Картошка ҳақида

Картошка – турли мақсадларда фойдаланиладиган экин. У дунё деҳқончилигида асосий қишлоқ хўжалик экинлари билан бир қаторда туради.

Картошка – муҳим озиқ-овқат экини, унинг туганакларида ўртача 75 % сув ва 25 % қуруқ модда сақланади. Шундан 14-22 % крахмал, 1,4-3 % оқсил, 1 % клетчатка, 0,2-0,3 % ёғ ва 0,8-1,0 % кулни ташкил этади. Туганаклари витамин С га (20 мг/%) бой. Шунингдек, унинг таркибида витаминлардан В1, В2, В6, А, РР, К сақланади. Бир суткада 300 г янги туганак истеъмол қилинганда одам организми витамин С га бўлган суткалик меъёрнинг ярмидан кўпроғини, В1 нинг 10-15 % ини, РР нинг 15 % ини, В2 ва А нинг 1-2 % ини олади.

Картошкадан спирт, крахмал, декстрин, глюкоза, каучук ва бошқа кўплаб маҳсулотлар олинади. Ундан олинган крахмал озиқ-овқат, тўқимачилик, қоғоз-картон, гугурт саноатида ва бошқа тармоқларда кенг қўлланилади.

Замонавий технологияда 1 т туганакдан, крахмаллиги 17,5 % бўлганда 170 кг крахмал, 1000 кг мағиз ёки 112 л спирт ва 1500 л барда олинади.

Картошка қишлоқ хўжалик ҳайвонлари учун ҳам қимматли озиқа. Унинг поя ва барглари яхши силос бўлади. Картошка хом туганакларининг 100 кг да 29,5, поя ва барглари силосида 8,5, бардасида 4, қуруқ бардада 52, мағзида 13,2, қуруқ мағзида 95,5 озиқ бирлиги сақланади.

У жуда кўп экинлар учун яхши ўтмишдош ҳамда унумдорлиги паст тупроқларда ўса олади. Бир пайкалга қайта экишга нисбатан чидамли.

Картошка шимолда 710 ш.к., жанубда 460 ш.к. да экилмоқда. У тоғли минтақаларда ҳам муваффақият билан экилмоқда.

Ҳозирда картошка дунёнинг ҳамма қитъаларидаги 130 мамлакатларда экилмоқда. Картошкадан 250 дан ортиқ турли таомлар тайёрланмоқда.

Дунё деҳқончилигида картошка 18-19 млн га майдонни банд қилади. Ўртача ҳосилдорлиги 12,5-13 т/га. Ялпи ҳосил 290-295 млн т.

Ўзбекистонда картошка 2004 йилда 54 минг га майдонга экилган, ўртача ҳосилдорлиги 13,0-14 т/га, ялпи ҳосил 756 минг тонна.

Ўзбекистонда ҳозирда аҳоли жон бошига 30 кг картошка ишлаб чиқилмоқда, келажакда бу кўрсаткич 50-55 кг га етказилиши режалаштирилган.

Тарихи. Маданий картошканинг ватани Жанубий Америка. Американинг турли минтақаларида эрамиздан 1-2 минг йил муқаддам унинг турли турлари экин сифатида ўстирилиб бошланган.

Чилининг ўрта қисми ва Чилое оролида картошканинг тетраплоид (2n=48) турлари маданийлаштирилиб бошланган. Улардан Solanum furberosum L. келиб чиққан. Ҳозирги пайтда селекция ишларида картошканинг 211 туридан фойдаланилмоқда. Ҳозирда S. fuberosum турига мансуб 2000 дан ортиқ нав маълум. Улардан 600-800 таси ҳозир кенг тарқалган.

Америкадан Европага картошка XVI асрнинг ўрталарида келтирилган, кейин Испаниядан бошқа давлатларга тарқалган.

Ўзбекистонга картошка Россиядан келтирилган. Ҳозир картошканинг ўстириш технологияси, селекция ва уруғчилиги билан Ўзбекистон сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик илмий тадқиқот институти, СамҚХИ, ТошДАУ шуғулланмоқда.

Ботаник таърифи. Кaртошка Solanum L. авлодига, итузумдошлар (Solanaceae) оиласига мансуб. Маданий картошка – Solanum furberosum L. – туганакли ўсимлик. Н. И. Вавилов, С. М. Букасов, С. В. Юзепчук ишларидан кейин картошканинг янги турлари – S. demissum Lindl., S. Andigenum Juz.et.Buk. ва бошқа турлар кашф этилди. Улардан дурагайлашда совуққа, фитофторага, ракка чидамли навларни яратишда муваффақият билан фойдаланилмоқда.

Картошка – кўп йиллик ўсимлик, аммо экин сифатида бир йиллик. Туганакларнинг ўсишидан пишишгача бир вегетация даври ўтади.

Уни туганакларидан, туганак қисмларидан, қаламчалардан, уруғлардан кўпайтириш мумкин.

Поялари – тик ўсади, яшил ёки қизил-қўнғир. Уларнинг ранги нав хусусиятларига, ўстириш шароитига, ёруғликка, сув таъминотига ва бошқа омилларга боғлиқ.

Кечпишар навлари поянинг пастидан шохланади, тезпишарлари поянинг пастки қисмидан шохланмайди.

Поялари қовурғали, уч ёки тўрт қиррали, турли даражада тукланган.

Ўсимликнинг бўйи 30-150 см. Битта тупда 4-8 та поялар бор. Поялар сони ҳосилдорликни белгилашдаги асосий кўрсаткичлардан бири. Ер ости поялари – столонларнинг охирида туганаклар ҳосил бўлади. Улар эрта пишар навларда қисқа, кечпишарларда узун бўлади.

Барглар – туганаклар ёки уруғдан униб чиққанда оддий. Кейин тоқпатсимон барглар ҳосил бўлади. Барглар кучли, ўртача, кучсиз бўлакланган бўлиши мумкин. Барглар пояда спиралсимон жойлашган.

Гуллари – тўпгулда жойлашган. Гули бешталик типда. Косачабарглар қўшилиб ўсган, бешталик, тожбарглари ғилдираксимон бўлиб қўшилиб ўсган, бешта тожбарглардан иборат. Чангчилари бешта. Уруғчиси тумшуқча, устунча, тугунчадан иборат. Картошка ўзидан чангланадиган ўсимлик, аммо кўпчилик навлар стерил, айримлари фертил.

Меваси – икки уядан иборат, яшил ҳўл мева шарсимон ёки овалсимон. Унда соланин кўп, уруғлари майда, 1000 уруғ вазни 0,5 г.

Илдиз тизими – туганакдан ўстирилганда попук, уруғдан ўстирилганда ўқ илдиз. Бирламчи, столон олди, столон илдизлари фарқланади. Илдизларнинг 22-38 % тупроқ ҳайдалма қатламида жойлашган, айримлари 150 см чуқурликка кириб боради. Ротмистров В. Р. маълумотларига кўра илдизлар атрофга 50 см тарқалади. Илдизлар айниқса фосфорни яхши ютади.

Туганаклари шакли ўзгарган поя. Унинг ҳар бир кўзчасида учтадан куртак жойлашган. Кўкараётганда ўртадагиси ривожланади, ўртадагиси зарарланса икки ёнидаги куртаклар ривожланади. Туганакда кўзчалар спиралсимон жойлашган. Кўзчалар туганакнинг учки қисмида кўп, киндик қисмида кам. Туганак учидаги кўзчалар ҳаётчанлиги юқори ва улар пастки кўзчаларга нисбатан эртароқ ривожланиб бошлайди.

Етилган туганаклар пўсти пробка қатлами билан қопланган, у туганакни қуриб қолишдан ҳамда касалликлардан ҳимоя қилади. Пробка қатлами остида паренхима ҳужайралари жойлашган.

Туганаклар шакли юмалоқ, овалсимон ва узунчоқ бўлади. Ранги оч ёки тўқ қизил, пушти ранг, сариқ, оқ, оч ёки тўқ кўк, чипор бўлиши мумкин. Туганаклар юзасида унча катта бўлмаган оч тусли бўртмалар жойлашган, улар орқали туганакларнинг нафас олиши ва намликнинг буғланиши содир бўлади.

Туганакда крахмал 12-25 % сақланади айрим ҳолларда 29 % га етиши мумкин. Хўраки навларда одатда крахмал 13-16 %, заводбоп навларда 18 %, баъзан 20 % га етади. Кечки навларда крахмал миқдори энг кўп бўлади.

Туганаклардаги крахмал миқдори картошкани озиқ-овқат сифатида ишлатишдаги асосий кўрсаткич. Туганакдаги крахмал миқдори ортиши билан мағизнинг унсимонлиги кўпаяди, пишиши яхшиланади. Озиқ-овқат саноатида қайта ишлаш учун таркибида қуруқ модда миқдори 20 % дан кам бўлмаган ва эрийдиган қандлар 0,1-0,4 % бўлган навлар талаб қилинади. Консервалаш учун туганакларида қуруқ модда миқдори кам бўлган навлар ҳам яроқли.

Туганаклар таркибига кам миқдорда гликоалколоид соланин ҳам киради. Соғлом туганакларда унинг миқдори 2-10 мг/100 г массада бўлади. Бундай миқдордаги алкалоид одам ва ҳайвон организмига зарарли таъсир кўрсатмайди. Ёруғда туганаклар яшил тусга киради ва таркибидаги соланин миқдори ортиб мазаси аччиқ бўлади. У туганак пўстида мағзига нисбатан 8-10 баравар кўп. Униб чиқаётган туганакларда соланин миқдори 45 баравар ортади. У майсаларни касаллик ва тупроқдаги зараркунандалардан ҳимоя қилади. Туганаклар юзага экилганда ҳам ҳосилда соланин миқдори ортади. Пўсти арчиб тозаланган туганаклар қайнатилганда соланин тўла парчаланиб кетади.

Картошкада оқсил миқдорининг ортиши билан унинг мазалик сифати пасаяди, эркин аминокислоталарнинг кўпайиши билан сифати яхшиланади. Туганакда қанд миқдори 2 % ошса унинг хўракилик сифатлари ёмонлашади, мазаси ёқимсиз ширин бўлади. Кўпинча бундай ҳол туганаклар – 3-4 °С ҳароратда сақланганда кузатилади.

 

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!