КАНОП-Халқ хўжалигидаги аҳамияти, тарқалиши, ҳосилдорлиги.

Каноп ўсимлиги луб тола берувчи қимматбаҳо экинлар гуруҳига киради. Унинг поясидаги луб толалар поя массасининг 30 %, толанинг ўзи эса 24 % ташкил этади. Толалари мустаҳкам, юмшоқ, гигроскопик бўлиб, брезент, қоп-қанор, гилам, ип, мебел, тўқималари ва шунга ўхшаш бошқа буюмлар тайёрлаш учун ишлатилади. Уруғида 20 % мой сақлайди ва бу тери ошлаш, совун пишириш ва лак буёқ саноатида кенг ишлатилади. Кунжараси ўғит бўлиш билан бирга, чорва моллари учун озиқа ҳамдир. Поя қолдиқлари қоғоз ва қурилиш саноатида ишлатилади.

Канопнинг ватани Жанубий Америка ҳисобланади. Бу экин Ҳиндистон, Хитой, Африка мамлакатлари, Америка ва Жанубий Европа мамлакатларида экилади.

Ўзбекистонда каноп суғориладиган ерларда экилади. Ҳозирда мамлакатимизда каноп экиладиган майдонлар анча қисқарди ва йилда 2,5 минг гектар атрофида экилмоқда, 1990 йилда каноп 15 минг гектарга экилган.

Тола ва уруғлик учун экилган майдонларда каноп пояси ҳосили 180 ц/га ва ундан ортиқ. Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги Охунбобоев хўжалигида ҳар йили канопдан 200-250 ц/га ҳосил олинган.

Ботаник тавсифи. Каноп Hibiscus cannabinus L, Малвалар (Malvaceae) оиласига кирувчи бир йиллик ўтсимон ўсимлик. Илдиз тизими – ўқ, яхши ривожланган, тупроққа 2 м ва ундан ортиқ чуқурликка кириб боради. Пояси юмалоқ ёки кучсиз қовурғали, баландлиги 2-5 м, шохланади, антоцион рангли, йўғонлиги поянинг асосида 1,5-2 см.

Барглари навбатлашган, пасткилари оддий, ўртадагиси букланган, юқоридагиси ланцетсимон, чети тишсимон қиррали.

Гули йирик, диаметри 7 см ва ундан ҳам кўп. Тожбарглари бешта, сариқ, оч сариқ, пушти. Настарин (сирен) рангли. Тожбаргнинг ичи тўқ қизил ёки оч сариқ. Гуллаш пастки гуллардан бошланади.

Каноп ўзидан чангланади, чангчилари ривожланмасдан қолган гуллар четдан чангланиши кузатилади.

Меваси – беш уяли ўткирлашган тухум шаклидаги кўсак. Кўсак туклар билан қопланган, узунлиги 2,5 см. Битта ўсимликда 20-30 кўсак ҳосил бўлади.

Уруғлари – уч қиррали, тўқ кулранг. Битта кўсакчада 15-20 уруғ бўлади. 1000 дона уруғ массаси 20-28 г.

Биологияси. Ҳароратга талаби. Каноп иссиқсевар ўсимлик. Уруғлари 10-12 0С ҳароратда кўкариб бошлайди ва 13-15 0С да ҳаётчан майсалар ҳосил бўлади. Майсаларнинг қийғос униб чиқиши ҳарорат 2022 0С да кузатилади. Совуқ 1-1,5 0С бўлганда майсалари, шунингдек, вояга етган ўсимликлар ҳам нобуд бўлади. Канопнинг ўсиши, юқори ҳосил шакллантириши учун энг мақбул ҳарорат 23-25 0С. Ўсув даврининг охирида иссиққа талабчанлиги камаяди. Уруғларнинг етилиши 14-16 0С иссиқда ҳам ўтади, бу даврга келиб ҳаво нисбатан қуруқ бўлади.

Ёруғликка талаби. Каноп ёруғсевар ўсимлик. Туп қалинлиги жуда юқори бўлса, ёруғлик етишмайди, ўсимлик паст бўйли, кучсиз бўлиб секин ўсади. У қисқа кунли ўсимликлар гуруҳига мансуб – ёруғлик куни 12 соатга қисқартирилса, каноп тез ривожланади, аммо пояси паст бўлиб қолади.

Намликка талаби. Каноп тупроқ намлигига талабчан. Унинг меъёрида ўсиб ривожланиши, юқори ҳосил тўплаши учун энг мақбул тупроқ намлиги энг кам дала нам сиғимининг 75-80 %. Шунинг учун каноп Ўзбекистонда фақат суғориладиган ерларда экилади. Намга энг талабчан даври уч бўлакли баргларнинг ҳосил бўлишигача, поянинг жадал ўсишига тўғри келади.

Тупроққа талаби. Ўзбекистонда каноп унумдор тупроқларда, дарё соҳилларида бўз, ўтлоқ, ўтлоқ-бўз тупроқларда экилади. Шўр, қумоқ, ботқоқлашган, тошлоқ тупроқларда у яхши ўсмайди. Шўртоб тупроқлар каноп учун яроқсиз.

Ўсув даври 120-160 кун.

Озиқа моддаларга талаби. Каноп гектаридан 180-200 ц поя бериши учун тупроқдан кўп озиқа элементларини ўзлаштиради. Каноп фосфорни азотга нисбатан беш баравар кам ўзлаштиради. У 1 т поя ва шунга мувофиқ барглар ҳосил қилиш учун тупроқдан 14 кг азот, 2,5 кг фосфор ўзлаштиради.

Каноп маъданли ва органик ўғитларни солишга ижобий таъсир кўрсатади. Маъданли ва органик ўғитларни бир вақтда қўллаш энг юқори натижа беради.

Канопнинг ўсиш хусусиятлари. Каноп ўсиш даврининг дастлабки 30-45 кунида жуда секин ўсади. Бу даврда унинг илдиз тизими яхши ривожланади. Кейин унинг ер устки массаси тез, бир кунда 6-10 см ўсади. Энсиз, ланцетсимон баргнинг ҳосил бўлиши билан поянинг ўсиши деярли тўхтайди.

Дастлабки ривожланиш даврида поялар секин ўсганда уни бегона ўтлардан ҳимоя қилиш муҳим аҳамиятга эга. Канопнинг гуллаш даври давомли 6 ҳафтагача давом этади. Ҳар куни 1-2 гул очилади. Ўзбекистон шароитида барг қўлтиқларидан иккиламчи, учламчи гуллар ҳам ҳосил бўлади ва бундай ҳолда бир кунда 5-7 гул очилади.

Каноп ўзидан чангланади, кам миқдорда четдан чангланиш кузатилиши мумкин. Гуллар одатда эрталаб очилади. Ҳаво булутли бўлса гулларнинг очилиши кечикади. Гуллар очиқ ҳавода кам бўлади, куннинг иккинчи ярмида сўлийди ва ёпилади.

Гуллаш даври чўзилганлиги учун кўсаклар ва уруғларнинг пишиши узоқ давом этади. Пастда жойлашган кўсакларда уруғ пишганда поянинг юқори қисмида гуллаш давом этади. Техникавий етилиши 110-130 кунда, биологик етилиш (уруғнинг пишиши) 130-150 кунда кузатилади.

Дўстларингизга ҳам улашинг!