Картошканинг биологик хусусиятлари

Ҳамма экинлар сингари картошканинг ўсиши, ривожланиши ва юқори ҳосил тўплаши учун сув, иссиқлик, ёруғлик, озиқ моддалар, кислород оптимал миқдорда зарур. Унинг экологик омилларга бўлган талабини ўрганиш учун у келиб чиққан жойнинг иқлимини яхши билиш жуда муҳим.

Ҳароратга талаби. Картошка нисбатан салқин об-ҳаво шароитида яхши ривожланади. Туганакдаги кўзчаларда, жойлашган куртаклар 3-6 0С да кўкара бошлайди. Туганаклар 7-12 °С да тезроқ ривожланади, 20 0С да жадал ўсади. Унинг илдизлари ҳарорат 7 0С дан кам бўлмагандагина ҳосил бўлади. Шунинг учун у тупроқнинг 10 см чуқурлигида ҳарорат 7-8 0С да эка бошланади. Кўкартирилган туганаклар ўтқазилгандан кейин экишуниб чиқиш даври 14-18 кун, кўкартирилмаганлари учун 20-30 кунни ташкил этади.

Ўртача ҳарорат 10-18 0С бўлганда, ўртача суткалик ҳарорат йиғиндиси 243-316 0С ни ташкил қилади. Жуда паст ёки юқори ҳароратда кўкариш жадаллиги пасаяди. Ҳарорат 3-5 ва 31-35 0С ларга уларнинг ўсиши ва ривожланиши тўхтайди, 1-1,5 ва 35-40 0С ларда куртаклар, туганаклар зарарланади (Писарев Б.).

Совуқ тупроқда уруғлик туганакларнинг узоқ туриб қолиши илдиз ва ер усти массаси ҳосил бўлмасдан, туганаклардаги захира моддалар ҳисобига янги туганаклар ҳосил қилиши мумкин. Бундай ҳолат туганаклар совуқ, сернам ёки қуруқ, ҳарорати 25-30 0С дан юқори тупроқларга экилганда кузатилади.

Майсаларнинг ривожланиши учун салқин, сернам об-ҳаво зарур. Улар жазирама иссиқ ва гармселдан зарарланади. Туганаклар -1-2 0С совуқдан зарарланади. Аммо ҳаво ҳарорати секинлик билан пасайиб борса, ундаги қанд 8 % га етади ва улар қишлаб чиқади. Улар эрта кўкаради ва қўнғизлар, битларга бошпана бўлади.

Картошканинг поя ва барглари 5-6 0С ҳаво ҳароратида кўкариб бошлайди. Унинг максимал ўсиши тупроқ намлиги етарли бўлганда 17-22 0С да кузатилади. Ҳаво ҳарорати 42-45 0С га етганда поя ва барглар ўсищдан тўхтайди. Бунда нафас олишга, фотосинтез натижасида ҳосил бўлган органик моддалардан кўпроқ сарфланади. Ҳарорат 50 0С га етганда нафас олиш максимум даражага етади, ўсимлик сўлийди, нобуд бўлиши ҳам мумкин. Ҳарорат паст – 1-1,5 0С бўлиб ҳаво нисбий намлиги юқори бўлса поялар, барглар қорайиб нобуд бўлади.

Унинг гуллаши учун энг мақбул ҳарорат 18-21 0С. Ҳаво ҳарорати ундан ортса гуллар, ғунчалар тўкилиб бошлайди. Одатда 25-29 0С да гуллаш тўхтайди. Энг жадал фотосинтез ҳавода 0,03 % СО2, ҳарорат 20 0С бўлганда кузатилади. Ҳаводаги СО2 1 % га етганда ҳаво ҳароратининг оптимуми 30 0С га етади. Тупроққа 80-100 т/га органик ўғит солинганда СО2 билан таъминланиш кучаяди. Гўнг солинган далада СО2 миқдори, шамол бўлмаганда, барглар остида эрталаб 1 % га етади, натижада туганакларнинг ҳосил бўлиши бир суткада 1 гектарда 500-600 кг ортади.

Туганаклар ҳосил бўлиши учун энг мақбул тупроқ ҳарорати 15-19 0С, эртапишар навлар учун 15-17 0С, ўртапишарлар учун 19 0С. Ўзбекистон шароитида туганаклар ҳосил бўлиши учун оптимал тупроқ ҳарорати 18-20 0С, ҳаво ҳарорати 22-24 0С.

Тупроқ ҳарорати 6 0С дан паст ва 23 0С дан юқори бўлса туганаклар ҳосил бўлиши секинлашади, 26-29 0С да тўхтайди.

Юқори ҳарорат столонларнинг кўп ҳосил бўлиши ва унинг шохланишига олиб келади, натижада туганаклар кўп ҳосил бўлади.

Туганакларнинг ўсиши ва шаклланиши даврида жазирама иссиқ – 3040 0С картошканинг «экологик айнишига» олиб келади. У модда алмашинувининг бузилиши, ҳосилнинг пасайишига сабаб бўлади. Кучсизланган бундай ўсимликлар вируслар ва микоплазма касалликлари билан кучли зарарланади.

Ўсув даврида ўсимликнинг тўла ривожланиб етлиши учун 10 0С дан юқори фаол ҳарорат йиғиндиси эртапишар навлар учун 1000-1200 0С, эрта ўртапишар навлар учун 1100-1400 0С, ўртапишар ва ўртакечпишар навлар учун 1400-1500 0С бўлиши талаб қилинади.

Тупроқнинг намлиги ва ҳаво режими. Картошка – тупроқ намлигига талабчан ўсимлик. Унинг намликка бўлган талаби фазалар бўйича ўзгаради. Куртакларнинг ўсиши ва майсаларнинг ҳосил бўлиши учун сувга бўлган талабини деярли тўла яна туганак ҳисобидан қондиради.

Шоналаш ва гуллашнинг бошланиши билан картошканинг намликка бўлган талаби кескин ортади. Бу даврда намликнинг етишмаслиги тургорнинг пасайишига, баргларнинг сўлишига сабаб бўлади. Гуллаш даврида давомли қурғоқчилик эрта ва ўртапишар навлар ҳосилининг кескин пасайишига ва уруғлик тугунаклар маҳсулдорлик сифатларининг пасайишига олиб келади.

Туганакларнинг ҳосил бўлиш даврида ҳарорат 19-20 0С тупроқ намлиги ЧДНС нинг 100 % и атрофида бўлса туганаклар ҳосили энг юқори бўлади (Писаев Б. А).

Гуллаш бошланишидан поя ва баргларнинг ўсиши тўхтагунча бўлган даврда картошканинг намликка бўлган талаби энг юқори бўлади. Бу даврда тупроқ оптимал намлиги энг паст чегараси ЧДНС 70 % дан юқориси 100 % даражада ушланади.

Тупроқ намлиги меъёридан ортиқ ҳолда узоқ давом этса, туганаклар кислороднинг етишмаслиги натижасида димиқиши ва чириши мумкин. Тупроқ намлигининг меъёридан ортиқ бўлиши ва кислороднинг етишмаслигининг биринчи белгиси – туганак юзасида ғовак оқ доғлар пайдо бўлишидир. Айниқса, сувни кўллатиш жуда хавфли.

Поя ва барглар сўлиб, туганаклар ўсиши пасайганда картошканинг намликка талаби камаяди. Ўсув даврининг охирида қуруқ ва иссиқ об-ҳаво шароитид,а туганакларда қалин, мустаҳкам пўст ҳосил бўлади, улар ҳосилни йиғиштириш пайтида туганакларни механик жароҳатланишдан сақлайди ва уларнинг қиш даврида яхши сақланишини таъминлайди. Ёмғирли об-ҳаво пишиш даврини узайтиради, ҳосилни йиғиштириш даврида осонгина жароҳатланадиган нозик пўстнинг шаклланишига олиб келади.

Картошканинг транспирация коэффициенти 400-500 ва у ўсиш шароитига боғлиқ ҳолда 230-700 гача ўзгариши мумкин. Ўзбекистон шароитида 25-30 т/га туганак ҳосили олиш учун 2000-12000 т/га сув сарфланади. Иссиқ кунлари бир туп ўсимлик бир суткада 4 л сув буғлатиши мумкин.

Картошка тупроқнинг ҳаво режимига жуда талабчан, айниқса, туганакларнинг ҳосил бўлиш даврида. Ёш туганакларнинг нафас олиш фаоллиги юқори, улар нафас олиш жараёнида ҳар бир грамм қуруқ модда ҳисобида 7-7,6 мг СО2 ажратади. Ўсиш даврининг охири, туганакларни пишишида бу кўрсаткич 8-8,5 баравар камаяди.

Тупроқдаги ҳаво миқдори унинг ғоваклигига боғлиқ. Яхши ишланган, структурали, юқори меъёрларда органик ўғитлар солинган тупроқда, тупроқ ғоваклиги унинг ҳажмининг 65 % ига етади. Аммо тупроқ қуруқ бўлгандагина бу ҳажмни ҳаво эгаллаши мумкин, амалда унинг бир қисми нам билан тўлган бўлади ва тупроқ намлиги қанча юқори бўлса ҳаво учун шунча кам жой қолади. Намлиги меъёридан ортиқ жой ва ботқоқ тупроқларда картошка учун ноқулай ҳаво режими ҳосил бўлади, шунинг учун улар картошка ўстиришга яроқсиз.

Тупроқнинг ҳаво режими унинг зичлигига боғлиқ. Туганак ҳосил бўладиган қатламида тупроқ зичлиги қанча кам бўлса, илдиз тизими кислород билан шунча яхши таъминланади, ҳосил ҳам шунча юқори бўлади. Картошка учун энг қулай тупроқ зичлиги ўртача 0,9-1,2 г/см3. Бундай ҳолда тупроқ ва атмосфера ҳавосининг алмашинуви фаоллашади.

Профессор Писарев Б. А. маълумотларига кўра тупроқ зичлиги ортиши билан ҳосилдорлик пасаяди (20-жадвал).

 

20. Тупроқ зичлиги ва картошка ҳосилдорлиги

 

 

Тупроқ зичлиги

г/см3

Ҳосилдорлик

ц/га

Ҳосилдорлик %
1,1 (назорат)

1,2

1,3

1,4

321,5

320,0

232,0

190,5

100

99

72

60

 

Намлик ортиқча, кучли зичлашган тупроқларда кислород миқдори 2 % камаяди, карбонат ангидрид гази кескин ортади. Газ алмашинуви қониқарсиз бўлганда, илдизлар ёмон ўсади, уларнинг сўриш қобилияти пасаяди. Тупроқ ҳавосида кислород миқдорининг 4 % камайиши, амалда илдизлар ва ёш туганакларнинг нафас олишини тўхтатади ва улар чирий бошлайди. Зич тупроқларда майса ҳосил бўлиши кечикади, туганаклар кеч ҳосил бўлади, ҳосил эртароқ шаклланмайди, бу айниқса, эртаги картошка учун йўл қўйиб бўлмайдиган ҳол. Мўл ҳосилни фақат тупроқни бутун ўсув даврида ғовак ҳолда сақлагандагина олиш мумкин.

Ёруғлик. Картошка ёруғсевар ўсимлик. Ёруғлик етишмаса у кам ва сифатсиз туганаклар ҳосил қилади. Кучсиз сояланган жойларда поялар чўзилади, поя ва барглар кучсиз сарғайиб бошлайди, туганакларнинг ҳосил бўлиши кечикади. Кучли сояланганда поялар нозик, мўрт, узун бўлади, тупроқда туганаклар ўрнида учи йўғонлашган узун оқ столонлар ҳосил бўлади.

Туганаклар кўкартирилаётганда яхши ёритилганлик калта, йўғон, яшил ёки қўнғир яшил ўсимталарни ҳосил қилади. Аксинча, ёруғлик бўлмаса ёки етишмаса ўсимталар оқ, узун, уруғларни саралаш ва ташишда осон синадиган бўлади.

Ўзбекистон шароитида қуёш ёруғлиги кўп бўлиши ва иссиқ ҳарорат ўсимлик ривожланишини секинлаштиради, ҳосилдорликни камайтиради ҳамда туганакларнинг уруғлик сифатини ёмонлаштиради. Бундай ҳолатда дарахтларнинг табиий сояси картошка ҳосилдорлигига ижобий таъсир кўрсатади. Тошкент аграр университети маълумотларида эртапишар Седов нави ҳосилдорлиги очиқ пайкалда 16,77 т/га, кучсиз сояланганда 19,05 т/га ни ташкил этган. Туганаклар ҳосили сояланмаган майдонда 12,3 т/га, сояланганда 16,84 т/га бўлган.

Ҳаво иссиқ бўлганда қисқа кунда картошка тез пишади унинг қисқа кунга таъсирчанлиги турли навларда турлича. Ҳарорат 10-15 0С бўлганда ўсимлик узун кун шароитида тезроқ етилади.

Агротехник усуллардан экиш усули ва меъёри баргларнинг ёруғлик билан таъминланишини бошқаришда аҳамияти катта. Барглар юзасининг катталиги, уларнинг жойлашиши, ёруғлик энергиясини ютиши ҳам ёруғлик билан таъминланишида муҳим кўрсаткичлар ҳисобланади. Картошка қаторлари жанубдан шимолга қараб жойлаштирилса ҳосилдорлик 1,6-2 т/га, туганакларнинг крахмаллиги 1-2 %, қаторлар ғарбдан шарққа қараб жойлаштирилгандагига нисбатан ортади. Қатор оралари 90 см қилиб экиш 70 см га нисбатан ўсимликларнинг ёруғлик билан таъминланишини яхшилайди.

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!