Картошка ҳосилдорлиги нега пасаяди?

Қишлоқ хўжалиги экинлари ичида картошка серҳосил, харидоргир ва даромадли экин ҳисобланади. Сабаби бу маҳсулот халқимиз томонидан суюб истеъмол қилинади. Картошкани бежизга иккинчи нонга қиёслашмаган. Боиси, деҳқонлар картошкадан мўл ҳосил олишса, бозорларда маҳсулот сероб бўлиб, бошқа маҳсулотларнинг нархидаги мўтадилликни таъминлайди. Аммо картошка етиштиришнинг ўзига яраша қийинчиликлари ҳам талайгина. Айниқса, зараркунанда ва ҳашаротлар таъбир жоиз бўлса, деҳқонларнинг кўзини очирмайди.Зараркунандалардан  колорадо қўнғизи, картошка куяси, симқуртлар ва сохҳта симқуртлар, ширалар, оққанотлар, тамаки трипси, ўргимчаккана, ғовакловчи пашшалар, занг канаси кучли даражада зарар етказади.

Колорадо қўнғизи. Итузумгулдошлар оиласига мансуб экинлар билан озиқланади. Булар ичида картошка улар учун энг севимли озуқа ҳисобланади, кейинги ўринларда бақлажон ва помидор туради. Шу билан бирга тамаки, бангидевона, мингдевона, итузум каби ўсимликларни ҳам еб ривожланади. Личинка ва қўнғизи баргни еб шикастлайди. Ҳар туп картошка ўсимлигида 20-40 дона личинка ва қўнғиз мавжудлигида барглар 50-100% нобуд бўлиши мумкин.

Ўтган йил мавсумида, бу зараркунандани Андижон вилоятининг Андижон, Асака, Балиқчи, Булоқбоши, Бўз, Жалақудуқ, Избоскан, Улуғнор, Марҳамат, Олтинкўл, Пахтаобод, Хўжаобод, Шахрихон, Қўрғонтепа, Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Шахрисабз, Китоб, Қарши, Касби, Чироқчи, Фарғона вилоятининг Сўх, Қува, Қувасой, Фарғона, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол, Бахмал, Самарқанд вилоятининг Булунғур, Тойлоқ, Самарқанд, Ургут, Пастдарғом, Пахтачи, Пайариқ, Пастдарғом, Наманган вилоятининг Янгиқўрғон, Чуст, Учқўрғон, Чортоқ, Наманган, Уйчи, Косонсой, Мингбулоқ, Тошкент вилоятининг Зангиота, Кибрай, Янгийўл ва Сирдарё вилоятининг Мирзаобод, Боёвут, Оқолтин, Ховос, Сайхунобод туманлари хўжаликлари майдонларида 3-4 марта авлод бериб ривожланиши ва тарқалиши кузатилди. Колорадо қўнғизини ривожланиши учун об-ҳавонинг қулай келиши бу зараркунанда сонининг йил сайин кўпайишига олиб келмоқда ва унинг зарари етиштирилаётган ҳосил сифатига жиддий таъсир этмоқда. Шу сабабли, 2020 йил мавсумида колорадо қўнғизига қарши курашда агротехник, механик ва кимёвий усул тадбирларини ўз вақтида ўтказиш зарур бўлади. 2020 йилда республика бўйича жами 10,9 минггектар майдонда колорадо қўнғизини тарқалиши башорат қилинмоқда.

Картошка куяси. Бу зараркунанда республика картошкачилигида зарар етказиши бўйича ўта хавфли зараркунанда ҳисобланади. Илгари ташқи карантин объекти бўлган бу зараркунанда, карантин хизматини эътиборсизлиги туфайли республикага кириб келган дастлаб, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида қайд этилган эди. Ҳозирги кунда барча вилоятларда тарқалган. Картошкадан ташқари тамаки, помидор, бақлажон, қалампир ва ёввойи ҳолда ўсувчи итузумдошлар оиласига мансуб бўлган (бангидевона, физалис, итузум, мингдевона, белладонна ва бошқа) ўсимликлар билан озиқланади. Бу зараркунанда картошкани ўсув даврида ҳосилини эса омборхоналарда сақлаш даврида зарарлайди. Зараркунанданинг қуртлари картошка, помидор ва бақлажоннинг пояси, баргларини зарарлайди. Зараркунанда 5-ёш қурт ёки ғумбак шаклида қишлайди. Капалаклари май охирида чиқиб, октябрь охиригача учади. Улар тупроққа, картошка, помидор, тамакибаргларига, ер устида ётган картошка туганаклари кўзчаларига, помидор меваларига, омборхоналарда қопларга, уйларда картошка сақланаётган хонанинг пардаларига биттадан тухум қўяди. Капалаклари 25-30 кун яшайди ва уруғлангандан сўнг 24 соат ичида тухум қўя бошлайди, битта урғочи зот 4-7 кунда 150-200 тагача тухум қўяди. У эрталаб ва кечқурун қуёш ботгандан сўнг учади, кундузлари баргнинг остки томонида ва бошқа пана жойларда яшириниб олади.

Омборхоналарда зараркунанда тўхтовсиз кўпаяди, ҳатто ўрага кўмиб қўйилган картошкада ҳам ривожланиб, кўпая олади. Унинг пиллалари картошка туганаклари кўзчалари ёнида ва қопларда кўплаб топилади, 6-7 кундан сўнг пилладан имаго чиқади. Тухумдан имагогача бўлган давр ёзда ўртача 22-32 кун, кузда 40-55 кун, қишда 2-3 ойни ташкил этади.

Даладаги бегона ўтларни, айникса итузумдошлар оиласига мансуб итузум, бангидевона ва бошқа ўсимликларни йўқотиш лозим. Куяга қарши картошка ўсимликларини даладан палакларни чиқариб ташлаш зарур. Ҳосилни йиғиш пайтида картошка туганакларини далада ёйиб қуритмаслик (куя уларга тезда тухум қўяди), уларни дарҳол совуқ жойда сақлашга қўйиш лозим. Картошка сақланадиган омборхоналарни ва сақлашга қўйиладиган туганакларни зарарсизлантириш, туганакларни сақлашда ҳарорат +3-5°С дан ошмаслигини таъминлаш керак.

Жойлардаги мутахассислар ҳамда соҳа олимларининг кузатув ва таҳлилларига кўра картошка куясининг катта заҳираси қишлаб қолганлиги қайд этилмоқда. Унга қарши ишлатиладиган препаратлар ўта заҳарли ҳисобланади, уларнинг таъсири 10-12 кунгача давом этади. Шу сабабли камида 4-5 марта кимёвий ишлов ўтказилсагина ҳосил сақлаб қолинади.  2020 йилда республика бўйича жами 5,1 минггектарда картошка куясини тарқалиши башорат қилинган.

Занг канаси. оддий кўз билан кўриб бўлмаслиги билан бошқалардан фарқ қиладиган жуда майда, сўрувчи зараркунанда бўлиб, танасининг ўлчами 0,22-0,24 мм. Қўйган тухумларидан 6-15 кундан сўнг личинкалари чиқади. Ўсимлик ўсув даври мобайнида 12-14 авлоди ривожланади.  Кана ўсимлик баргларининг ҳам устки, ҳам остки тарафини, аста-секин ўсимликнинг юқори қисмига тарқалади. Зарарланган новда қўнғир тус олиб, силлиқлашади, баргларида сариқ доғлар пайдо бўлиб, бутун ўсимлик қўнғир тус олади. Зарарланган барглари, гуллари, нишоналари ва ёш мевалари қуриб, тўкилади, йирик меваларининг юзида тўрсимон шакллар пайдо бўлиб, мева тиришиб, ёрилади, меванинг сифати ва харидоргирлиги йўқолади, қисман чирий бошлайди. 2020 йилда республика бўйича жами 2,7 минг гектарда занг канаси тарқалиши башорат қилинмоқда.

Картошка экинларини зараркунандалари 2020 йилда республика бўйича жами  23,2 минг гектарда тарқалиши башорат қилинмоқда.

 

2020 йил мавсумида картошка экинининг асосий зарар кунандаларини

тарқалиши бўйича башорати

                                                                                                                                 минг га

Ҳудудлар
номи
Экин
майдони
Зараркунандалар
башорат
қилинган
майдон
шу жумладан
колорадо
қўнғизи
картошка
куяси
занг
канаси
оққанот бошқа
зарарк.
Қорақалпоғистон Республикаси 2,46 0,74 0,74
Андижон 3,21 3,05 1,12 0,48 0,64 0,71 0,10
Бухоро 0,13 0,19 0,06 0,07 0,03 0,02 0,01
Жиззах 1,32 1,08 0,73 0,16 0,12 0,03 0,05
Қашқадарё 1,50 0,80 0,20 0,30 0,10 0,20
Навоий 0,71 0,51 0,25 0,10 0,08 0,08
Наманган 2,83 1,48 0,43 0,31 0,37 0,12 0,24
Самарқанд 3,23 3,19 2,26 0,64 0,29
Сурхондарё 1,33 1,03 0,29 0,20 0,27 0,27
Сирдарё 0,30 1,62 0,70 0,49 0,14 0,29
Тошкент 6,00 5,40 3,24 1,08 0,27 0,54 0,27
Фарғона 5,40 3,11 0,76 0,81 0,59 0,47 0,48
Хоразм 2,06 1,05 0,11 0,42 0,13 0,32 0,07
Жами 30,5 23,2 10,9 5,1 2,7 3,0 1,6

 

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази Матбуот хизмати. iim.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!