Ким гулзор, ким ажриқзор этибди…

Сирдарё вилояти

Мирзаобод тумани Янгийўл маҳалласида бир йилда икки-уч мартадан ҳосил етиштириб, оила даромадини мустаҳкамлаётган, бозор расталарини тўкин этаётган омилкор томорқа эгалари кўплаб топилади.

Хусусан, шу маҳаллада яшовчи Қобил Ҳиндибоев томорқасидаги 100 туп анор кўчатининг орасига саримсоқпиёз, картошка, помидор, укроп, ва кашнич экиб, мўмайгина фойда олаётир. Анорнинг ўзидан келаётган даромад эса йилига 15-20 миллион сўмдан ошади. Қобил ака етиштираётган анорнинг асосий қисми агрофирмалар орқали экспорт қилинмоқда. Бир рўзғор учун зарур бўлган барча маҳсулот ўз томорқасидан чиқаётир. Бирор нарса сотиб олиш учун бозор ораламайди. Ҳатто, сут, қатиқ, гўшт ҳам оилавий меҳнат маҳсулидир. Томорқа имкониятларидан тўғри ва оқилона фойдаланаётган миришкор деҳқон – Қобил Ҳиндибоев ҳалол меҳнати туфайли элда эътибор топди.
Шу маҳаллада яшовчи Равшан Тойловнинг томорқасида гуркираб турган боғ эса ўтган-кетганнинг кўзини қувнатади. Равшан ака мўъжазгина боғида олма, ўрик, шафтолидан тортиб, беҳи, узумгача етиштиради. Фарзандлари йил бўйи инсон организми учун зарур бўлган элементларга бой барча мева-чевалардан баҳраманд. Кўчат ораларига экилган помидор, картошка, сабзи, пиёздан олинаётган мўл ҳосил ҳам рўзғори баракасининг яна бир омили.
Афсуски, Наврўз маҳалласи Зомин кўчаси 7-уйда истиқомат қилувчи Янгибой Эсонбоевни томорқасидан барака топаётганлар сафига қўшиб бўлмайди.
Янгибой аканинг қарийб 25 сотих томорқаси ажриқзорга айланган. У кишига ер умрини бекор ўтказаётганлигини эслатганимизда ерни ҳайдатиш учун маблағи етишмаётганлигини рўкач қилди. Янгибой Эсонбоевнинг жавобидан сўнг бизда шундай савол туғилди: Наҳотки, 5-6 хонали данғиллама уй қуришга маблағи бор одам, томорқасини шудгорлашга пул топа олмаётган бўлса? Янги қурилган уйининг орқа томонидаги экин майдони қаровсиз ётганининг изоҳини сўрашга жазм этмадик.
Ер умрини беҳуда ўтказаётган бундай кишилар маҳаллада анчагина. Зомин кўчаси 5-уйда яшовчи Илҳом Холиқовнинг томорқасида фақат қорамол боғлоғлик турибди. Ер умри эса бекор ўтяпти.
Бундай томорқа эгаларининг ҳафсаласизлиги, масъулиятсизлигини ҳеч нарса, ҳеч қандай баҳона билан оқлаб бўлмайди. Маҳалланинг ўртасидаги ариқда сув шариллаб оқиб ётибди-ю, томорқа эгалари бу имкониятдан ҳам фойдаланишмаётир. Ахир, масъулиятсизликнинг ҳам чегараси бор.

Бозорбой БЕКМУРОДОВ,
“Qishloq hayoti” газетаси мухбири.

qishloqhayoti.uz