Карам ниҳол касалликлари (жумладан “қора оёқ”) комплекс касаллик бўлиб, уни бир нечта замбуруғлар қўзғатади. Улардан энг кенг тарқалганлари ва жиддий зарар етказадиганлари Rhizoctonia solani ва Fusarium spp., камроқ ва/ёки айрим минтақаларда учрайдиганлари Olpidium brassicae, Pythium debaryanum ва Phoma (Plendomus) lingam турларидир. O. brassica ва P. debaryanum одатда уруғпалла ва ёш ниҳолларни, R. solani, P. lingam ва Fusarium spp. эса карамни бутун ўсув даврида зарарлайди. Булардан ташқари, кейинги бўлимларда баён этилган фузариоз, сохта ун-шудринг ва кулранг чириш касалликлари ҳам ниҳолларга маълум даражада зиён келтиради.
Ортиқча тупроқ намлиги, паст ҳарорат ва ёруғлик етарли бўлмаслиги, керагидан ортиқча (айниқса совуқ сув билан) суғориш, ниҳоллар жуда зич бўлиши, улар орасида шамол яхши юрмаслиги, тупроқ нордон бўлиши, унинг устида қатқалоқ ҳосил бўлиши ва ниҳоллларни кўчириб экиш кечикиши улар қора оёқ билан зарарланиши учун имконият яратади. Алоҳида торф-озиқа кубикларида ўстирилган ниҳоллар кам зарарланади.
Қўзғатувчиларнинг барчаси тупроқ замбуруғлари бўлиб, карам бир неча йил айни жойга экилса, улар иссиқхона тупроғида тўпланиб, йилдан-йилга тупроқдаги миқдори ва ниҳоллар зарарланиши ортиб бораверади.
Қўзғатувчиларнинг белгилари
Olpidium brassicae. Таллом 1 ҳужайрали, эпидермис, гипокотиль ёки илдиз ҳужайраларининг ичида яшайди. Кейинчалик яланғоч протопласт (таллом) зооспорангийга айланади. Зооспорангийлар думалоқ, диаметри 12-20 мкм, узун бўйинчали. Кўчат ва ниҳолларни зооспорангий ичида ривожланиб, чиқадиган зооспоралар илдиз бўғзи яқинидаги тешикча (устьица) лар орқали кириб зарарлайди. Зооспоралар думалоқ, узунлиги 17 мкм келадиган битта хивчинчали, рангсиз, диаметри 3 мкм. Тиним даврини ўтувчи спора (циста) лар думалоқ, қобиғи қалин, сўгалчалар билан қопланган, рангсиз ёки оч-сариқ, диаметри 8-25 мкм, тупроқда яшовчанлигини бир неча йил сақлайди. Ўзбекистонда қайд этилмаган.
Pythium debaryanum. Мицелий ҳужайраларга бўлинмаган, гифаларнинг эни одатда 5 мкм. Зооспорангийлар гифалар учида ва ўртасида ҳосил бўлади, улар думалоқ ёки тухум шаклли, диаметри 15-26 мкм, ўртача 19 мкм, ўсимта ёки, томчи намлик мавжудлигида – зооспоралар пайдо қилиб ўсади. Оогонийлар кўпинча думалоқ шаклли, диаметри 15-28 мкм, ўртача 21 мкм, гифалар учида ва ўртасида ҳосил бўлади. Ҳар бир оогонийга 1-6 тадан антеридий ҳосил бўлади, моноклин ва диклин типида. Ооспоралар силлиқ, аплеротик, диаметри 12-20 мкм, ўртача 17 мкм, тупроқда камида 4-5 ой мобайнида, тиним даврини ўтиб, ўсимта ёки зооспорангий ва зооспоралар ҳосил қилиб ўсади. Ўзбекистонда учраши аниқланмаган.
Plendomus lingam қўзғатган касалликни илмий адабиётда, замбуруғнинг синонимик номи асосида, “фомоз” деб аташади. Пикнидалар зарарланган тўқималарда гуруҳ-гуруҳ бўлиб ривожланади ва бир-бири билан бирикиб, қорақўтирга ўхшаш структураларни пайдо қилади. Конидиофоралар цилиндр шаклли, рангсиз, узунлиги 8 мкм. Конидия (пикноспора) лар 1 ҳужайрали, узунчоқ-цилиндр, эллипсоид ёки деярли тухум шаклли, баъзан бироз эгилган, ўлчами 3,5-6х0,8-2 (3) мкм, ичида 2 та ёғ томчиси мавжуд.
Rhizoctonia solani нинг белгилари “Картошка касалликлари” маърузасида келтирилган.
Ниҳол касалликлари дунёнинг барча минтақаларида, айниқса иссиқхоналарда кенг тарқалган. Ўзбекистон ва қўшни давлатларда бу замбуруғлар (асосан R. solani ва P. lingam) туфайли кўчатларнинг 50 фоизи ва ундан ҳам кўпроғи чириб кетиши кузатилади.
Қўзғатувчиларнинг кўпчилиги карамдан ташқари помидор, сабзи, бодринг, лавлаги ва бошқа экинларни ҳам зарарлайди. Касалликка карамнинг айниқса янги униб чиққан уруғпалла ва ёш ниҳоллари чидамсиз. Зарарланган ниҳоллар сарғаяди, сўлғин бўлиб қолади, поянинг пастки қисми ва илдиз бўғзи қораяди, ингичкалашади, буришади ва чирийди (1-расм). Ниҳоллар заифлашади, йиқилганлари бутунлай чирийди, тупроқдан осон суғурилиб чиқади.

Ризоктониоз карамни бутун ўсув даврида зарарлайди. Зарарланган кўчат далага кўчириб экилгандан сўнг, унинг пастки қисмлари доғлар билан қопланади ва чирийди. Далада намлик мавжуд бўлганида ҳамда омборхоналарда замбуруғ карам бошларига тарқалади ва уларни чиритади (2-расм).
Фомоз билан зарарланган уруғпалла ва ёш ниҳолларнинг баргларида қўнғир доғ ва пикнидалар, илдизларида эса кулранг доғлар (3-расм) ва пикнидалар пайдо бўлади. Зарарланган, аммо фомознинг ташқи белгилари бўлмаган карам бошларининг баргларида омборхонада қуруқ, қора доғлар пайдо бўлади, барглар шилимшиқланади, карам ўзагида доғлар, қуруқ чириш ва каваклар пайдо бўлади.


Қўзғатувчи замбуруғларнинг барчаси ўсимлик қолдиқларида ва тупроқда, баъзилари (R. solani) омборхоналарда карам бошларида, бошқалари (P. lingam) уруғда сақланади; одатда касаллик иссиқхонадан далага зарарланган кўчатлар билан тарқалади.
Кураш чоралари. Уруғларни экишдан олдин тешиклари 1,5-2 мм бўлган элакдан ўтказиб, саралаш, ўсимликлар ўсишини тартибга солувчи препаратлар (стимуляторлар) билан ишлов бериш ва фунгицид билан дорилаш, 12-20 соат давомида ивитиш;. иссиқхоналарни дезинфекциялаш, шамоллатиб туриш; тупроқни алмаштириш ёки зарарсизлантириш; уни юмшатиш; илиқ сув билан суғориш; тупроққа 5 см чуқурликда коллоид олтингугурт солиш (30–40 кг/га) ва унинг 0,4–0,45% ли суспензияси билан кўчат экиш пайтида суғориш; янги илдизлар чиқиши учун кўчатларнинг тагига 1-4 см баландликда қум, ёғоч қириндиси ёки уларнинг аралашмасини солиш; касаллик ўчоғи топилса, у ердаги ниҳолларни эҳтиёткорлик билан олиб ташлаш, ўша жойни калий перманганат эритмаси (10 л сувга 3-5 г KMnO4, 1 л/м2) билан суғориш, кейин эса бир ҳафта давомида суғормаслик; сабзавотларни омборхоналарда сақлаш қоидаларига риоя қилиш лозим.



















