Мевали дарахтларда учрайдиган Калифорния қалқондори зараркунандаси ва кураш чоралари

Зарари. Мевали дарахтлар, резавор мева, буталар ва манзарали ўсимликларга зарар етказади. Калифорния қалқондори кўпайиб кетганда дарахт пўстлоғи узунасига ёрилиб, шохларни ва бутун дарахтларни қуритиб қўяди, мевалардаги ширани сўриб, тўқ қизил доғ туширади. Мевали дарахтнининг шох, новда, барг, дарахт пўстлоғи ва меваларни зарарлайди. Натижада дарахтлар кам хосил беради, ёш дарахтлар қуриб қолади.

Таърифи. Қалқони юмалоқ, анчагина япалоқ, оч жигар ранг, кул ранг тусда бўлиб, диаметри 1,0–1,5мм дан 2мм гача. Қалқоннинг четлари ўртасига нисбатан оч тусда бўлиб, эркагининг қаноти бир жуфт бўлади. Ёш личинкаси озиқ лана бошлаганда оқимтир шира чиқаради, бу шира кейинчалик қалқонга айланади.

Ҳаёт даври. Биринчи ёш личинкалари шох ва новдалардаги қалқон остида қишлайди. Баҳорда, дарахт куртаклари бўрта бошлаганда озиқланишни бошлайди ва пўст ташлаб, жинсий етук урғочи ва эркак зотларга айланади. Урчиган урғочи зот 1 ой етилгач 100–120 тадан тирик личинкалар туға бошлайди. Туғилган «дайди» личинкалар қалқон остидан чиққандан сўнг, бир неча соат давомида дарахт бўйлаб тарқалиб пўстлоқ ва меваларга ёпишган ҳолда ўзига қалқон ясай бошлайди. Озиқланиши давомида пўст ташлаб иккинчи ёшга ўтган личинкалар жинсий етук урғочи ва эркак зотларга айланади ва 2-авлод «дайди» личинкалари пайдо бўлади. Шу тариқа йил давомида 3–4 та авлод беради. Одатда ҳар бир авлоддан биринчи ёш личинкаларнинг бир қисми қишлашга қолади. Кўчат ва зарарланган мева орқали жойданжойга тарқалади.

 Калифорния қалқондори – Diaspidiotus perniciosus Comst

Уйғунлашган кураш чоралари.

Эрта кўкламда буталган шоҳ ва новдаларни ёқиш, дарахтлар танасини тозалаб, эски пўстлоқларни ёқиш, дарахт танасини оқлаш, боғларни ёшартириш. Мавсум вақтида тухумдан чиққан қалқондорлар сонини билиш учун диаметри 3–5 см бўлган шохларга ёпишқоқ тарафини тепага қилган ҳолда маҳкам қилиб скотч (ёпишқоқ тасма) боғланади. Агар маҳкам бўлмаса, ёш қалқондор личинкалар тагидан ўтиб кетади. Бир боғда камида 10та дарахтнинг 2 та шохига скотчни боғлаб чиқилади. Ҳар ҳафтада янги скотчга алмаштирилади. Ҳар бир жойда скотчга ёпишиб қолган қалқондорларни санаб, ёш қалқондорларни қачон кўпайишини аниқлаш мумкин. Скотчдаги қалқондорлар сонига

қараб пестицид билан ишлов ўтказиш белгиланади. Кимёвий ишловлар  алқондорларнинг биринчи ёш личинкалари кўпайган даврда сепилади. Куртаклар бўртиш вақтида ёғли воситаларни қишлаётган зараркунандаларга қарши пуркаш энг самарали ҳисобланади.

Кураш чоралари. Куртаклар бўртиш вақтида минерал мойлар билан таркибида хлорпирифос ёки диазинон бўлган препаратларни аралаштириб ишлов берилади. Вегетация даврида эса таркибида дельтаметрин, диметоат, имидоклоприд, лямбдациголотрин, малатион ва хлорпирифос бўлган препаратлар билан ишлов берилади.

Кимёвий усул: 1. Овипрон (нефт мойлари) – 15л/га; (Алипро, Препарат №30). Баҳорда куртаклар бўртиш вақтида ишлов берилади. Ушбу мойли препаратларга қуйидагиларни қўшиб сепиш самарадорликни оширади:

▪ Адмирал 10% эм.к – 0.5-0.7 кг/га

▪ Апплауд 25% н.кук – 1кг/га

▪ Пиринекс 48% эм.к – 2 л/га (Барон)

▪ Суми-альфа 5% эм.к – 0.5 л/га (Эсфен-Альфа 5%)

  1. Апплауд 25% н.кук – 1кг/га; Дайди личинка даврида фойдаланилади.
  2. Адмирал 10% эм.к – 0.5 кг/га; Дайди личинка даврида фойдаланилади.
  1. Би-58-янги 0,8-2,0 л/га (Блитц, Данадим Эксперт, Димет);
  2. Карбофос, 50% эм.к – 1,0-3,0 л/га (Фуфанон).

Маълумотнома Шухрат Аброровнинг Ўзбекистонда Замонавий Интенсив
Олма Боғлари китобига асосланиб тузилган.