Канопни етиштириш технологияси

Ўзбекистонда канопнинг Узбекский-1972, Узбекский-2142, Ўзбекистон-2225 навлари экиш учун Давлат реестрига киритилган.

Каноп техникавий экин, ўтмишдошларга талабчан. Каноп учун кузги бошоқли дон экинлари, беда, дуккакли дон экинлари, маккажўхори, сабзавот экинлари яхши ўтмишдош. Канопдан кейин дала бегона ўтлардан тоза, тупроғи юмшоқ ҳолда қолганлиги учун у бошоқли дон, сабзавот, полиз экинлари учун яхши ўтмишдош.

Ўғитлаш. Каноп озиқа элементларига жуда талабчан. Поялар ҳосили гектаридан 100 ц бўлганда каноп тупроқдан 120-150 кг азот, 60-80 кг фосфор, 120-160 кг калийни ўзлаштиради. Ўсув даврининг биринчи ярмида фосфор ва калийни кўп ўзлаштиради. Азотни ўзлаштириш шоналаш ва гуллаш даврида ортади.

Каноп ўғитлашга жуда таъсирчан. Гектарига 15-20 т гўнг ва маъданли ўғитларни биргаликда қўллаш жуда юқори самара беради.

Гўнг йиллик меъёрининг ҳаммаси, фосфорли ва калийли ўғитларнинг ярми ерни ҳайдаш олдидан солинади. Гектарига 25-30 кг азот ва фосфор экиш билан, қолган қисми икки марта озиқлантириш сифатида 8-10 барглар ҳосил бўлганда ва шоналаш фазаларида солинади.

Тупроқни ишлаш. Кузда тупроқни ишлаш имкони борича эртароқ ўтказилади. Кузги шудгор сентябр, октябрда 28-30 см чуқурликда, чимқирқарли плугларда бажарилади. Эрта баҳорда намни сақлаш, қисман ерни текислаш мақсадида икки изли қилиб «зиг-заг» бороналари билан бороналанади. Экишдан олдин тупроқ чизелланади ёки отвалсиз плуглар билан ишланади. Тупроқ зичлашмаган бўлса экиш олдидан 1-2 култивация қилиш, бороналаш, зарур ҳолларда молалаш ўтказилади. Экиш олдидан ер албатта текисланади.

Экиш. Экиш учун сараланган, тозаланган, соғлом юқори кондицияли уруғлар экилади. Экишдан олдин уруғлар офтобда ёйиб қуритилади, понактин препарати билан 200 г/ц уруққа ҳисобида ишланади.

Ўзбекистонда каноп асосан Тошкент вилоятида экилади. Энг мақбул экиш муддати Тошкент вилояти шароитида 10-20 апрел, уруғ учун экилганда 1-10 апрел.

Тупроқдаги ҳарорат, экиш чуқурлигида 12-150С қизиганда экиш бошланади. Экишни календар муддатлари тупроқ-иқлим шароитига қараб ўзгаради.

Экиш СПЧ-6А ёки СТХ-4Г, СХУ-4, СХУ-8 чигит сеялкаларида ўтказилади. Қатор оралари 60, 70 см. Кейинги йилларда канопни қўшқаторлаб, ленталар ораси 20 см қилиниб, қатор ораларини 70 см қилиб экиш юқори самара бермоқда. Экиш меъёри 25-30 кг/га. Каноп уруғлик учун ўстирилганда қатор оралари 60 см қилиб экилади. Уруғлик учун экилганда канопнинг экиш меъёри гектарига 8-10 кг ни ташкил қилади. Экиш чуқурлиги 5-6 см, оғир тупроқларда 3-4 см.

Парвариши. Каноп уруғлари экилгандан кейин майсалар ҳосил бўлгунча қатқалоқ ҳосил бўлса, қатқалоқ бороналаш йўли билан йўқ қилинади. Каноп дастлабки ривожланиш фазаларида секин ўсади, шунинг учун бегона ўтлар билан тез ифлосланиши мумкин. Бороналаш, қатор ораларини култивация қилиш бегона ўтларни қисман йўқ қилади.

Ўсув даврида қатор оралари 5-6 марта ишланади. Ҳар бир суғоришдан кейин тупроқ етилиши билан култивация ўтказилади. Қатор оралари ўсимлик қаторларини ёпиб қўйгунча ўтказилади (ўсимлик бўйи 0,8-1 м га етгунча).

Ўсув даврида тола учун ўстирилган каноп 5-6 марта суғорилади. Суғориш меъёри 800-1200 м3/га. Суғоришлар сони, меъёри сизот сувларнинг жойлашиш чуқурлигига ҳам боғлиқ.

Ўсимликнинг ўсув даврида тупроқдаги намлик ЧДНСнинг 80 % ушланганда энг қулай намлик ҳосил қилинади. Сизот сувларнинг жойлашиш чуқурлиги, атмосфера ёғингарчиликлари ҳисобга олинган ҳолда суғориш схемалари, режими белгиланади. Одатда биринчи суғориш ўсимлик бўйи 12-16 см га етганда, навбатдагилари ҳар 15-20 кунда ўтказилади.

Уруғлик учун экилган каноп агротехникаси, тола учун ўстирилгандагига нисбатан фарқ қилади. Уруғлик канопзорларда ўсимлик қалин бўлса, ягона қилинади ва бир гектарда 150-180 минг туп ўсимлик қолдирилади. Суғоришлар ўсув даврида 3 марта ўтказилади. Биринчи суғориш ўсимлик 18-20 барг ҳосил қилганда, иккинчиси шоналашда, учинчиси гуллаш фазаларида ўтказилади. Мавсумий суғориш меъёри 3500-4000 м3/га.

Ҳосилни йиғиштириш. Каноп тола учун ўстирилганда, экинзордаги 50 % ўсимликлар гуллаганда техникавий пишиш бошланади. Яшил поялар техник жихатдан етилганда ҳосил ўрилади. Янги ўрилган поялардан толани ажратиш ЛО-1А тола ажратиш машиналарида бажарилади. Олинган яшил лублар далада қатор қилиб қуритилади. Қуритилган лублар 1012 кг вазнда боғланади. Тайёрлаш манзилгоҳларига топширишдан олдин луб навларга ажратилади.

Каноп КУ-0,2 комбайнларида ўрилганда пояларни кесиш, етилмаган ва бегона ўтларни ажратиш, поялардан луб ажратиш ва уларни қуритиш учун ерга ёйиб қўйиш ишлари амалга оширилади.

Уруғлик каноп ЖК-2,1 ўроқ машиналарида, 75 % ўсимликда пастки 3-4 кўсаклар етилганда ўриб бошланади. Тошкент вилоятида каноп уруғлари ҳосили одатда 5-15 сентябрда ўриб бошланади.

Ўрилган поялар далада сўлитиш учун 3-4 кун қолдирилади, кейин улар дасталаб боғланади ва қуритилади. Қуриган боғламлар МКФ-6 машинаси ёрдамида янчилади. Янчилган уруғлар тозаланади, сараланади, поялар боғланиб луб заводларига жўнатилади.

Дўстларингизга ҳам улашинг!