Карамнинг альтернариоз қора доғланиш касаллиги

Касалликни Alternaria brassicae замбуруғи қўзғатади. Альтернариоз барча минтақаларда, жумладан Ўзбекистонда ҳам тарқалган.

Патоген карамдан ташқари бошқа бутгулдош экинлар ва бегона ўтларни зарарлайди.

Қўзғатувчи биринчи ва иккинчи йил экинларини зарарлайди, асосий зарари уруғлик карамда кузатилади. Уруғ зарарланиши унинг унувчанлиги пасайишига олиб келади.

Оқ карам бошининг зарарланган пастки ва қопловчи баргларида қора, думалоқ концентрик доғлар ривожланади, аммо касаллик катта зарар етказмайди. Пояда ва уруғлик қўзоқларда узунчоқ, қора моғор билан қопланган доғлар пайдо бўлади, қўзоқларнинг учи, кейинчалик барча қисмлари қораяди, чатнаб, ёрилади, пуч бўлади ёки унувчанлиги жуда паст бўлган, етилмаган, хира тусли уруғ ҳосил қилади. Нам об-ҳавода қўзоқлардаги доғлар устида, баъзан қўзоқни бутунай қоплаб олувчи, замбуруғнинг конидиофора ва конидияларидан ташкил топган кукунсимон моғор қатлами ҳосил бўлади.

Патоген экин ичида конидиялари билан тарқалади ва иккиламчи зарарланишларни таъминлайди. Бунинг учун ёмғирли об-ҳаво, 80-100% нисбий намлик ва 20-25оС ҳарорат оптимал шароит ҳисобланади. Карам рапс гулхўри, кўк бурга ва яширинхартумли қўнғиз каби ҳашаротлар билан зарарланиши альтернариозни кучайтиради.

Омборхоналарда доғларнинг ривожланиши кучаяди ва улар орқали карам бошлари юмшоқ чириш бактериялари билан зарарланади.

Уруғни сақлаш даврида намлик юқори бўлса, касалллик зарарланган уруғдан соғломларига тарқалади.

Қўзғатувчи уруғ устида ва ўсимлик қолдиқларида ҳамда омборхоналарда карам бошларида конидиялари  билан сақланади. Альтернариозга чидамли навлар мавжуд эмас.

Қўзғатувчининг белгилари. Alternaria brassicae. Ўсимлик тўқималари устида пайдо бўлган моғор қатлами патогеннинг мицелийси, конидиофора ва конидияларидан иборат. Конидиофоралар қўнғир тусли, барг тешикчаларидан 2-10 тадан чиқади, узунлиги 170 мкм гача, эни 6-11 мкм. Конидиялар биттадан, баъзан занжирчаларда ҳосил бўлади, тўғри ёки сал эгилган, тескари-тўқмоқ шаклли, энига 6-19 (одатда 11-15) ва бўйига тўғри ёки қийшиқ жойлашган 1-8 септалари мавжуд, жуда оч-зайтун ёки кулранг-зайтун тусли,  узунлиги 29-350 мкм, эни кенг жойида 20-30 мкм, бўйинчасининг узунлиги конидия узунлигининг 1/3 га ёки ярмига тенг, эни 5-9 мкм.

Телеоморфаси Pleospora herbarum. Перитецийлар шарсимон шаклли, ўлчами 0,2-0,5 мм, устида халтачалар чиқиши учун думалоқ оғизчаси (устьицаси) бор. Халтачалар тўқмоқ-цилиндр шаклли, ўлчами 70-80х10-17 мкм, ичида 8 аскоспора мавжуд. Аскоспораларнинг энига ва бўйига қараб жойлашган септалари мавжуд, ўлчами 33-43х15-21 мкм.

      Кураш чоралари. Уруғлик экинлардан қўзоқларни йиғиб олгач, тезда очиқ ҳавода қуритиш, янчиб уруғларини олиш ва олдин вентилятор ёрдамида шамоллатиб қуритиш, кейин иссиқ (30оС) ҳавода 24 соат давомида қайтадан қуритиш; экишдан олдин уруғни 48-50ºС ли сувда 20 мин ивитиш, қуритиш ва фунгицид билан дорилаш; алмашлаб экишни жорий этиш; уруғлик экинларга фунгицид ва бегона ўтларга (айниқса сурепкага) қарши гербицид, зарарли ҳашаротларга қарши инсектицид пуркаш; ўсимлик қолдиқларини даладан чиқариб, ёқиб ташлаш; уруғларни тор, узун халтачаларда, 2-8ºС ҳарорат ва 65% нисбий намлик шароитида сақлаш лозим.