Картошка ниҳолларининг “қора сон” ва туганакларининг юмшоқ бактериал чириш касаллигини қўзғатувчи бактерия:
Erwinia carotovora – Эрвиния каротовора
“ҚОРА СОН”, ТУГАНАКЛАР ЮМШОҚ БАКТЕРИАЛ ЧИРИШИ
Касаллик картошка ўсув даврида далада ва омборхоналарда ривожланади.
Тупроқ нам бўлса, дала тез-тез суғорилса, экин бутун ўсув даврида зарарланади.
Ниҳолларнинг илдиз бўғзида қора, шилимшиқ доғлар пайдо бўлади, улар поянинг пастки қисмларига тарқалади, зарарланган жойлар чирийди, ниҳоллар ётиб қолади, бўйи пасаяди, барглари сарғаяди, қурийди, ўсимлик сўлиб қолади.
Мевалари илдизга бириккан жойидан бошлаб чирийди.

Туганаклар ҳашарот ва касалликлар пайдо қилган яралар ҳамда ташиш ва омборхоналарга жойлаш пайтида етказилган жароҳатлар орқали бактерия билан зарарланади, уларнинг устида, айниқса кўзчаларида, думалоқ, ботиқ некротик доғлар ривожланади.
Доғлар тез ўсади; ҳосил далада ёки омборхонада сақлаш пайтида чириб кетади.


Омборхонада сақлаш пайтида ташқи кўриниши соғлом, бироқ енгил зарарланган туганакларда “ҳўл чириш” ривожланади ва соғломларига тез ўтади.
Одатда бактерия замбуруғлар зарарлаган туганакларни иккиламчи зарарлайди ва картошка чиришини тугаллайди.
Зарарланган туганаклар, айниқса 15-20С ҳароратда, 3-6 кун ичида батамом чирийди.

Кураш чоралари
- Чидамли навлар;
- Қуруқ, соғлом, фунгицид (бактерицид) билан дориланган уруғлик туганак экиш, нам тупроққа экмаслик;
- Далани керагидан ортиқ суғормаслик;
- Алмашлаб экиш;
- Ниҳоллар янги ўсиб чиққанда ва экин гуллаганда ягана қилиб, касалларини даладан чиқариб, йўқотиш;
- Ҳосилга механик жароҳат етказмаслик, уни қуритиб, қуруқ жойда, 2-4оС ҳарорат ва 90-95% ҲНН да сақлаш лозим.



















