етиштиришнинг ўзи бўлмайди. Қумлоқ ерда гиёҳ ундириш, парваришлаш кўп меҳнат, билим ва сабр-тоқат талаб қилади. Масалан, далани экинга тайёрлашда кузги шудгорнинг аҳамияти катта. Суғориш куннинг иссиғида амалга оширилса, ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатади. Шу боис бу ерда экинга кечки салқин ёки тонг саҳарда сув таралади. Натижада намлик узоқ сақланиб, ҳосилдорлик салмоғи ошади. Ҳар бир агротехник тадбир ўз вақтида бажарилса, ерга меҳр билан ишлов берилса, даромад ҳам шунга яраша бўлади. Тошлоқликлар буни яхши англаган ҳолда ҳар бир томорқа юмушига муҳим эътибор беришади, ерни маҳаллий ўғит билан яхшилаб тўйинтиради.

– Томорқачилик тўкин-сочинлик, фаровонлик манбаи эканини маҳалла аҳли яхши билади, – дейди “Қанжирға” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилором Отабекова. – Аксарият хонадонлар томорқадан йилига уч-тўрт марта ҳосил олади. Томорқада эртапишар картошка, карам, помидор, сабзи, пиёз, турли кўкатлар етиштирилади. Жорий йилнинг ўзида 25 хонадонда лимончилик йўлга қўйилди. Камчиқим, аммо сердаромад ҳосил олишнинг ушбу интенсив усули ортидан тўкин яшаётган, аҳолига нафи тегаётган миришкорлар кўпайиб бормоқда.

1.JPG

“Сойбўйи” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 732 хўжаликнинг томорқасида ҳам ишлар янада қизғин паллага кирган. Бу ерда бирорта бекорчини учратмайсиз. Маҳалла аҳли, айниқса, баҳорги редиска етиштириш ҳадисини олган.

– Оилалардаги файзу бараканинг сири меҳнатда, – дейди шу маҳаллада яшовчи Акмалжон Раҳимов. – Фарзандларимни ҳам бўш вақтларида ерга меҳр беришга ўргатаман. 8 сотих томорқа биз учун катта хазина. Ҳозир 1 сотих иссиқхонада 10 мингдан ортиқ помидор кўчати бор. Шунингдек, картошка, редиска, қалампир ҳам парваришлаяпмиз.

– Афсуски, ерини қаровсиз ташлаб қўйганлар ҳам учраб туради, – дейди “Сойбўйи” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Умаржон Турдиев. – Маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда олиб борилаётган тушунтириш ишлари ўз самарасини бермоқда. Бугунги кунда аксар хонадонларда томорқага экин экилаётир. Ҳудуддаги ерларнинг мелиоратив ҳолатида ҳам айрим муаммолар бор эди. Мутасаддилар билан биргаликда уни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Бу томорқадан мўл ҳосил олишда катта аҳамиятга эга.

– Илгари 10 сотих ерга маккажўхори экиб, йилда бир марта ҳосил олардик, – дейди Ҳамроҳ кўчасида яшовчи Баҳодир Ҳакимов. – Ён қўшнимдан помидор, қалампир ва редиска етиштиришни ўргандим. Нафақага чиққанимдан сўнг икки йилдан бери бутун оила шу томорқа ишлари билан бандмиз, чорва сонини ҳам кўпайтирдик. Тўғриси, даромад ҳам йил сайин ошиб бормоқда. Ўтган йили неварамни уйлантирдик. Бу йилги режалар янада катта. Худо хоҳласа, шу томорқанинг ортидан янада бой яшаймиз.

“Томорқага экин экиш” ойлигида барча маҳаллаларда экин экишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туманда томорқачилик маданиятининг юксалиб бораётгани нафақат аҳоли бандлигини таъминлаш, балки оилалар фаровонлигини юксалтиришда ҳам юксак самаралар бермоқда.

 

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат)ЎзА
Дўстларингизга ҳам улашинг!