Карам касалликлари ва касалликка қарши кураш чоралари

Қора сон касаллиги

Бу касаллик билан оғриган карамнинг томир бўғини ёнидан новданинг пастки қисми қораяди ва натижада ўсимлик нобуд бўлади. Касаллик тупроқ намлиги юқори бўлганда, харорат тебранганда ва карам кўчатлари жуда ҳам қалин экилганда ривожланади. Касаллик инфекцияси эса тупроқда йиғилади.

Касалликка қарши кураш чоралари: Уруғ сепишдан ёки кўчат экишдан 3 кун аввал парник ва кўчатхоналар тупроғига 80% ли Олтингугуртни 1 кв. метрга 5 грамм хисобидан солиш ёки экиш олдидан уруғларни 1-2 соат давомида Фитоспорин эритмасида (1,2-1,6 грамм/литр) ивитиш керак бўлади, ёхуд касаллик ўчоқларига 1% ли Бордосс суюқлиги (100 литр сувга 1 килограмм мис купороси ва охак қўшиб) ёки Мис купороси (5грамм 10 литр сувга) ёки бўлмаса, марганцовканинг эритмаси (10 литр сувга 3-5 грамм) 1 кв. м – га 1 литр хисобидан қуйилади.

Сохта унли шудринг касаллиги

Бу касаллик замбуруғлар орқали тарқалади хамда карам, редиска ва турпга катта зарар етказади. Касаллик ўсимликнинг барча ер устки қисмларини ва кўчат баргларини зарарлайди. Дастлаб уруғ паллаларида ва кўчат баргларининг устки томонида сарғиш-яшил рангли ноаниқ доғлар пайдо бўлади, баргларнинг остки томонида эса кучсиз, оқ ғуборли доғлар кўзга ташланади. Кейинчалик бу доғлар катталашиб, баргларни ҳам қоплаб олади. Натижада барглар сарғаяди ва қуриб қолади. Касалликнинг бундай аломатлари уруғликларнинг баргларида ҳам учрайди. Қузоқларда турли катталикдаги ва шаклдаги қўнғир доғлар пайдо бўлади хамда бу доғларда оқ момиқ замбуруғлар аниқ кўриниб туради.

Касалликка қарши кураш чоралари: Ўсимликларни алмашлаб экишни жорий қилиш, ер майдонини ўсимлик қолдиқларидан тозалаш, экин майдонларига Олтингугуртни тупроқ билан 1:1 нисбатда аралаштириб, чанглатиш (50-60 кг/га хисобидан).

Шиллиқли бактериоз касаллиги

Бу карамнинг жуда ҳам хавфли касаллигидир ва унга кўпроқ ўртапишар карамлар дучор бўладилар. Бу касаллик бактериялари уруғликда, карамнинг ўзаклари ичида, ўсимлик қолдиқларида ёки ёндош ўсимликларда сақланади. Касаллик юқори хароратда, карамбошлар пайдо бўлгандан кейин бошланади ва бунда – карам барглари сарғаяди, карамбошлари шиллиқланади ва охир-оқибат карам чирийди. Ушбу касаллик ўсиш даврида, пояларнинг пайдо бўлишидан бошлаб кўринади. Касаллик гуллаш ва қузоқ бўлиш вақтида авж олади хамда ривожланади.

Касалликка қарши кураш чоралари: Ўсимлик уруғларига ТМТД препарати билан ишлов берилади (пудраланади). Хосил йиғиштириб олингач, касалланган экин қолдиқлари йўқотилади, ер майдони плугнинг олдига чимқирқар ўрнатиб чуқур хайдалади. Карам уруғи Гранозан билан чангланади (1 кг уруққа 4 грамм Гранозан қўшилади). Касаллик тарқатувчи

хашоротларга қарши кураш олиб борилади. Уруғлик учун механик зарарланмаган, соғлом карамбошлар танланади.

Фомоз (Қуруқ чириш касаллиги)

Карамнинг уруғпалласи, барглари, карам ўзаги ва томирларида оч кулранг ёки қўнғир доғлар, доғларда эса қора нуқталар пайдо бўлади. Кўчатлардаги касаллик аломатлари қора сонга ўхшаб кетади. Касаллик ривожланишига хаво намлигининг юқорилиги ва илиқлиги сабаб бўлади. Инфекция ўсимлик қолдиқларида ва уруғларида сақланиб қолади.

Касалликка қарши кураш чоралари: Карамни бир жойга 4-5 йилдан ортиқ экмаслик, зараркунандалар билан ўз вақтида кураш олиб бориш ва теримдан кейин ўсимлик қолдиқларини йиғиштириб олиш ва йўқотиш.

Илдиз чириш касаллиги

Бу касалликни замбуруғлар кўзғатиб, у помидор, бодринг, карам, баклажон ва палакли экинларни кўпроқ зарарлайди. Очиқ ва ёпиқ майдонларда бу касаллик билан оғриган ўсимликларниг илдизлари бўғинларигача чирийди. Замбуруғлар ўсимликка илдизлари зарарланган жойлардан ўтиб, илдиз ва илдиз бўғинларининг қорайиб, чиришига олиб келади. Айниқса, парник ва иссиқхоналарда кўчатларни тайёрлаш даврида ўсимлик илдиз чириш касаллиги билан кўпроқ зарарланади.

Касалликка қарши кураш чоралари: Ўсимликларнинг қолдиқларини йўқотиш, алмашлаб экиш усулини жорий қилиш, уруғларга экишдан олдин термик ишлов бериш (қиздириш орқали). Ўсимликнинг ривожланиш даврида агротехник тадбирларни ўз муддатларида ўтказиш ва ёш кўчатларни 0,2% Фундазол ёки Деразол эритмалари билан суғориш (сув сарфи гектарига 2-3 тонна бўлиши керак).

Манба: Ўсимликлар касалликлари ва зараркунандаларига қарши кураш. Тузувчи Р.Х. Аюпов. – Т.