Картошка етиштириш технологияси

Навлар. Ўзбекистонда экиш учун Давлат реестрига киритилган навлар: Сантэ, Ақраб, Альвара, Агане, Бақро 30, Белуга, Бимондо, Болеро, Виктория, Диамант, Қувонч 1656 М, Латона, Марфона, Палма, Умид, Ҳамкор-1150, Тўйимли, Фазан, Фреско, Эсприт, Романо, Кардинал, Драга.

Тезпишар навлар 60-65, эртаги-ўртача 70-80, ўртапишар 90-100, ўртаги кечки 110-120, кечпишар 130-150 кунда пишиб етилади.

Алмашлаб экишдаги ўрни, нав танлаш. Картошка учун энг яхши ўтмишдошлар – кузги ғалла экинлари, бир йиллик дуккакли ўтлар, ғўза, полиз, пиёз. Картошкани тамаки, помидор, бойимжон, қалампир сингари итузумдошлар оиласига кирувчи экинлардан кейин жойлаштириш ярамайди. Бедадан кейин иккинчи йили жойлаштириш тавсия этилмайди.

Эртаги картошка етиштириш учун ўсув даври 70-90 кунлик тез пишар ва ўрта пишар – Зарафшон, Невский, Огонек, Санте, Рамона, Марфона, Кондор, Бинелла, Космос навлари танланади. Ўрта пишар ўсув даври 95 кун ва ундан ортиқ бўлган навлар эртаги картошка ҳосили етиштириш учун ярамайди. Уларда туганаклар ҳосил бўлиши ёзнинг иссиқ даврига тўғри келади.

Тупроқни ишлаш. Эртаги картошка экиладиган далаларга кузда 2040 т га чириган ёки ярим чириган гўнг, 90-150 кг фосфор, 60-80 кг/га калий тузи шаклида солиниб ПН-3-35, ПЯ- 3-35 русумли плуглар билан 28-30 см чуқурликда кузги шудгор қилинади.

Қиш даврида ёғингарчиликлар таъсирида тупроқ зичлашиб қолган бўлса дала чизелланади, бороналанади, зарур бўлганда молаланиб ер экишга тайёрланади.

Уруғни экишга тайёрлаш. Уруғларни экишга тайёрлашда, аввало улар сараланади, лат еган, касалланган туганаклар териб олинади. Экишга вазни 30, 50, 80 г бўлган туганаклардан фойдаланилади. 80 г вазндан ортиқ туганаклар ўртасида узунасига кесилиб 100 л сувга 5-6 кг ТМДТ, 2 г қаҳрабо кислотаси, 50-100 г бор кислота, марганец сульфат, мис купороси, 4 кг аммофос қўшилган эритмада ивитилса ҳосилдорлик 11-20 % ошади (Остонақулов, 1997). Уруғлик туганаклар 12-15 кун давомида 12-20 0С ҳароратда сернам қоронғи жойда сақланади.

Картошка уруғини нишлатиш 25-30 кун давомида 12-15 0С ҳароратда, ёруғ ва яхши шамоллатиладиган биноларда ўтказилади. Нишлатиш қоронғи жойда ўтказилса унинг давомийлиги 15-17 кунга қисқартирилади ва бунда нишнинг узунлиги 0,5-2 см дан ошмаслиги керак. Нишлатишда уруғлар 2-3 қатлам қилиб ёйилади. Т. Остонақулов маълумотларига кўра нишлатиб экилган уруғ, нишлатмасдан экилган уруғларга нисбатан 10-12 кун эрта пишади ва ҳосилдорлиги 18-25 % ошади.

Экиш усули ва муддати. Эртапишар картошка навларининг уруғлари тупроқнинг 10 см қатламида ҳарорат 6-7 0С қизиганда экиб бошланади. Ўзбекистонда эртаги картошка текислик минтақаларида 10 февралдан 15 мартгача, тоғ олди минтақаларида 10-25 мартда экиш энг мақбул муддат ҳисобланади. Экиш муддати кечикканда туганаклар ҳосил бўлиши ёзнинг жазирама иссиғига тўғри келади, туганаклар ҳосил бўлиши ёмонлашади, ҳосилдорлик камаяди.

Картошка кузда экилганда экиш чуқурлиги 18-20 см га етказилади, баҳорда бороналаниб туганак устидаги тупроқ 8-10 см юпқалаштирилади.

Эртаги картошка туп қалинлиги гектарига 57-71 мингтагача бўлади ва бунда навнинг биологик хусусиятлари ҳисобга олинади. Экиш 70х20-25 см схемада ўтказилиши маъқул. Туганаклар вазни 30-80 г бўлганда, экин меъёри 3-3,5 т/га ташкил қилади.

Т. Остонақулов тажрибаларида экиш меъёри гектарига 3 т бўлиб вазни 20-30 г уруғлик туганаклар экилганда 165,2 ц/га, 30-50 г экилганда 208,3 ц/га, 50-70 г экилганда 206,1 ц/га ҳосил олинган, экиш чуқурлиги 6-7 см. Экиш билан азотли ўғитлар йиллик меъёрининг 20 % фосфорли ўғитларнинг қолган қисми солинади.

Картошка туганакларини пушта устига экиш ҳам яхши натижа беради. Бунда пушталар қатор оралари 70 ёки 90 см қилиб кузда олинади. Пуштага феврал ёки март ойининг биринчи ўн кунлигида нишлатилган уруғлар 6-7 см чуқурликка экилади. Қатор усти мульчаланганда ўсимлик тез ривожланади, ҳосил эрта етилади. Қатор ораларини 90 см қилиб экиш картошка етиштиришдаги ишларни тўла механизациялаш учун имкон яратади.

Экин парвариши. Эртаги картошка уруғлари униб чиққунча 1-2 бороналаш ўтказилади. Бороналаш қатқалоқни юмшатади, бегона ўтларни йўқотади, майсаларнинг тез ва қийғос униб чиқишини таъминлайди.

Парваришда асосий талаб картошка тупи атрофидаги тупроқни юмшоқ ва бегона ўтлардан тоза ҳолда сақлашдир. Қатор ораларини култивация қилиш, тупроқни юмшатиш уруғлар униб чиққандан кейин КРН-4.2, КОР-4.2 култиваторларида амалга оширилади. Майсалар тўлиқ униб чиққандан кейин биринчи култивация 12-14 см, кейингилар 14-16 см чуқурликда ўтказилади. Култивациялар ҳар ёмғирдан ёки суғоришдан кейин ўтказилади. Картошка майдонларида чопиқ ўтказишда ўтларни йўқ қилиш билан биргаликда ўсимлик атрофига тупроқ тортилади, натижада иссиқликнинг зарарли таъсири камаяди.

Озиқлантириш. Эртаги картошка биринчи марта култиватор озиқлантиргичлар ёрдамида майсалар ҳосил бўлгандан кейин гектарига 45-50 кг, иккинчи марта ғунчалаш (шоналаш) фазасида 80-85 кг меъёрида азот билан озиқлантирилади. Азотли ўғитлардан аммоний селитраси, мочевина, аммоний сульфат қўлланилади. Қатор ораларини ишлаш ва озиқлантиришда КРН-2,8, КОН-2,8 ПМ, КОН-2,8 А култиватор ўғитлагичларидан фойдаланилади. Ҳозирда Голландиянинг «Амак» фрезали култиваторларидан ҳам қатор ораларини ишлашда кенг фойдаланилмоқда.

Суғориш. Эртаги картошкани суғоришда, уларнинг сони тупроқдаги намлик ҳисобга олинган ҳолда ўтказилади ва тупроқдаги намлик ЧДНСнинг 75-85 % идан кам бўлмаган ҳолда сақланишига эришилади. Суғориш схемаси 1-2-5 бўлганда 0-1-4 схемага нисбатан ҳосилдорлик 2427 % ошган (Абдукаримов, 1987).

Суғориш учун эгатлар узунлиги 90-120 м, чуқурлиги 18-20 см қилиб олинади, сув оқими тезлиги 0,10-0,15 л/секунддан ошмаслиги лозим.

Охирги суғориш ҳосил йиғиштиришдан 5-2 кун олдин тўхтатилади.

Зараркунандаларга қарши кураш. Кейинги йилларда зараркунандалардан колорадо кўнғизи кўп зарар келтирмоқда. Уларга қарши курашда олдини олувчи, агротехник тадбирлар билан бир қаторда кимёвий усуллар ҳам кенг қўлланилмоқда. Кимёвий усуллардан шерпа 0,2 кг/га, цимбуш 0,2 л/га, залон 0,3 л/га меъёрида 400 л сувга аралаштирилиб биринчи марта қўнғизлар чиқиши билан, кейин иккинчи 2-2,5 ҳафтадан ўтгач яна дориланади. Дорилаш ҳосил етиштиришдан 20-30 кун олдин тўхтатилади.

Ҳосил йиғиш. Картошка палаклари сарғайиб, туганаклардаги пўст қаттиқлашиб, сидирилмайдиган бўлганда ҳосилни йиғиштиришга киришилади. Тупроқдаги намлик 14-16 % бўлиши керак.

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!