Қизилтепа туманидаги “Кубаро Диёр” кўп тармоқли фермер хўжалиги 2006 йилда ташкил этилган. Ўтган давр мобайнида фермер хўжалиги шартномавий режаларни ортиғи билан бажариб келади.
Айни пайтда хўжалик миришкорлари 39,2 гектар уруғлик ғалла, 28 гектар пахта, 4,2 гектар боғ, 0,3 гектар узумзорда меҳнат қилмоқда. Шунингдек, 2 гектар балиқхонадан 20 тоннадан зиёд маҳсулот етиштирилгани, 550 гектардан зиёд яйловда 451 бош қорамол, 2000 бошдан зиёд қўй-эчки боқилаётганлиги хўжалик иқтисодий имкониятларини янада кенгайтирмоқда.
— Фермерлик аслида тадбиркорлик эканлигини энди тушуниб етаяпмиз, — дейди хўжалик раҳбари Хуршид Раҳмонов. — Пахта, ғалла бўйича шартномавий режаларни ортиғи билан бажарсак ҳам даромад ололмаган пайтларимиз бўлди. Чунки, режани орқасидан қувиб сарф-харажатни ўйламасдик. Бунинг оқибатида эса иқтисодий зарар келиб чиқарди. Ҳозир қилган меҳнатга яраша даромад оладиган давр келди. Соҳада инновацион ғоялар асосида харажатни камайтириб, юқори ҳосил олиш устида мунтазам изланишлар олиб бораяпмиз. Ўтган йили 500 миллион сўмдан зиёд даромад қилганимиз саъй-ҳаракатларимиз бесамар кетмаганидан дарак беради. Албатта, бу маблағни хўжалигимиз моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, ишчи-ходимларнинг манфаатдорлигини оширишга сарфлаймиз. Айтганча, туманимизда пахта етиштиришнинг кластер усули жорий этилганлиги ҳам бу йил даромадимизга даромад қўшди. Ўтган йили пахтани 1 килограмм пахтани 1500 сўмдан сотган бўлсак, бу йил туманимизда янги усулда меҳнат қилиб, 2200 сўмдан сотдик. 2017 йилда етиштирилган 150 тонна ҳосилнинг ўзидан олган даромадимиз 100 миллион сўмдан зиёд бўлди. Ушбу қўшимча маблағ ҳисобига жорий йилда экинлар ҳосилдорлигини янада оширамиз, қўшимча иш ўринлари яратамиз.
Кластер — бу экин экишдан тортиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи ўз ичига оладиган тизим эканлигини инобатга олсак, уни қишлоқ хўжалигининг барча соҳаларида қўллаш мумкин. Бир сўз билан айтганда, Президентимиз томонидан жорий этилаётган кластер усули фермерликнинг келажаги эканлигини мана бизнинг мисолимизда кўриш мумкин.
Бахтиёр ТОШНАЗАРОВ,